АЛЛОҲНИНГ АШ-ШАКУР ИСМИ ВА МАЪНОСИ
АШ-ШАКУР (الشكور)
Аллоҳ Қуръонда Ўзини Аш-Шакур — Энг Қадрловчи, Энг Шукр Қилувчи, Яхши амалларни Мукофотловчи Зот деб зикр қилади. У оз амалга жуда кўп мукофот берувчи Зотдир. Аш-Шакур энг кичик амалларни ҳам қадрлайди; бунга энг улуғ мисол — Унинг жаннатидаги тугамас саодат мукофотидир.
Мукаммал Қадрловчи, Кўп Мукофот Берувчи Зот
Шакур сўзи шин–коф–ро илдизидан келиб чиққан бўлиб, учта асосий маънони англатади. Биринчи маъно — фойда учун мақташ ёки яхшиликни тан олиш. Иккинчи маъно — шукр қилиш ва эътироф этиш. Учинчи маъно — кўп ҳосил бериш.
Бу илдиз Қуръонда 75 марта, олти хил шаклда келган. Масалан:
شكر — “шукр қилди”,
الشاءكرين — “шукр қилувчилар”,
مشكور — “қадрланган”.
Луғавий жиҳатдан шукр — ошириш, қадрлаш ва яхшиликни тан олиш маъноларини англатади. Араб тилида шакур сўзи кам еми билан ҳам кўп фойда берадиган ҳайвонга нисбатан ҳам ишлатилади. Аш-Шакурдаги вов ҳарфи Аллоҳ азза ва жаллнинг жуда ҳам қадрловчи эканини кўрсатади; Унинг қадрлаши ва мукофоти инсон тасаввуридан ҳам ортиқдир.
Аш-Шакур айтади:
«Чунки, У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва Шакур(оз амал учун кўп савоб берувчи)дир.» (Қуръон, 35:30)
Гўзал жуфтлик: Аш-Шакур ва Ал-Ғафур
Қуръонда Аш-Шакур исми зикр қилинган тўрт жойнинг учтасида у Ал-Ғафур (Жуда кўп кечирувчи) исми билан бирга келган. У — кўп-кўп кечирувчи ва энг қадрловчи Зотдир; агар биз гуноҳ қилсак ҳам, кечирилиш учун Унга қайтишимиз ва қилган яхшиликларимиз учун мукофот олишимиз мумкин.
Аш-Шакур айтади:
«(Эй Муҳаммад): «Мен сиздан бу учун ажр эмас, фақат қариндошлик меҳринигина (Аҳли Байтга муҳаббатни) сўрайман», деб айт. Ким яхшилик қилса, Биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, Шакурдир.» (Қуръон, 42:23)
Аллоҳнинг гўзал қадрлаши
Аллоҳнинг Аш-Шакур исми Унинг бирор нарса учун шукр қилиши керак дегани эмас, чунки барча нарса Ундан келади. Бу — Унинг энг қадрловчи Зот эканини англатади: У жуда катта мукофотлар ато этади. Аш-Шакур ҳатто ниятимизни ҳам қадрлайди.
Бу Исм билан қандай яшаш мумкин?
-
Бошқалардан ҳеч нарса кутманг.
Кўпинча биз бошқалардан тан олинишни истаймиз. Яширин яхшилик қилсак, одамлар билишини хоҳлаймиз. Баъзан амални бажара олмасак ҳам, ниятимизни билишларини истаймиз. Аммо Аллоҳ барчасини билади: «Албатта, Аллоҳ Қадрловчи ва Билувчидир» (Қуръон, 4:147).
У одамлар билмаган нарсаларни ҳам билади, қадрлайди ва мукофотлайди. Ҳеч нарса кутмасдан яхшилик қилинг — Аш-Шакур сиз учун ҳам шундай яхшиликни юбориши мумкин.
-
Қанчалик кичик бўлса ҳам, яхшилик қилинг.
Яхши амал қилишдан ҳеч қачон тортинманг, ҳатто уни гуноҳларингизга нисбатан жуда кичик деб ҳисобласангиз ҳам. Мукофот берувчи Зотнинг қудрати ҳақида ўйланг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи айтганлар: «Ҳеч бир яхшиликни кичик санаманг, ҳатто биродарингни очиқ юз билан кутиб олишни ҳам» (Муслим).
Сабрли ва ихлосли бўлинг, жаннатни эслаб юринг.
Қилган ҳеч бир ишимиз йўқолмайди. Баъзан Аш-Шакур сизнинг таслим бўлмаслигингизни синаш учун Ўз қадрлашининг аломатларини кечиктиради. Шунинг учун амални фақат Аллоҳ учун қилинг; чунки У бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Аш-Шакурдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи айтганлар: «Аллоҳ деди: “Мен солиҳ бандаларим учун ҳеч бир кўз кўрмаган, ҳеч бир қулоқ эшитмаган ва инсон қалбига ҳам келмаган нарсаларни тайёрлаб қўйдим…”» (Бухорий, Термизий, Ибн Можа)
Бошқаларга ёрдам беринг — Аш-Шакур сизга ёрдам беради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи айтганлар: «Ким бошқа бир мўминнинг дунёвий ғамларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ ундан охират ғамларидан бирини енгиллатади… Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади. Аллоҳ бандасига, у биродарига ёрдам бериб турган экан, ёрдам бериб туради» (Муслим).
-
Шукр қилинг — Аш-Шакур сизга яна зиёда беради.
Аллоҳнинг ҳар қандай неъматини тан олишнинг ўзи ҳам неъмат эканини биласизми? Аш-Шакур бизларга эҳтиёжи бўлмаса ҳам неъмат ато этади, аммо биз баъзан фақат қаттиқ муҳтож бўлганимизда шукр қиламиз. У берган барча неъматларга шукр қилинг — У яна зиёда қилади. Имоми Ғаззолий айтган: «Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилишнинг энг яхши йўли — уларни Унга итоат қилишда ишлатиш ва Унга осий бўлмасликдир».
-
Барча махлуқотларга яхшилик қилинг.
Аш-Шакур фақат инсонларга қилинган амалларни эмас, балки барча махлуқотга қилинган яхшиликларни ҳам кўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда сувга чанқаган итга сув берган кишининг амалини Аллоҳ қадрлади ва гуноҳларини кечирди. -
Одамларни қадрланг.
Гўзал ижтимоий кўникма — бошқаларнинг ҳаётига қизиқиш билдириш: иш суҳбати қандай ўтганини, бемор қариндошининг аҳволини сўраш ва ҳоказо. Майда тафсилотларга эътибор беринг. Одамларни яхшилик қилганларида мақтанг, уларнинг меҳнатини тан олинг ва давом этишга унданг. Одамларга раҳмат айтганда аввал Алҳамдулиллаҳ, кейин инсонга “рахмат” деб айтинг, чунки ҳақиқий шукр — барча нарса Аллоҳдан эканини англашдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи айтганлар: «Одамларга раҳмат айтмаган киши Аллоҳга шукр қилмаган бўлади» (Абу Довуд)
-
Аш-Шакурга дуо қилинг.
Аш-Шакур исми келган Қуръоний дуолардан бири: «Биздан ғам-қайғуни кетказган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Албатта, Роббимиз ўта мағфиратли ва Шакур(оз амал учун кўп савоб берувчи)дир» (Қуръон, 35:34).
Эй Аллоҳ, эй Аш-Шакур!
Сен энг қадрловчи Зотсан. Бизларни Сен учун яхшилик қилувчилардан қил. Ихлос ва сабр ато эт. Бизларни Сен берган барча неъматларга шукр қилувчилардан қил ва уларни Сенга итоатда ишлатишга муваффақ эт. Бизларга энг олий мукофотни — Сенинг Зотингни кўришни ва жаннатда абадий саодатни насиб эт. Омин.
Comments
Post a Comment