АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУҲИТ ИСМИ ВА МАЪНОСИ



АЛ-МУҲИТ — ҲАММА НАРСАНИ ҚАМРАБ ОЛУВЧИ, ИҲОТА ЭТУВЧИ ЗОТ

Аллоҳ Ўзини Ал-Муҳит — ҳамма нарсани қамраб олувчи, барча мавжудотни иҳота этувчи — деб Қуръонда етти марта зикр қилади. Ал-Муҳит бутун яратилишни қамраб олган Зотдир. Унинг илми, қудрати, раҳмати ва ҳукмронлиги барча нарсани ўз ичига олади. Барча махлуқот Унинг назорати остидадир. Унинг қамраб олувчи сифатлари ва Зотидан ҳеч ким яширина олмайди ва ҳеч ким қочиб қутула олмайди.

Ҳамма нарсани қамраб олувчи, ўраб турувчи 

Муҳит сўзи араб тилидаги ҳа–вов–то (ح و ط) илдизидан келиб чиққан бўлиб, у учта асосий маънони англатади.
Биринчи маъно — атрофдан ўраб олиш ва иҳота қилиш.
Иккинчи маъно — кириб бориш, сингиш ва англаш билан қамраб олиш.
Учинчи маъно — бутунлай ўз ичига олиш ва қоплаш.

Бу илдиз Қуръонда 28 марта, уч хил сарфий шаклда келган. Масалан:
аҳота — “қамраб олди, ўраб олди”,
муҳитун — “қамраб олувчи”,
ламуҳитотун — “албатта қамраб олади”.

Луғавий жиҳатдан муҳит ва васиъ маънода яқин бўлиб, иккаласи ҳам кенглик, қамров ва идрок маъноларини ўз ичига олади. Ал-Муҳит ва Ал-Восиъ сифатлари шуни англатадики: Аллоҳдан ташқари ҳеч нарса йўқ, Ундан ҳеч нарса яширин эмас, Унинг илми ва қудрати барча нарсани қамраб олган.

Аллоҳ айтади:
«Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ишларини тўлиқ қамраб олгувчидир» (Оли Имрон, 3:120).
«Аллоҳ эса улар қилаётган барча ишларни қамраб олгувчидир» (Нисо, 4:108).
«Осмонлардаги ва ердаги барча нарса Аллоҳникидир. Аллоҳ эса ҳар бир нарсани тўлиқ қамраб олгувчидир» (Нисо, 4:126).

ДЎЗАХ ОЛОВИНИНГ ҚАМРАБ ОЛИШИ

Қуръонда кўп ҳолларда ушбу илдиз Аллоҳнинг қамраб олувчи илми ҳақида ишлатилади. Яъни Аллоҳ кўринган ва кўринмаган барча нарсани чексиз илми билан иҳота қилади, махлуқот эса фақат Аллоҳ рухсат берган доирадагина қамраб олади.

Шу билан бирга, Аллоҳ ушбу илдизни Ўз яратган махлуқларидан бири — дўзах олови ҳақида ҳам ишлатади. Аллоҳ айтади:
«Улар азобни шоштириб сўрайдилар. Албатта, дўзах кофирларни қамраб олгувчидир» (Анкабут, 29:54).

Яна айтади:
«… Улар фитнага тушиб бўлганлар. Албатта, дўзах кофирларни қамраб олгувчидир» (Тавба, 9:49).

Бу сўз танлови дўзахнинг нақадар даҳшатли эканини кўрсатади: у ўз аҳлини ҳар томондан тўлиқ ўраб олади, ҳеч қандай чиқиш йўли қолдирмайди. Шу маъно қуйидаги оятда ҳам очиқ келган:
«… Биз золимлар учун деворлари уларни ўраб оладиган олов тайёрлаб қўйганмиз…» (Каҳф, 18:29).

Аллоҳ Ал-Муҳит бизларни бундай тақдирдан сақласин.

БУ ИСМ БИЛАН ҚАНДАЙ ЯШАЙМИЗ?

1. Ал-Муҳит билан ҳам таскин топ, ҳам огоҳ бўл

Аллоҳ барча мавжудотни назорат қилади. Агар кимдир сенга зулм қилса, бу ҳам Ал-Муҳитнинг илми доирасидадир ва У бунга адолат билан ҳукм қилади. Шу билан бирга, ҳеч бир иш Ундан яширин эмаслигини унутма. Бу ҳақиқат қалбни, хулқни ва молни поклашга ундасин.

2. Илминг чекланган эканини англа

Бугун илм осон топилаётгандек туюлади. Лекин инсоннинг ҳақиқий билими жуда чекланган. Қуръонда Аллоҳ кўп бор Ўзининг тўлиқ қамраб олувчи илмини, инсоннинг эса Унга боғлиқ эканини эслатади. Оятул Курсида шундай дейилади:
«… Улар Унинг илмида фақат У хоҳлаган нарсагина қамраб оладилар» (Бақара, 2:255).
Бу оят кибрдан қутулиш ва тўлиқ таслим бўлишга чақириқдир.

3. Гуноҳларинг сени қамраб олмасин

Инсон гуноҳ қилади. Агар инсон гуноҳ қилмаса ва Аллоҳдан кечирим сўрамаса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирар эди, улар гуноҳ қилиб, кейин истиғфор айтар эдилар. Лекин сен гуноҳларинг сени тўлиқ ўраб олишига йўл қўйма. Аллоҳ айтади:
«Ким ёмонлик орттириб, гуноҳи уни тўлиқ қамраб олса, ана ўшалар дўзах аҳлидир» (Бақара, 2:81).

Ёмон амалдан кейин дарҳол яхши амал қилиш катта ҳикматдир. Масалан, ғийбат қилган бўлсанг, истиғфор айт ва ўша инсон учун дуо қил.

4. Келажак ҳақида ҳаддан ортиқ хавотирланма

Инсон хавотирларининг кўпи келажак ҳақида бўлади, ҳолбуки уларнинг аксари умуман содир бўлмайди. Аллоҳ айтади:
«Аллоҳ уларнинг олдиларидаги ва ортидаги нарсаларни билур, улар эса Унинг илмида ҳеч нарсани қамраб ололмайдилар» (Тоҳо, 20:110).

Номаълум нарсадан хавотир олма. Ал-Муҳит сенга ҳаётда тўғри яшаш учун керак бўлган билимни очиб берган.

Эй Аллоҳ, эй Ал-Муҳит!

Сен барча нарсани қамраб олгувчисан. Бизларни шундай яшатгинки, ҳар бир яхши ёмон амалимиз Сенинг илмиңгда эканини ҳис қилайлик. Гуноҳларимиз бизни қамраб олмасин, бизларни раҳматинг билан ўраб ол. Бизларни дўзах олови ўраб олишидан асра. Омин.

Comments