АЛЛОҲНИНГ АС-САБУР ИСМИ ВА МАЪНОСИ
الصبور
Аллоҳ таоло Ўзини Ас-Сабур — чексиз сабрли, шошилмасдан ҳукм қилувчи Зот — деб танитади. Ас-Сабур — бандаларининг гуноҳлари, камчиликлари ва осийликларига қарамай, жазони кечиктирадиган, муҳлат берадиган, тавба ва қайтиш йўлини очиқ қолдирадиган Зотдир. Унинг сабри инсонлардаги сабрга ўхшамайди. Чунки инсон сабри кўпинча заифлик ёки мажбуриятдан келиб чиқади, Аллоҳнинг сабри эса мутлақ қудрат билан бирга бўлади.
Аллоҳнинг сабри кўпинча Ал-Ҳалим, Ал-Ғафур ва Ар-Раҳмон исмлари билан бирга тушунилади. Чунки сабр — кечиришга йўл очади, раҳматга имконият беради ва ҳидоятга эшик очиб туради. Шунинг учун Ас-Сабур — жазо беришга қодир бўла туриб, кечиктирувчи Зотдир. Агар У истаса, ҳар бир гуноҳ дарҳол жазоланар эди. Аммо Аллоҳ Ўз раҳмати билан сабр қилади, инсонга ўйлаб кўриш, англаш ва тўғри йўлга қайтиш имконини беради. Ас-Сабур — қудрат билан мужассам сабрдир.
Сабур сўзи сод–ба–ро илдизидан келиб чиққан бўлиб, ўзини тийиш, шошмаслик, қийинчиликка бардош бериш маъноларини англатади. Аммо Ас-Сабур исмидаги сабр — бардош билан алоқадор сабр эмас. Бу сабр — ҳукмни кечиктириш, жазони дарҳол қўлламаслик ва ҳикматга кўра муддат беришдир.
Аллоҳ Ас-Сабур бўлгани учун гуноҳкорлар ёки золимлардарҳол йўқ қилиб юборилмайди, жамиятлар бир хатоси учуноқ ҳалок қилинмайди. Аллоҳ бандаларига қайта-қайта огоҳлантирувчи пайғамбарлар юборади. Илоҳий сабр — инсоният учун берилган улкан неъматдир. Чунки Аллоҳ инсоннинг ҳалок бўлишини эмас, хатоларини тузатишини истайди. Агар инсонлар ҳар бир гуноҳи учун дарҳол жазоланганида, ҳеч кимда яшаш имкони қолмас эди.
Шу билан бирга, Ас-Сабурнинг сабрини жазони абадий кечиктириш деб тушинмаслик лозим. Агар инсон сабрсиз бўлса, зулмда ва осийликда собит қолса, у ҳолда жазо кечикса ҳам, албатта келади. Фақат у жазо адолат ва ҳикмат билан амалга оширилади.
Ас-Сабур исм билан яшаш инсонга Аллоҳнинг унга қилаётган сабрини доим ҳис қилиб туришга ўргатади. Ҳар бир кечиккан жазо — бу берилган имкониятдир. Шу имкониятни тавба, ислоҳ ва яхшилик билан тўлдириш лозим. инсон ўзини ҳам сабрга ўргатиши керак. Қачонки инсон бошқаларга нисбатан сабрли бўлишига ҳаракат қилса, Аллоҳ ҳам унга нисбатан ўта сабрли бўлади.
Эй Аллоҳ, эй Ас-Сабур! Биз гуноҳкор бандаларингга сабр қил ва Сенинг сабрингни англашни насиб эт. Берган муҳлатингни тўғри фойдаланишни ўргат. Қалбларимизни шошқалоқликдан сақла, сабр ва ҳикмат билан яшашни насиб эт. Бизларни Сенинг сабрингни суиистеъмол қилувчилардан қилма. Омин.
Comments
Post a Comment