АЛЛОҲНИНГ АЛ-МАТИН ИСМИ ВА МАЪНОСИ

 


Аллоҳ Қуръонда Ўзини Ал-Матин — Қатъий, Мустаҳкам Зот деб  зикр қилади.

Ал-Матин — енгиб бўлмас қудрат соҳиби бўлиш билан бирга, табиатан мустаҳкам ва қатъий бўлган Зотдир. Муккамал кучга эга бўлиш ва табиатан мустаҳкамликнинг жамланиши шуни англатадики, ҳеч ким Унинг амалларига эътироз қила олмайди ва Унинг ҳукмларини амалга оширишга тўсқинлик қила олмайди.

Энг Мустаҳкам, Қатъий ва Собит Зот

Матин сўзи мим–то–нун илдизидан келиб чиққан бўлиб, тўртта асосий маънони англатади:

  1. кучли, қатъий ва қаттиқ бўлиш;

  2. мустаҳкам, бардошли бўлиш;

  3. собитқадам, қатъиятли ва ишончли бўлиш;

  4. муайян сифатга юқори даражада эга бўлиш.

Луғавий жиҳатдан матин жуда кучли ва жуда барқарор бўлган нарсани англатади. Ал-Қавийй — тугамас куч соҳиби бўлган Зот, Ал-Матин эса табиатан мустаҳкам, собит ва қатъиятли бўлган Зотдир. У олий қатъият ва мукаммал қудрат билан ҳар қандай тўсиқни осонгина енгиб ўтади.

Ал-Матин Ўзи марҳамат қилади:
«Албатта, Аллоҳ ризқ берувчи, қудрат соҳиби ва мустаҳкам Зот».
(Қуръон, 51:58)

Ал-Матиннинг режаси

Ал-Матин айтади:
«Мен уларга муҳлат бераман. Албатта, Менинг режам мустаҳкамдир».
(Қуръон, 68:45)

Аллоҳ таоло одамларга узоқ вақт муҳлат беришини баён қилади. Бу Унинг режаси ва ҳикмати доирасидадир. Шу орқали инсонлар турли воқеалар орқали Ислом ҳақиқатига қайтиш ёки қайтмасликни танлайдилар.

Айримлар йиллар давомида кофир бўлиб, Исломга қарши чиқадилар ва охирида ҳидоят топадилар. Баъзилар эса узоқ умр кўриб, янада кўпроқ ёмонлик қиладилар ва шу сабабли жазолари ҳам ортиб боради. Шу билан бирга, мўминлар ҳам Ал-Матин берган узоқ вақт давомидаги синовлар, кураш ва яхши амаллари орқали кўпроқ ажр ва Жаннатда юқори мақомларга эришиш имконига эга бўладилар. Аллоҳнинг режаси — мустаҳкамдир.

Бу Исм билан қандай яшаш мумкин?

1. Ҳақ йўлда собит туриш
Мустаҳкамлик сифати сизни ҳар доим динда собит бўлишга ундасин. Тўғри йўлда тушуниш билан қатъий туринг. Исломда собит қолиш воситалари қуйидагилардир: Қуръонга маҳкам ёпишиш, ўқиганингизни тушунишга ҳаракат қилиш ва уни кундалик ҳаётда қўллаш; имконингиз борича кўпроқ солиҳ амал қилиш; пайғамбарлар алайҳиссаломларнинг ҳаётларини ўрганиш, уларга эргашиш ва Жаннат неъматлари, Дўзах азоби ҳамда ўлим аламини тафаккур қилиш.

Ал-Матин айтади:
«Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам собит сўз билан мустаҳкамлайди. Золимларни эса йўлдан оздиради. Аллоҳ Ўзи хоҳлаганини қилади».
(Қуръон, 14:27)

2. Бошқаларни Ал-Матинга даъват қилиш
Фаол бўлмаган нафс тўхтаб қолади. Даъват қилиш инсонни жазодан сақлаши ва Ал-Матин томонидан ўзини ҳам собит қилишга сабаб бўлиши мумкин.

«Шунинг учун даъват қил ва буюрилганингдек собит тур».
(Қуръон, 42:15)

Яхшилик билан банд бўлиш шайтоний васвасалардан ҳимоя қилади. Шунингдек, даъват йўлида учрайдиган тўсиқлар ва қотиб қолган одамлар билан юзма-юз келиш инсоннинг иймонини янада мустаҳкамлайди.

3. Қувват олиш учун сийрани ўрганиш
Исломий шахсиятни мустаҳкамлаш учун ўз илдизларингизга қайтинг — сийрани ўрганинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи айтганлар:
«Сиздан олдин ўтган умматлар орасида бир киши бор эди. Уни ерга қазилган чуқурга солиб, бошига арра қўйиб, иккига бўлиб ташладилар, суякларидан гўштини темир тароқ билан тортдилар. Аммо бу ҳам уни динидан қайтармади».
(Бухорий)

4. Ал-Матиннинг режасига ишончли бўлиш
Аллоҳнинг режаси — мустаҳкам. Ҳеч ким ва ҳеч нарса Унинг режасини енгиб ўта олмайди. Одамлар сизга қарши макр қилсалар ҳам, ҳақиқат шуки, Ал-Матин ихлосли мўминларни қўллаб-қувватлайди ва охир-оқибат ғалаба уларники бўлади. Шунинг учун Ал-Матинга таваккал қилинг ва ҳар бир амалингизда ихлосга интилинг.

Ал-Матин айтади:
«Улар шундай дедилар: “Эй Роббимиз! Гуноҳларимизни ва ишларимиздаги исрофларимизни кечир, қадамларимизни мустаҳкам қил ва кофир қавмга қарши бизга ёрдам бер”. Аллоҳ уларга бу дунё мукофотини ҳам, охиратнинг гўзал мукофотини ҳам берди».
(Қуръон, 3:147–148)

5. Мустаҳкам инсонлар билан яқин бўлиш
Исломда собит бўлган инсонлар билан атрофингизни ўраб олинг, улардан маслаҳат сўранг ва ўзингиз ҳам бошқаларга собит туришда илҳом берувчи бўлинг.

6. Ал-Матиндан сўраш
Яхши ва ёмон ҳолатларда собит бўлиш кундалик дуоларингиздан бўлсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи қалб ҳақида шундай деганлар:
«У тез қайнайдиган қозондан ҳам кўра тезроқ ўзгаради».
(Аҳмад, Ҳоким)

Пайғамбаримиз қилган ушбу дуони ёд олинг ва чин дилдан Ал-Матиндан сўранг:
«Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни Сени динингда собит қил».

Жаннатга киришга қатъий ният қилинг ва бу дунё фақат вақтинчалик эканини ўзингизга тез-тез эслатиб туринг.

Эй Аллоҳ, эй Ал-Матин!
Сен энг мустаҳкам Зотсан. Бизларни Қуръон ва Суннатдан манфаат олувчилардан қил, иймонимизни мустаҳкамла, тўғри йўлда собит қил, яхшиликда ҳам, қийинчиликда ҳам қатъий бўлишни насиб эт. Бизларни Исломга даъват қилувчилардан қил ва солиҳ дўстлар билан ризқлантир. Қалбларимизни Жаннатинг учун курашишга қатъий азм билан зийнатла. Омин.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ