АЛЛОҲНИНГ АЛ-ҚОҲИР ИСМИ ВА МАЪНОСИ
الْقَاهِر
Аллоҳ Ўзини Ал-Қоҳир — мутлақ устун, ҳар бир мавжудот устидан қаҳр ва ҳукм билан ғолиб бўлган Зот сифатида зикр қилади. Ал-Қоҳир исми борлиқда ҳеч бир қувват, ирода ёки куч Аллоҳдан мустақил эмаслигини, барча мавжудот Унинг ҳукмронлиги остида эканини англатади. Бу устунлик зулм ёки бесабаб зўравонлик эмас, балки илоҳий адолат ва ҳикмат билан амалга ошадиган мутлақ ҳукмронликдир.
Ал-Қоҳир исми инсон тасаввуридаги “қаҳр” тушунчасига аниқлик киритади. Инсонлар қаҳр-ғазабни жисмоний зўрлик, босим ёки устунлик орқали намоён қилади. Аллоҳнинг қаҳри эса зотий ва мутлақ бўлиб, ҳеч қандай куч унга тўсиқ бўла олмайди.
Ал-Қоҳир исми Ал-Қаҳҳор исми билан яқин бўлса-да, улар маъно жиҳатдан бир хил эмас. Ал-Қаҳҳор қаҳрнинг такрорий, шиддатли ва доимий намоён бўлишини англатса, Ал-Қоҳир мутлақ устун қудрат соҳибининг қаҳру-ғазабини ифодалайди. Яъни Аллоҳ ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай мавжудот устидан мутлақ ғолибдир; Ал-Қаҳҳор бу ғолибликнинг қаҳр жиҳатидан зоҳир бўлишидир.
Ал-Қоҳир исми инсонларга оид ҳеч бир зулм, туғён ёки ноҳақ куч абадий эмаслигини эслатади. Инсонлар ёки тузумлар ўзларини қудратли деб ўйлаган пайтда ҳам, улар Аллоҳнинг қаҳри ва ҳукмидан ташқарида эмас. Шу сабабли Ал-Қоҳир исми мазлум учун тасалли, золим учун эса шиддатли огоҳлантиришдир.
Қуръонда Аллоҳ таоло шундай дейди:
«وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ» —
«У Ўз бандалари устидан мутлақ Қоҳирдир» (Анъом, 6:18).
Бу оят Ал-Қоҳир исмининг очиқ ифодаси бўлиб, Аллоҳнинг ҳукмронлиги инсон иродаси, режаси ва қаршилигидан устун эканини кўрсатади. Бу устунлик масофа ёки вақт билан чекланмайди; у ҳар лаҳза ва ҳар ҳолатда амал қилади.
Ал-Қоҳир исмини англаш инсонни ички қўрқувлардан озод қилади. Чунки инсон кўпинча одамлар, ҳодисалар ёки келажакдан қўрқади. Ал-Қоҳир исмини ҳис қилган инсон биладики, барча қувватлар Аллоҳ қўлидадир ва У хоҳламас экан, ҳеч бир зарар етмайди. Бу онг инсонни сабр, матонат ва ботиний барқарорликка етаклайди.
Шу билан бирга, Ал-Қоҳир исми инсонни такаббурликдан ҳам сақлайди. Чунки инсон ўзини кучли, таъсирли ёки назоратчи деб ўйлаган пайтда ҳам, у Аллоҳнинг қаҳри ва ҳукмидан мустасно эмас. Бу исм инсонни камтарликка, ўз ўрнини англашга ва ҳаддан ошмасликка чақирaди.
Ал-Қоҳир исми инсонни ҳақ билан адолат қилишга, зулмга бўйин эгмасликка, ҳақни айтиб яшашга ўргатади. Чунки инсон биладики, ҳақ қанчалик заиф кўринмасин, у Аллоҳнинг қудрати билан ғолиб чиқади. Шу сабабли Ал-Қоҳир исми инсонни адолатдан чекинмасликка, ҳақни ҳимоя қилишда қўрқмасликка ва натижани Аллоҳга топширишга ўргатади.
Эй Ал-Қоҳир, Сен ҳар бир мавжудот устидан мутлақ ғолибсан. Агар тиласанг, маҳлуқотни қаҳру-ғазабинг билан забт этгувчи қудрат, шиддат ва азамат Соҳибисан. Бизларни каҳрингдан муҳофаза эт, золимлар қаҳридан эмас, Сенинг ғазабингдан қўрқиб, сенинг раҳматингга талпинадиган бандаларингдан қил.
Comments
Post a Comment