АЛЛОҲНИНГ АЛ-ҒАФУР ИСМИ ВА МАЪНОСИ
Аллоҳ Ўзини Ал-Ғафур — Ўта Кечирувчи, Бениҳоя ва Мукаммал Кечирувчи Зот деб Қуръонда тўқсон бир марта зикр қилади. Ал-Ғафур гуноҳ қанчалик катта бўлмасин, қайта-қайта кечиради.
Ғафур сўзи ғайн–фа–ро илдизидан келиб чиққан бўлиб, учта асосий маънони англатади:
-
ёпиш, беркитиш, пинҳон қилиш;
-
авф этиш, кечириш ва тузатиш;
-
бир нарсани ифлосликдан ҳимоя қилиш учун қоплаш.
Бу илдиз Қуръонда 234 марта, тўққиз шаклда келган. Масалан:
يَغْفِرُ — “кечиради, кечирар”,
وَاسْتَغْفِرْ — “ва мағфират сўра”,
مَغْفِرَةٌ — “кечирим”.
Луғавий жиҳатдан ғафур ва ғаффар сўзлари мағфира тушунчасига тааллуқлидир. Ал-Ғаффар Аллоҳнинг қайта-қайта кечиришини (миқдорни) ифода қилса, Ал-Ғафур Унинг кечиримининг чуқурлиги ва қамровини (сифатни) англатади.
Аллоҳнинг Ал-Ғафур исми фақат “кечиради” дегани эмас; У бандаларини ўз гуноҳларининг оқибатларидан ҳам муҳофаза қилади. У гуноҳларни тўлиқ билиб туриб, уларни ёпади. Бу мукаммал кечирим Аллоҳнинг бандаларига бўлган олий раҳматининг белгисидир.
Ал-Ғафур Ўзи айтади:
نَبِّئْ عِبَادِي أَنِّي أَنَا الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
(Қуръон, 15:49)
Маъноси:
Бандаларимга хабар бер: албатта, Мен Ўта Кечирувчи ва Раҳмли Зотман.
وَيُصِيبُ بِهِ مَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ ۚ وَهُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
(Қуръон, 10:107)
Маъноси:
Уни бандаларидан кимга истаса, ўшангга етказади. У Кечирувчи ва Раҳмли Зотдир.
قَالَ سَوْفَ أَسْتَغْفِرُ لَكُمْ رَبِّي ۖ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
(Қуръон, 12:98)
Маъноси:
У деди: “Яқинда Роббимдан сизлар учун мағфират сўрайман. Албатта, У Кечирувчи ва Раҳмли Зотдир”.
Қуръонда энг кўп келадиган жуфтликлардан бири — Ал-Ғафур Ар-Раҳим бўлиб, у 72 марта такрорланган. Бу Аллоҳ гуноҳларни Ўз раҳмати туфайли ёпишини кўрсатади.
Бу гўзал уйғунлик Қуръонда умид бахш этувчи, қалбни таскин қиладиган оятлардан бирида келган. Ал-Ғафур айтади:
قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
(Қуръон, 39:53)
Маъноси:
Айтинг: Эй ўз жонларига зиён қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта, У Ўта Кечирувчи ва Раҳмли Зотдир.
Эътибор беринг: “Эй гуноҳкорлар!” демай, “Эй бандаларим!” деб мурожаат қиляпти. Алҳамдулиллаҳ — бизни шундай меҳрибон Роббимиз бор.
Бу Исм билан қандай яшаш мумкин?
-
Ал-Ғафурга дуо қилинг
Ўзингизга ёки бошқаларга зиён етказганингизда, гуноҳ катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, Ал-Ғафурга мурожаат қилинг. Дуони Унинг шу гўзал Исми билан бошланг. Доимо мағфират сўранг ва ҳеч қачон умидни узманг. Гуноҳнинг катта-кичиклиги ҳақида эмас, балки қай Зотга осийлик қилганингиз ҳақида ўйланг. -
Ҳеч қачон ноумид бўлманг
Ҳақиқий мўминнинг белгиси — ноумид бўлмаслик. Биз Аллоҳнинг ёрдамидан ҳам, раҳмати ва кечиримидан ҳам ноумид бўлмаймиз. Гуноҳ қилганимизда тушкунликка тушиб қолмасдан, дарҳол Ал-Ғафурга қайтиб, гуноҳ ортидан яхшилик қилишга интиламиз. -
Ўзингизни кечиришга ўргатинг
Ал-Ғафурнинг кечиримини ўйлаб, кундалик ҳаётда кечиримли бўлиш одатини шакллантиринг. Ҳар куни қалбингизни кинадан пок ҳолда ухлашга ҳаракат қилинг. Доимо бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлинг, уларнинг камчиликларини қидирманг.
-
Бошқаларнинг айбини ёпинг
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи айтганлар:
«مَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ»
(Муслим)
Маъноси:
Ким бу дунёда бир мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг айбларини ёпади.
Аллоҳ Ал-Ғафур бандаларнинг айбини ёпишни шунчалик яхши кўрадики, бундай инсонни гуноҳлари учун ошкора ҳисоб-китоб қилмайди.
-
Ўз гуноҳингизни ошкор қилманг
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи айтганлар:
«كُلُّ أُمَّتِي مُعَافًى إِلَّا الْمُجَاهِرِينَ»
(Бухорий, Муслим)
Маъноси:
Умматимнинг барчаси авф этилади, фақат гуноҳини ошкора қилганлардан бошқаси.
Кечаси Аллоҳ ёпган гуноҳни, эрталаб одамларга айтиб бериш пардани йиртишдир. Гуноҳлар билан мақтанманг; бу бошқаларни ҳам шу гуноҳга ундаши мумкин.
Эй Аллоҳ, эй Ал-Ғафур!
Сен Энг Кечирувчи Зотсан. Гуноҳларимиз қанчалик кўп бўлмасин, Сендан уларни кечиришингни сўраймиз. Айбларимизни одамлардан ёп, гуноҳларимизнинг оқибатларидан бизларни муҳофаза қил. Раҳматингдан ноумид бўлмасликни насиб эт, бошқаларни кечиришда бизларга ёрдам бер. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Сенинг мағфиратингга эришишни насиб эт. Омин.
Comments
Post a Comment