Posts

Showing posts from 2025

Ҳақиқат мантиқ орқали эмас, Ақл билан идрок этилади

Инсон азалдан ҳақиқатни қидиради. У савол беради, излайди, ўқийди, таққослайди ва ниҳоят ўзича хулоса чиқаради. Аммо ҳақиқатни излаш билан уни ҳақиқий маънода идрок этиш ўртасида фарқ бор. Кўпчилик эшитади, камчилик англайди; кўпчилик эргашади, озчилик эса ҳақиқатнинг оғир юкини кўтара олади. Шу боис илоҳий таълимотлар ҳеч қачон оммавий идрок даражасида қабул қилинмаган, улар доимо синов, инкор ва ёлғизлик билан юзма-юз келган. Мисол учун Исо алайҳиссалом каби пайғамбарларнинг таълимотларини ҳақиқий маънода идрок этганлар деярли бўлмаган, ҳатто унинг ўн икки ҳаворийси ҳам уларга берилган илоҳий илмларни тўлиқ англай олмаганалар. У зотга энг яқин бўлган талабаларидан бири, авлиё Шимъон Петр эса Исо алайҳиссаломни чормиҳга тортилишидан олдин уч марта инкор этади. Нуҳ алайҳиссаломга  бармоқ билан санарли инсонларгина эргашган. Бу қонуният бугун ҳам ўзгармаган. Бугун ер юзида миллиардлаб инсонлар турли динларга мансуб бўлиб, ўзларини иймон аҳли деб биладилар. Аммо уларнинг аксарияти ...

Зикр ва Тасбиҳ ҳақида. Зикр Тасбиҳга қандай айланади?

« Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбиҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбиҳини англамайсизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират Зотдир ». Мазкур Исро сураси 44 оятининг маъноси борлиқда икки шаклда намоён бўлади: мавжудотнинг тасбиҳи ва инсоннинг бардавом зикри (тасбиҳ) Мавжудотнинг тасбиҳи — борлиқнинг Аллоҳни поклаб ёд этиши, яъни Унинг амри доирасида белгилаб қўйилган йўналишда, орбитада ҳаракат этишини билдиради. Зарралар орасидаги тортишиш, атомларнинг айланиши, коинотнинг мезон билан ӯлчовли ҳаракат қилиши — буларнинг барчаси тасбиҳдир, чунки борлиқ ўз тартибини ўзгартирмайди. Осмон жисмларининг ҳам айланиши, орбиталарнинг барқарорлиги, галактикалардаги ҳаракат шакллари шундай тасбиҳдир.  Зикр — иродали амал. Инсон Аллоҳни тилида ёки ҳаёлида ёд этади, унинг исмини, каломини айтади, кўнгил ва тил бир ҳолатга келади. Бу — ихтиёр билан амалга ошади. Зикр давомийлик касб этса, яъни юришда, туришда, ўтиришда, ётишда, ...

Аллоҳнинг 176 исми, сифатлари ва маънолари

  1. Аллоҳ — Барча мавжудотнинг ягона Илоҳи, зотида ҳам, сифатларида ҳам мутлақ ягона бўлган, ибодат фақат Унгагина муносиб Зот. 2. Ар-Раҳмон — Раҳмати барча махлуқотни қамраб олган, бу раҳмат мўмин-кофирга қарамасдан дунёда зоҳир бўладиган Зот. 3. Ар-Раҳим — Охиратда мўминларга махсус ва доимий раҳмат қилувчи, марҳаматини узлуксиз намоён этувчи Зот. 4. Ар-Рабб — Яратган, парвариш қилган, тарбиялаган, барча нарсани тадриж билан камолга етказувчи Ҳақиқий Эга. 5. Ал-Малик — Ҳақиқий подшоҳлик фақат Унга тегишли бўлиб, мулкда ҳеч ким У билан шерик эмас. 6. Ал-Муҳит — Илми, қудрати ва ҳукми билан ҳар бир нарсани тўлиқ қамраб олган Зот. 7. Ал-Қодир — Ҳеч қандай тўсиқсиз ҳар бир нарсага қодир бўлган, қудрати мутлақ Зот. 8. Ал-Алим — Ўтмиш, ҳозир ва келажакдаги барча нарсани, очиқ ва махфийни билувчи Зот. 9. Ал-Ҳаким — Ҳар бир ишни ҳикмат билан, жойи ва вақтига мос равишда қилувчи Зот. 10. Ат-Таввоб — Қулларининг тавбасини қайта-қайта қабул қилувчи, қайтиш эшигини ёпмайдиган Зот. 11. Ал-Бо...

Аллоҳ таолонинг 176 исми, сифатлари

Image
 

Асма ул-Ҳусна: Аллоҳ таолонинг 176 исми, сифати ва маънолари

  1. Аллоҳ — Барча мавжудотнинг ягона Илоҳи, зотида ҳам, сифатларида ҳам мутлақ ягона бўлган, ибодат фақат Унгагина муносиб Зот. 2. Ар-Раҳмон — Раҳмати барча махлуқотни қамраб олган, бу раҳмат мўмин-кофирга қарамасдан дунёда зоҳир бўладиган Зот. 3. Ар-Раҳим — Охиратда мўминларга махсус ва доимий раҳмат қилувчи, марҳаматини узлуксиз намоён этувчи Зот. 4. Ар-Рабб — Яратган, парвариш қилган, тарбиялаган, барча нарсани тадриж билан камолга етказувчи Ҳақиқий Эга. 5. Ал-Малик — Ҳақиқий подшоҳлик фақат Унга тегишли бўлиб, мулкда ҳеч ким У билан шерик эмас. 6. Ал-Муҳит — Илми, қудрати ва ҳукми билан ҳар бир нарсани тўлиқ қамраб олган Зот. 7. Ал-Қодир — Ҳеч қандай тўсиқсиз ҳар бир нарсага қодир бўлган, қудрати мутлақ Зот. 8. Ал-Алим — Ўтмиш, ҳозир ва келажакдаги барча нарсани, очиқ ва махфийни билувчи Зот. 9. Ал-Ҳаким — Ҳар бир ишни ҳикмат билан, жойи ва вақтига мос равишда қилувчи Зот. 10. Ат-Таввоб — Қулларининг тавбасини қайта-қайта қабул қилувчи, қайтиш эшигини ёпмайдиган Зот. 11. Ал-Бо...

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ

  Тавҳид — Аллоҳни ягона Зот сифатида тан олиш, Унинг ҳукмини ягона ҳукм деб қабул қилиш ва У белгилаган йўлга тўлиқ таслим бўлишдир. Кимки Аллоҳни ягона деб атаб, аммо Унинг амрига бўйсунмаса, у тавҳид аҳлидан эмас. Чунки Аллоҳ зотда ҳам, ҳукмда ҳам, ҳидоятда ҳам ягонадир. Аллоҳ таоло Ал-Воҳид дир. Ал-Воҳид — зотда, илоҳликда, ҳукмда ва ҳидоятда мутлақ ягона бўлган Аллоҳдир; Унга шерик, тенг ёки муқобил йўқ. Аллоҳ Ўзини Ал-Валий деб танитди. У мўминларнинг валийсидир. У қулларини ташлаб қўймайди, ҳидоятсиз қолдирмайди, золимларга топширмайди. Аллоҳ валийликни Ўзи белгилаган йўл орқали намоён қилади. Кимки Аллоҳ белгилаган валийлик тизимини рад этса, у Аллоҳнинг яқинлигини рад этган бўлади. Шунингдек, Аллоҳ Ал-Волий дир — ҳукм юритувчи, бошқарувчи, амр қилувчи Зотдир. Унинг ҳукмига шерик йўқ. Унинг амрига мухолифлик қилиш — Аллоҳга мухолифлик қилишдир. Кимки Аллоҳга имон келтирдим деса, аммо Унинг ҳукмини қабул қилмаса, у имонида ростгўй эмас. Чунки имоннинг мавжудлиги итоат б...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ҚОҲИР ИСМИ ВА МАЪНОСИ

الْقَاهِر Аллоҳ Ўзини Ал-Қоҳир — мутлақ устун, ҳар бир мавжудот устидан қаҳр ва ҳукм билан ғолиб бўлган Зот сифатида зикр қилади. Ал-Қоҳир исми борлиқда ҳеч бир қувват, ирода ёки куч Аллоҳдан мустақил эмаслигини, барча мавжудот Унинг ҳукмронлиги остида эканини англатади. Бу устунлик зулм ёки бесабаб зўравонлик эмас, балки илоҳий адолат ва ҳикмат билан амалга ошадиган мутлақ ҳукмронликдир. Ал-Қоҳир исми инсон тасаввуридаги “қаҳр” тушунчасига аниқлик киритади. Инсонлар қаҳр-ғазабни жисмоний зўрлик, босим ёки устунлик орқали намоён қилади. Аллоҳнинг қаҳри эса зотий ва мутлақ бўлиб, ҳеч қандай куч унга тўсиқ бўла олмайди.  Ал-Қоҳир исми Ал-Қаҳҳор исми билан яқин бўлса-да, улар маъно жиҳатдан бир хил эмас. Ал-Қаҳҳор қаҳрнинг такрорий, шиддатли ва доимий намоён бўлишини англатса, Ал-Қоҳир мутлақ устун қудрат соҳибининг қаҳру-ғазабини ифодалайди. Яъни Аллоҳ ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай мавжудот устидан мутлақ ғолибдир; Ал-Қаҳҳор бу ғолибликнинг қаҳр жиҳатидан зоҳир бўлишидир. Ал-Қ...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ВОЛИЙ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

  الْوَالِي Аллоҳ Ўзини Ал-Волий — мутлақ бошқарувчи, ҳукм юритувчи, ҳодисаларнинг йўналишини ва ишларни ҳикмат билан идора қилувчи Зот сифатида зикр қилади. Ал-Волий исми борлиқдаги тартиб ва воқеалар занжири тасодиф эмаслигини, балки Аллоҳнинг иродаси ва ҳикмати билан бошқарилаётганини англатади. Ҳеч бир иш Унинг изнисиз рўй бермайди ва ҳеч бир ҳолат Унинг назоратидан ташқари чиқмайди. Ал-Волий исми инсон тасаввуридаги ҳокимият тушинчасига аниқлик киритади. Инсонларнинг ҳокимият чекланган, вақтинчалик ва нуқсонга мойил. Аллоҳнинг ҳукмронлиги эса мутлақ, барқарор ва адолатлидир. Шу сабабли Ал-Волий исми инсонга, унинг қудратига ҳаддан ташқари боғланиб қолишдан сақлайди ва ҳақиқий бошқарув фақат Аллоҳга хос эканини қалбга жойлайди. Ал-Волий исми Ал-Малик,   Ал-Ҳакам  ва  Ал-Валий  исмлари билан маъно жиҳатдан боғлиқ. Ал-Малик мулк ва подшоҳликни ифода қилади, Ал-Ҳакам адолат билан ҳукм чиқаришни билдиради.  Ал-Валий  Аллоҳнинг ҳокимияти ва ҳук...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МОЖИД ИСМИ ВА МАЪНОСИ

الْمَاجِد Аллоҳ Ўзини Ал-Можид — зотида улуғлик ва каромат мужассам бўлган, шараф ва қадр-қийматда чексиз Зот сифатида зикр қилади. Ал-Можид исми Аллоҳнинг улуғлиги ташқи тасдиққа, эътирофга ёки бошқа омилларга боғлиқ эмаслигини англатади. Улуғлик Аллоҳнинг зотий сифати бўлиб, Унинг шарафи ҳеч қачон ортмайди ҳам, камаймайди ҳам. Ал-Можид исми инсон тасаввуридаги шараф тушунчасига аниқлик киритади. Чунки инсонларда шараф кўпинча насаб, мавқе, бойлик ёки ғалаба билан ўлчанади. Аллоҳда эса шараф зотдан келиб чиқади ва ҳеч қандай ташқи сабабга муҳтож эмас. Шу сабабли Ал-Можид исми инсонни сохта шараф ўлчовларидан озод қилади ва ҳақиқий улуғлик фақат Аллоҳга хос эканини англатади. Ал-Можид исми Ал-Карим ва Ал-Вадуд исмлари билан маъновий жиҳатдан боғлиқ. Ал-Карим саховат ва олийжанобликни ифода қилса, Ал-Вадуд муҳаббат ва яқинликни билдиради. Ал-Можид эса буларнинг асосида ётган зотий улуғлик ва кароматни ифодалайди. Яъни Аллоҳнинг каримлиги ҳам, муҳаббати ҳам Унинг улуғ зоти ва шараф...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-БОЪИС ИСМИ ВА МАЪНОСИ

الْبَاعِث Аллоҳ Ўзини Ал-Боъис — қайта тирилтирувчи, қўзғатувчи ва ҳаракатга келтирувчи Зот сифатида зикр қилади. Ал-Боъис исми борлиқдаги ҳаракат, уйғониш ва қайта тикланишнинг манбаи инсон ёки табиат қонунлари эмас, балки Аллоҳнинг иродаси эканини англатади. Ҳар қандай ҳаёт, ҳаракат ва қўзғалиш Аллоҳнинг қудрати билан бошланади ва Унинг амри билан амалга ошади. Ал-Боъис исми айниқса ўликларни қайта тирилтириш маъноси билан боғлиқ бўлиб, охират ҳақиқатига ишора қилади. Инсон учун ўлим якуний тугаш эмас, балки вақтинчалик ҳолатдир. Қиёмат кунида эса Ал-Боъис исми зоҳир бўлиб, барча махлуқот қабрларидан қўзғатилиб, ҳисоб-китоб учун тирилтирилади. Шу жиҳатдан Ал-Боъис исми инсонга дунё ҳаётининг чекланган эканини, ҳақиқий давом этувчи ҳаёт эса Аллоҳнинг қўлида эканини эслатади. Ал-Боъис исми фақат жисмоний тирилтириш билан чекланиб қолмайди. У маънавий уйғонишни ҳам қамраб олади. Аллоҳ инсон қалбини ғафлатдан қўзғатади, ҳақиқатга нисбатан ўлик бўлган қалбни ҳидоят билан тирилтиради. ...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУЪИЗЗ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُعِزّ Аллоҳ Ўзини Ал-Муъизз — иззат берувчи, улуғловчи, шараф ва қадр-қиймат бахш этувчи Зот сифатида зикр қилади. Ал-Муъизз исми ҳақиқий иззат манбаи инсонлар, мол-мулк, лавозим ёки куч-қудрат эмас, балки фақат Аллоҳнинг иродаси эканини англатади. Инсоннинг қадри, улуғлиги ва шарафи ташқи омиллар билан эмас, Аллоҳ томонидан берилган иззат билан белгиланади. Ал-Муъизз исми иззатни ижтимоий мақом ёки инсонлар эътирофи билан адаштирмасликни ўргатади. Чунки инсон одамлар наздида улуғ бўлиб, Аллоҳ наздида хор бўлиши мумкин, ёки одамлар кўзида қадрсиз кўринган ҳолда Аллоҳ наздида олий мақомга эга бўлиши мумкин. Шу сабабли Ал-Муъизз исми инсонни зоҳирий улуғликка эмас, ҳақиқий иззатга чорлайди. Ал-Муъизз исми Ал-Музилл исми билан чамбарчас боғлиқ. Ал-Муъизз иззат берса, Ал-Музилл хор қилади. Бу жуфтлик Аллоҳнинг қудратида иззат ҳам, хорлик ҳам мутлақ адолат ва ҳикмат билан амалга ошишини кўрсатади. Ҳеч ким Аллоҳ берган иззатни мустақил равишда сақлаб қололмайди ва ҳеч ким Аллоҳ хоҳла...

АЛЛОҲНИНГ АД-ДАРР ИСМИ ВА МАЪНОСИ

الضَّارّ Аллоҳ Ўзини Ад-Дарр — зарарни етказувчи Зот сифатида танитади. Бу исм зарарни мустақил куч ёки тасодиф сифатида кўрсатмайди; ҳар қандай мушкулот, йўқотиш ёки зарар илоҳий ҳикмат доирасида намоён бўлишини англатади. Шу боис Ад-Дарр ҳаётдаги қийин ҳолатларни маъносиз деб эмас, балки мақсадли жараён сифатида кўришга чорлайди. Ад-Дарр исми Ан-Нафиъ исми билан жуфт ҳолда тушунилади. Чунки фойда ҳам, зарар ҳам бир манбадан келади ва бир-бирини инкор этмайди. Айрим пайтда зарар деб қабул қилинган ҳолат кейинчалик фойдага айланиши, фойда деб ўйланган нарса эса оқибатда мушкулот келтириши мумкин. Бу жуфтлик ҳаётни фақат ҳозирги таъсир билан эмас, оқибат билан баҳолашни ўргатади. Ад-Дарр сўзи ض-ر-ر (дод–ро–ро) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “зиён етказмоқ”, “оғирлик келтирмоқ” маъноларини қамраб олади. Ад-Дарр инсонлар наздидаги зарарнинг қачон ва қай миқдорда керак эканини Ўз ҳикмати билан белгилайдиган Зот эканини билдиради. Қуръонда бу ҳақиқат очиқ баён қилина...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-БОҚИЙ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

البَاقِي Аллоҳ Ўзини Ал-Боқий — абадий қолувчи, ўзгаришга учрамайдиган Зот сифатида танитади. Бу исм мутлақ барқарорликни ифода қилади, борлиқдаги барча нарсанинг ўткинчи эканини англатади. Вақт ўтиши, ҳолатлар алмашиши ва шаклларнинг йўқолиши ҳаётнинг табиий қонуни бўлса, Ал-Боқий шу ўзгаришлардан мустасно бўлган ягона Ҳақиқатни билдиради. Ал-Боқий исми "фано" тушунчасига қарши қўйилган маъно эмас, балки унинг чегарасини белгилайдиган исмдир. Йўқолиш бор жойда қолувчи мавжуд бўлиши шарт. Шу нуқтада Ал-Боқий ўткинчи нарсаларни мутлақ мақсадга айлантириб қўймасликка чақиради.  Ал-Боқий сўзи ب-ق-ي (ба–қоф–йо) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “қолмоқ”, “давом этмоқ” маъноларини қамраб олади.  Аллоҳга нисбатан Ал-Боқий — бошланиш ва тугашдан мустасно бўлган, абадий давом этувчи Зот эканини билдиради. Қуръонда бу ҳақиқат очиқ баён қилинади: «كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ ۝ وَيَبْقَىٰ وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ» Барча жонзот фонийдир. Улуғлик ва ик...

АЛЛОҲНИНГ АН-НАФИЪ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

النَّافِع Аллоҳ Ўзини Ан-Нафиъ — ҳақиқий фойда етказувчи Зот сифатида танитади. Бу исм фойдани инсон хоҳиши ёки ҳисоб-китобига боғламайди; қайси нарса қачон ва ким учун фойдали бўлишини Аллоҳнинг Ўзи белгилашини англатади. Шунинг учун Ан-Нафиъга нисбатан фойда — тез натижа эмас, балки оқибати хайр бўлган ҳолатдир. Ан-Нафиъ сўзи ن-ف-ع (нун–фа–айн) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “фойда етказмоқ”, “манфаат келтирмоқ” маъноларини қамраб олади. Бу илдизда вақтинчалик ютуқ эмас, барқарор ва таъсирли фойда устун туради. Аллоҳга нисбатан Ан-Нафиъ — кимга, қачон ва қандай фойда керак эканини Ўз ҳикмати билан белгиловчи Зот эканини билдиради. Қуръонда бу ҳақиқат очиқ баён қилинади: «وَإِن يَمْسَسْكَ اللَّهُ بِضُرٍّ فَلَا كَاشِفَ لَهُ إِلَّا هُوَ ۖ وَإِن يُرِدْكَ بِخَيْرٍ فَلَا رَادَّ لِفَضْلِهِ ۚ يُصِيبُ بِهِ مَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ ۚ وَهُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ» — «Агар Аллоҳ сенга бирон зиён етказса, Уни кетказувчи Ундан ўзга йўқ. Агар сенга яхшиликни ирода қилса, Унин...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МАНИЪ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

الْمَانِع Аллоҳ Ўзини Ал-Маниъ — манъ этувчи, зарарли нарсалардан асровчи, ҳикмат билан тўсиқ қўювчи Зот сифатида танитади. Бу исм тўсиқнинг қўйилишини ҳимоя қилиш ва сақлаш сифатида очиб беради. Ал-Маниъда қўйилган ҳар бир тўсиқ тасодиф эмас; у инсонни зарардан асраш учун белгиланган ўлчовдир. Ал-Маниъ исми Ал-Муътий исми билан уйғун ҳолда тушунилади. Чунки бериш ҳам, тўсиш ҳам бир ҳикматга боғланган. Инсон учун хайр деб кўринган нарса ҳар доим берилиши шарт эмас; айрим пайтда айнан бермаслик уни асраш бўлади. Шунингдек, тўсилиб қолган йўл ҳар доим йўқотиш эмас, балки зарардан сақлаш ёки тўғри томонга буриш вазифасини ўтайди. Шу жиҳатдан Ал-Муътийнинг бериши ҳам, Ал-Маниънинг тўсиши ҳам бир-бирига зид эмас, балки ҳаётни мувозанатда ушлаб турувчи ягона ҳикматнинг икки кўринишидир. Ал-Маниъ сўзи م-ن-ع (мим–нун–айн) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “тўсмоқ”, “йўл қўймаслик”, “ҳимоя қилмоқ” маъноларини қамраб олади. Бу илдизда қаттиққўллик эмас, назорат ва асраш устун...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУҒНИ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُغْنِي Аллоҳ Ўзини Ал-Муғни — кимни хоҳласа муҳтожликдан чиқарувчи ва етарли қилувчи Зот сифатида танитади. Бу исм бойликни фақат мол-мулк билан ўлчамайди. Ал-Муғни муҳтожликни ортиқча мол-мулк бириктириш ёки йиғиш орқали эмас, балки нафснинг қаноат қилиши орқали бартараф қилади. Ал-Муғни исми Ал-Ғаний билан боғлиқ бўлса-да, улар айни бир маънони такрорламайди. Ал-Ғаний Аллоҳнинг Ўзи ҳеч нарсага муҳтож эмаслигини билдиради; Ал-Муғни эса бандаларга нисбатан намоён бўладиган ҳолатни — муҳтожликдан чиқаришни англатади. Шу фарқ етарлиликни “кўплик”, "миқдорда зиёдалик" эмас, “нафснинг қаноат қилиши” сифатида тушунишга йўл очади. Ал-Муғни сўзи غ-ن-ي (ғайин–нун–йо) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “етарли бўлмоқ”, “муҳтож бўлмаслик” маъноларини қамраб олади. Бу илдиз ортиқча талабдан тийилишни, эҳтиёжни тартибга солишни билдиради. Аллоҳга нисбатан Ал-Муғни — бандани нотўғри таянч воситаларидан узиб, етарлиликни ҳақиқий манбага боғловчи Зот эканини кўрсатади. Қу...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУҚСИТ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُقْسِط Аллоҳ Ўзини Ал-Муқсит — ҳақни ўз жойига қўювчи, адолатни тўғри ўлчов билан тикловчи Зот сифатида танитади. Бу исм адолатни ҳис-туйғу ёки шахсий мойилликка боғламайди, балки ҳақиқатга мос равишда жойлаштиришни англатади. Шунинг учун Ал-Муқсит адолатнинг амалда тўғри қарор топишини билдиради. Ал-Муқсит исми Ал-Адл билан боғлиқ бўлса-да, улар айни бир маънони ифода этмайди. Ал-Адл мутлақ адолат қонуниятни билдирса, Ал-Муқсит шу қонуниятнинг ҳаётда тикланишини кўрсатади. Яъни бу исм ҳукм беришда, баҳолашда ва тақсимлашда бир тарафга оғиб кетишни бартараф қилади. Ал-Муқсит сўзи араб тилида أَقْسَطَ (ақсата) феълидан келиб чиққан бўлиб, “адолат билан ўлчаш”, “зулмни йўқ қилиш”, “ҳақни тўлиқ бериш” маъноларини қамраб олади. Бу феъл قَسَطَ (қасата) — оғиш, ноҳақлик маъносига қарши қўйилади. Шу жиҳатдан Ал-Муқсит фақат адолатни  эълон қилувчи эмас, балки уни тўғри ҳолатга келтирувчи Зот эканини билдиради. Қуръонда бу маъно очиқ баён қилинади: «إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْس...

АЛЛОҲНИНГ АТ-ТAВВОБ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

التَّوَّاب Аллоҳ Ўзини Ат-Таввоб — бандаси қайтганида уни рад этмайдиган, тавбани кечиктирмасдан қабул қилувчи Зот сифатида танитади. Бу исм тавбани бир марта айтилган сўз эмас, балки инсон ҳаётида такрорланиб турадиган қайтиш сифатида тушунтиради. Ат-Таввоб йўлдан оғишдан кейин тўғри томонга бурилиш имкони ҳар доим борлигини эслатади. Ат-Таввоб исми Ал-Ғафур ва Ал-Ғаффор билан яқин бўлса-да, улар билан айнан бир маънони англатмайди. Ал-Ғафур ва Ал-Ғаффор афв натижасига ишора қилса, Ат-Таввоб қайтишнинг ўзига эътибор қаратади. Яъни бу исм Аллоҳнинг фақат кечирувчи эканини эмас, балки бандани қайтишга етакловчи, уни тавбага йўналтирувчи Зот эканини очиб беради. Ат-Таввоб сўзи ت-و-ب (та–вов–ба) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “қайтиш”, “йўналишни ўзгартириш” маъноларини қамраб олади. Бу илдиз тўхтаб қолишни ёки кечирилишни кутишни эмас, балки йўлни тўғирлашни билдиради. Аллоҳга нисбатан Ат-Таввоб — банданинг ҳар бир чин қайтишига жавоб берувчи, уни тўғри йўлга қайта йўн...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУАХХИР ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُؤَخِّر Аллоҳ Ўзини Ал-Муаххир — кимни, нимани хоҳласа кейинроққа қўювчи, вақти келгунга қадар сақлаб турувчи Зот сифатида танитади. Бу исм кечиктиришни ноҳақлик ёки эътиборсизлик деб эмас, балки илоҳий тартиб ва ҳикмат доирасидаги қарор сифатида англатади. Ортда қолиш йўқотиш эмас, балки ҳали ўз вақти келмаган ҳолат экани шу исм орқали тушинилади. Ал-Муаххир исми Ал-Муқаддим исми билан жуфт ҳисобланади. Олдинга чиқиш ва орқада қолиш бир-бирига қарши қўйилмайди, чунки, иккаласи ҳам ягона жараённинг турли босқичларидир. Қачон олдинга ўтиш, қачон кутиш кераклигини инсон ўз хоҳиши билан эмас, илоҳий ўлчов билан англайди. Шу жиҳатдан бу исм шошилишни ҳам, ўзини орқада қолган деб баҳолашни ҳам бартараф этади. Ал-Муаххир сўзи أ-خ-ر (ҳамза–хо–ро) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “кейинга сурмоқ”, “ортда қолдирмоқ” маъноларини қамраб олади. Бу илдиз фақат вақтда кечикишни эмас, балки аҳамият, мартаба ёки жараёндаги кейинги ўринни ҳам билдиради. Аллоҳга нисбата...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУҚАДДИМ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُقَدِّم Аллоҳ Ўзини Ал-Муқаддим — кимни хоҳласа олдинга чиқарувчи, яқинлаштирувчи Зот сифатида танитади. Бу исм олдинга ўтишни тасодиф ёки куч билан эмас, балки илоҳий ҳикмат ва тўғри қарор ва ҳукм бериш боғлайди. Олдинда туриш ҳар доим устунлик эмас, балки масъулият ҳам экани шу исм орқали очилади. Ал-Муқаддим исми Ал-Муаххир билан жуфт ҳолда тушунилади. Олдинга чиқиш ва орқада қолиш бир-биридан узилган ҳолатлар эмас, балки ягона тартибнинг икки томонидир. Кимнинг олдинда бўлиши ёки кимнинг кейинроқ келиши инсон қарори билан эмас, илоҳий ўлчов билан белгиланади. Шу сабабли бу исм адолатсиз таққослашни ўртадан кўтариб, ҳар бир ҳолатнинг ўз вақти борлигини англатади. Ал-Муқаддим сўзи ق-د-م (қоф–дол–мим) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “олдинга қўймоқ”, “яқинлаштирмоқ”, “бошлаш” маъноларини қамраб олади. Бу илдиз фақат жисмоний яқинликни эмас, балки мартаба, вақт ёки аҳамият жиҳатидан олдин қўйилишни ҳам ифода қилади. Аллоҳга нисбатан Ал-Муқаддим ҳар бир нарсани ўз в...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ВОЖИД ИСМИ ВА МАЪНОСИ

الواجِد Аллоҳ Ўзини Ал-Вожид — Ўз зотида бекаму-кўст, ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган Зот сифатида танитади. Бу исм Аллоҳда етишмовчилик, бўшлиқ ёки тўлдирилиши керак бўлган ҳолат мавжуд эмаслигини англатади. Унинг борлиги ташқи сабабларга боғлиқ эмас; мавжудлик ҳам, барқарорлик ҳам Ўзидан келиб чиқади. Ал-Вожид исми Ал-Ғанийга яқин бўлса-да, уларни айнан бир маънода қабул қилиб бўлмайди. Ал-Ғаний муҳтожликнинг йўқлигини ифода этса, Ал-Вожид зотий тўлиқликни билдиради. Бу ерда гап мол, қудрат ёки таъсир ҳақида эмас, балки ҳеч қачон камаймайдиган, узилмайдиган ҳолат ҳақида кетади. Шу жиҳатдан Ал-Вожид вақт ва шароитга боғлиқ бўлмаган илоҳий тўлиқликни, баркамол мавжудликни англатади. Ал-Вожид сўзи و-ج-د (вов–жим–дол) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “бор бўлмоқ”, “мавжуд бўлмоқ” маъноларини қамраб олади. Бу ерда мавжудлик шартга боғланмаган, сабаб талаб қилмайдиган ҳолат сифатида тушунилади. Ал-Вожид исмини англаш орқали инсон ўзини мутлақ манба деб ҳисоблашдан узоқлашади....

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУМИТ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُمِيت Аллоҳ Ўзини Ал-Мумит — ҳаётни тугатувчи, ўлдирувчи, тирикликни белгиланган чегарага олиб борувчи Зот сифатида танитади. Ал-Мумит исми "ўлим" тушинчасини йўқотиш ёки барҳам топиш маъносида эмас, балки илоҳий тартибда белгилаб қўйилган тадрижий босқич сифатида очиб беради. Ҳаёт Аллоҳ иродаси билан берилганидек, унинг тугаши ҳам худди шу иродага боғлиқ.  Ал-Мумит исми Ал-Муҳйи исми билан узвий боғлиқ ҳолда тушунилади. Ҳаёт ва ўлим бир-бирига қарши қўйилган ҳолатлар эмас, балки бир бутун жараённинг икки томонидир. Ҳаёт ато этиш қандай Аллоҳ қудратининг намоёни бўлса, ўлим ҳам шу қудратнинг давоми ҳисобланади. Шу боис борлиқ фақат яратилиш билан чекланмайди, балки тугаш орқали ҳам тартибга солинади. Ал-Мумит сўзи م-و-ت (мим–вов–та) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “ўлмоқ”, “ҳаёт фаолиятининг тўхташи” маъносини англатади. Бу илдиз йўқ бўлиб кетишни эмас, балки мавжуд шаклнинг белгиланган маррага етиб якунланишини ифода қилади. Аллоҳга нисбатан эса Ал-Мумит...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУЪИД ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُعِيد Аллоҳ Ўзини Ал-Муъид — яратилган нарсани яна қайтарувчи, тарқалганни қайта жамловчи ва узилганни яна боғловчи Зот сифатида танитади. Ал-Муъид исми қайтишни оддий такрор сифатида эмас, балки тарқалишдан кейин жамланиш, узилишдан кейин эса қайта боғланиш сифатида англатади. Бир нарса йўқолгандек туюлса ҳам, унинг қайта қайтиши тасодиф эмас, балки илоҳий иродага боғлиқ жараёндир. Ал-Муъид исми Ал-Мубдиъ исми билан узвий боғлиқ ҳолда тушунилади. Ал-Мубдиъ аввал намунасиз яратишни ифода этса, Ал-Муъид шу яратишдан кейин келадиган қайтишни билдиради. Шу боис яратиш бир йўналишли ҳаракат эмас, балки бошланиш ва қайтиш ўртасидаги илоҳий тартиб экани очилади. Борлиқ фақат пайдо бўладиган ҳолат эмас, балки қайта тикланиш ва қайта боғланиш имкони сақланиб қоладиган тартибдир. Ал-Муъид сўзи ع-و-د (ъа–вов–дол) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “қайтармоқ”, “яна олиб келмоқ”, “орқага қайтармоқ” маъноларини қамраб олади. Бу илдизда урғу узлуксиз давомга эмас, балки кетишдан к...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУБДИЪ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُبْدِئ Аллоҳ Ўзини Ал-Мубдиъ — борлиқни йўқдан пайдо қилган ва намунасиз яратган Зот сифатида танитади. Ал-Мубдиъ исми бунёд этиш, жамлаш ёки йиғиш йўли билан эмас, балки ҳеч қандай хом-ашёсиз, мисолсиз, мутлақ бошланиш сифатида яратгувчи Зотга ишора қилади. Борлиқнинг илк пайдо бўлиши, “бўлмаган” ҳолатдан “бор” ҳолатга чиқиши фақат Аллоҳга хос экани шу исм орқали очилади. Ал-Мубдиъ исми Ал-Холиқ ва Ал-Бори исмлари билан боғлиқ бўлса-да, улар билан айнан бир маънони англатмайди. Ал-Холиқ яратиш қонуниятини, Ал-Бори яратилган нарсаларнинг мувозанати ва тартибини ифода этса, Ал-Мубдиъ айнан илк пайдо бўлишни, биринчи яратилишни англатади. Шу жиҳатдан Ал-Мубдиъ борлиқдаги ҳар қандай давом ва ўзгаришдан олдин турадиган бошланиш нуқтасидир. Ал-Мубдиъ сўзи ب-د-أ (ба–дол–ҳамза) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “бошламоқ”, “илк марта пайдо қилмоқ” маъноларини қамраб олади. Бу илдизда такрор ёки давом эмас, балки аввал йўқ бўлган нарсанинг илк бор зоҳир бўлиши маъноси устун ...

АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУҲСИЙ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

المُحْصِي Аллоҳ Ўзини Ал-Муҳсий — ҳар бир нарсани аниқ саноқ билан сановчи Зот сифатида танитади. Ал-Муҳсий исмида асосий маъно “адад”, яъни сон ва санашдир. Бу санаш ҳар бир нарсанинг алоҳида ҳисобга тушиши демакдир. Борлиқдаги нарсалар Аллоҳ наздида умумий “кўп” ёки “кам” тушунчалари билан эмас, балки аниқ сон билан мавжуддир. Шу жиҳатдан Ал-Муҳсий исми илоҳий илмда сон ва саноқнинг муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Қуръонда Аллоҳ таоло шундай баён қилади: «وَأَحْصَىٰ كُلَّ شَيْءٍ عَدَدًا» — «У ҳар бир нарсанининг ададини ҳисоблаб қўйгандир» (Жин, 72:28). Бу оятдаги “عَدَدًا” - "адад" калимаси Ал-Муҳсий исмининг моҳиятини очади: ҳар бир нарса Аллоҳ наздида саноққа тушадиган аниқликда маълумдир. Ал-Муҳсий сўзи ح-ص-ي (ҳа–сод–йо) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “санаш”, “саноқни тўлиқ қилиш” маъноларини қамраб олади. Бу илдизда сонга айлантириш, миқдорни аниқлаш маъноси устун туради. Шунинг учун Ал-Муҳсий исми борлиқдаги муайянликни, нарсаларнинг саноққа...