АЛЛОҲНИНГ АЛ-БОРИЪ ИСМИ ВА МАЪНОСИ
البارئ
Қуръонда Аллоҳ Ўзини Ал-Бориъ — махлуқотни турларга ажратиб, фарқлаб, ҳар бирини ўзига хос ўлчов ва табиат билан вужудга келтирувчи, яратувчи Зот сифатида зикр қилади. Шу жиҳатдан Ал-Бориъ яратиш жараёнидаги илоҳий аниқлик, тартиб ва ҳикматни ифода қилади.
Ал-Бориъ исми Ал-Холиқ ва Ал-Мусаввир исмлари билан боғлиқ ҳолда келади, чунки яратиш аввало ирода билан белгилаб қўйилади, сўнг ажратилиб, фарқланади, кейин эса шакл ва сурат билан мукаммаллаштирилади. Бу тартиб Аллоҳ азза ва жаллнинг яратишда тасодифга ўрин қолдирмаслигини, ҳар бир махлуқ муайян ўлчов ва мақсад билан чиқарилганини кўрсатади.
Ал-Бориъ сўзи ба–ро–ҳамза илдизидан келиб чиққан бўлиб, у ажратиш, айириб чиқариш, тозалаш ва мустақил ҳолатга келтириш маъноларини ўз ичига олади. Луғавий жиҳатдан бу илдиз умумий ҳолатдан нарсани чиқариб, унинг чегарасини белгилашни англатади. Аллоҳга нисбатан эса Ал-Бориъ — махлуқотни бир-бирига қўшиб юбормай, ҳар бирини ўз табиати, қобилияти ва вазифаси билан яратувчи Зот эканини билдиради.
Қуръонда Аллоҳ азза ва жалл яратиш сифатларини зикр қилар экан, Ал-Бориъ исмини яратишнинг марказий босқичи сифатида келтиради: «У — Аллоҳ — Холиқ, Бориъ, Мусаввирдур. Барча гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Яна У — Азийз ва Ҳакиймдир.» (Ҳашр, 59:24). Бу оятда Ал-Бориъ исми махлуқотнинг айнан бир хил эмас, балки фарқли, ажратилган ва мукаммал тарзда яратилишини ифода қилади.
Ал-Бориъ исмини англаш инсонга шундай ақидавий ҳақиқатни очади: инсонлар ўртасидаги фарқ камчилик эмас, балки яратишдаги илоҳий ҳикматдир. Ҳар бир инсон ўз ўрни, ўз ўлчови ва ўз масъулияти билан яратилган бўлиб, барчани битта қолипга солишга уриниш Ал-Бориъ суннатига зид ҳисобланади. Шу боис илоҳий мезон тенглик устига эмас, маҳлуқотнинг барча фарқли ҳусусиятларини ҳисобга олган ҳолда адолат устига қурилганлигини кўрсатади.
Ал-Бориъ исми билан яшаш инсонга ўзини бошқалар билан нотўғри солиштиришдан воз кечишни, Аллоҳнинг иродасини ўз табиатини инкор қилмасдан қабул қилишни ўргатади. Инсонлар ўртасидаги таши қиёфа, феъл-атвор, бойлик, мансаб, мақом, илм ва илоҳий мартаба каби фарқларни Ал-Бориънинг яратиш ҳикмати сифатида англаган одам ҳасадга берилмайди, кибрга юз бурмайди ва бошқаларнинг ўрнини эгаллашга интилмайди.
Қуръон яратишнинг ўлчовли эканини баён қилади: «إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ» — «Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик» (Қамар, 54:49). Шу ҳақиқатни англаган инсон адолатни ҳам тўғри тушунади: адолат ҳаммани бир хил, тенг қилиб қўйиш эмас, балки ҳар кимга Аллоҳ қўйган ўлчовга мувофиқ беришдир. Ал-Бориъ исми қалбда розилик, ақл ва ҳикматни, жамиятда эса ўзаро ҳурматни қарор топтиради, чунки ҳар бир мавжудот ўз яратилиши билан маъно касб этади.
Эй Ал-Бориъ, Сен ҳар бир махлуқни ўз ўлчови, ўз чегараси ва ўз ҳикмати билан яратдинг; Сенинг яратишингда тасодиф йўқ, нуқсон йўқ, зулм йўқ. Бизларни ўз яратилишимиздан норози бўлишдан, ўзгага ҳасад қилишдан ва Сен белгилаган фарқларни инкор этишдан сақла. Қалбларимизни Сенинг ҳикматингга оч, токи биз яратилишимиздаги маънони англаб, Сен биздан, биз эса Сендан рози бўлиб яшайлик. «رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً ۚ إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ» — «Эй Роббимиз, бизларни ҳидоят қилганингдан кейин қалбларимизни оғдириб қўйма ва Ўз ҳузурингдан бизга раҳмат ато эт. Албатта, Сен — Ато этувчисан» (Оли Имрон, 3:8).
Comments
Post a Comment