БУДДИЗМНИНГ ФУНДАМЕНТАЛ ҒОЯЛАРИ


Инсон онги, азобнинг табиати ва руҳий озодлик ҳақидаги умумий таълимот

Буддавийлик инсон онгидаги ҳақиқатни кузатиш ва унинг эзгу табиатини очишга қаратилган илк руҳий назариялардан биридир. У диний маросимларга эмас, балки инсоннинг ички ҳолатларига, нафс ва қалб ҳаракатларига таянади. Турли мактаблар мавжуд бўлса ҳам, буддавийликни бирлаштириб турадиган умумий пойдеворлар барча анъаналарда ўзгармас қолади.

Буддавийлик шундай таълимотки, у инсонга ҳаётнинг ҳақиқати нимадан иборат эканини кўрсатади. Инсон азобининг сабаби ташқи дунё ёки аллакимлар эмас, балки ўз онгидаги чалкашликлар, жаҳолат ва ҳирслардир. Руҳий озодлик эса онгдаги салбий ҳис-туйғу ва галаёнлардан қутилиш орқали вужудга келади.

Борлиқ, Олам, Дунёнинг ўткинчлиги

Буддавийликнинг биринчи устуни шуки, борлиқдаги ҳар бир нарса домий ўзгариш ҳолатидадир. Инсон жисми, ҳис-туйғулари, фикрлари, хаёли, орзулари, ҳатто ўз образи ҳам вақт ичида ўзгариб боради. Ҳеч нарса абадий қолмайди. Шу ҳақиқатни англаш инсонни дунёни муваққат макон сифатида қабул қилишга ўргатади.

Азобнинг илдизи

Азоб ташқи воқеалар натижасида  эмас, инсоннинг дунёвий ҳавас ва ҳирсларга берилганида, нафснинг моддий лаззатларга қул бўлиб қолганида пайдо бўлади. Инсон ўткинч нарсаларни абадий санаб, улар йўқолганда изтиробга тушади. Дунёвий неъматларга ҳаддан зиёд меҳр қўйиш, уларни ҳаётнинг марказига айлантириш қалбни ўз манбаидан узоқлаштиради. Азоб дегани айнан шу ҳақдан узилиб зулматга юзланишдан пайдо бӯлган оғриқдир.

Доимий "мен"нинг йўқлиги

Инсон доимий, ўзгармас “мен”га эга эмас. Инсоннинг ўзини ўзи деб билган нарса ҳислар, фикрлар, хотира ва ундаги одатлар оқимидан иборат. Бу оқим доимий ҳаракатда бўлгани учун унинг ички ўзагини топиш мумкин эмас. Инсон мен деган образга қаттиқ ёпишгани сари унда қўрқув ва хавотир кучаяди.


Борлиқда ҳар бир сабабнинг натижаси ва ҳар бир натижанинг сабаби бор. Ҳеч бир ҳолат ўзидан-ўзи мавжуд эмас. Инсоннинг хулқи, руҳий ҳолати, кайфияти ва шодлик-изтироби ҳам ўзидан аввалги омиллар таъсирида шаклланади. Бу қараш инсонга ўзини ҳам, бошқаларни ҳам тўғри тушунишга имкон беради.


Қутулиш имконияти


Буддавийлик инсонга азобдан қутулиш йўлини кўрсатади. Бу йўл дунёдан қочиш ёки ўзини йўқ қилиш эмас. Бу нафсдаги заифликлар ва офатларни таниш ва уларнинг таъсиридан озод бўлишдир. Қутулиш инсонни ички зиддиятлардан, ҳирслардан, дунёвий истакларнинг қуллигидан халос қилади.

Ахлоқий покланиш

Руҳий йўл ахлоқий покланишдан бошланади. Инсоннинг сўзи, нияти ва амали пок бўлмаса, унинг қалбида хотиржамлик пайдо бўлмайди. Бошқаларга зарар етказмаслик, ростгўйлик, инсоф ва пок ният инсон онгини салбий энергиядан тозалайди. Ахлоқий барқарорлик - руҳий инкишофнинг илк поғонасидир.

Онг фаолиятини кузатиш ва тафаккур

Руҳий ўзгариш инсоннинг ўз онгидаги жараёнларни кузатишдан бошланади. Инсон ўйлаётган фикри, келаётган ҳисси, реакцияси ва хоҳиши қандай пайдо бўлаётганини ҳодиса сифатида кўра бошласа, ўзининг тўғри манзарасини англайди. Чуқур тафаккур инсонни сунъий образлардан қутқариб, ҳақиқий манбага яқинлаштиради. Ҳар бир сўз, ҳар бир ният, ҳар бир ҳаракат қалбнинг қай даражада уйғонишга яқинлигини кўрсатади.

Нирвана

Нирвана йўқолиш, ғоиб бӯлиш эмас, балки инсон нафсининг мутмаинна мақомига эришишидир. Нирвана ҳолатида инсон ўзининг сунъий менидан, моддиятга қарамликдан ва нафснинг қуллигидан озод бўлади. Унинг онги табиий сокинликка, равшанликка ва ҳақиқатни тўғридан-тўғри кўра олиш ҳолатига қайтади. Яъни аммора, лаввома ва мулҳима даражаларидан ӯтган нафс ҳузур ва ҳаловатга қовушади.

t.me/s/Mahdiyansorlari

ИМОМ МАҲДИЙ Таълимотлари - YouTube


Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ