АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУҲСИЙ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُحْصِي

Аллоҳ Ўзини Ал-Муҳсий — ҳар бир нарсани аниқ саноқ билан сановчи Зот сифатида танитади. Ал-Муҳсий исмида асосий маъно “адад”, яъни сон ва санашдир. Бу санаш ҳар бир нарсанинг алоҳида ҳисобга тушиши демакдир. Борлиқдаги нарсалар Аллоҳ наздида умумий “кўп” ёки “кам” тушунчалари билан эмас, балки аниқ сон билан мавжуддир. Шу жиҳатдан Ал-Муҳсий исми илоҳий илмда сон ва саноқнинг муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Қуръонда Аллоҳ таоло шундай баён қилади: «وَأَحْصَىٰ كُلَّ شَيْءٍ عَدَدًا» — «У ҳар бир нарсанининг ададини ҳисоблаб қўйгандир» (Жин, 72:28). Бу оятдаги “عَدَدًا” - "адад" калимаси Ал-Муҳсий исмининг моҳиятини очади: ҳар бир нарса Аллоҳ наздида саноққа тушадиган аниқликда маълумдир.

Ал-Муҳсий сўзи ح-ص-ي (ҳа–сод–йо) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “санаш”, “саноқни тўлиқ қилиш” маъноларини қамраб олади. Бу илдизда сонга айлантириш, миқдорни аниқлаш маъноси устун туради. Шунинг учун Ал-Муҳсий исми борлиқдаги муайянликни, нарсаларнинг саноққа тушадиган ҳолатини ифода қилади.

Ал-Муҳсий исмининг борлиқдаги аксини инсон атрофидаги ҳаётда кўради. Кунлар саноқли, ойлар саноқли, йиллар саноқли. Табиатдаги такрорланишлар, вақтнинг ўтиши, ҳаракатларнинг кетма-кетлиги ҳам саноқ орқали англанади. Шу маънода коинотнинг тили математика, янада соддароқ тилда айтилса, рақамлардир. Инсон илм орқали англайдиган кўпгина қонуниятлар ҳам рақамлар билан ифода этилади.

Ал-Муҳсий исмини англаш инсонни ҳаётга диққат билан қарашга ундайди. Вақт чексиз нарса деган қараш йўқолади. Инсон кунлар саноқли экани тиниқроқ ҳис қилади, соатларни, кун ва йилларни ҳаёти дунёнинг беҳуда ишларига сарфлашни камайтиради. Имкониятлар ҳам саноқли эканини англаб етади ва бугун қилиниши мумкин бўлган ишни эртага қолдирмайди. Шу билан инсон режа билан яшашни ўрганади, чунки саноқ ҳисси ҳаётга жиддийлик ва аниқлик олиб киради.

Ал-Муҳсий исми билан яшаш устувор ва муҳимроқ бўлган нарсаларга эътиборни кучайтиради. Кун ичидаги ишлар кўпайиб кетганда, инсон ҳаммасини бир хил аҳамиятда кўриб, кучини бўлиб юборади; саноқ ҳисси эса “нима биринчи, нима иккинчи даражали” деган тартибни пайдо қилади. Сўзлар саноқли экани сезилганда, ортиқча гап камаяди, каломлар эса вазнлироқ бўлади. Ҳаракатлар саноқли экани сезилганда, ҳар бир қадамга масъулият кириб келади: беҳуда юриш, беҳуда чалғиш, беҳуда кечиктириш камаяди. Шу тарзда ҳаёт пала-партишлик, шошма-шошарлик  эмас, меъёр ва мақсадга йўналган ҳаракатга айланади.

Эй Ал-Муҳсий, Сен ҳар бир зарранинг ҳақиқий ададини билгувчи ва коинотни рақамлар устига бунёд этувчи Зотсан. Умримизнинг саноқли кунларини беҳуда ўтказмасликни насиб эт, вақтимизни меъёр билан яшашга ўргат. Бизларга берган саноқли имкониятларингни қадрлаб, ҳаётни тартиб билан олиб борадиган бандаларингдан қил. Гуноҳларимизни кечир. Савобларимизни юзларча даража кўтар ва бизларни оҳиратда тарозиси оғир босадиганлардан айла.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ