ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ
Тавҳид — Аллоҳни ягона Зот сифатида тан олиш, Унинг ҳукмини ягона ҳукм деб қабул қилиш ва У белгилаган йўлга тўлиқ таслим бўлишдир. Кимки Аллоҳни ягона деб атаб, аммо Унинг амрига бўйсунмаса, у тавҳид аҳлидан эмас. Чунки Аллоҳ зотда ҳам, ҳукмда ҳам, ҳидоятда ҳам ягонадир.
Аллоҳ таоло Ал-Воҳиддир. Ал-Воҳид — зотда, илоҳликда, ҳукмда ва ҳидоятда мутлақ ягона бўлган Аллоҳдир; Унга шерик, тенг ёки муқобил йўқ.
Аллоҳ Ўзини Ал-Валий деб танитди. У мўминларнинг валийсидир. У қулларини ташлаб қўймайди, ҳидоятсиз қолдирмайди, золимларга топширмайди. Аллоҳ валийликни Ўзи белгилаган йўл орқали намоён қилади. Кимки Аллоҳ белгилаган валийлик тизимини рад этса, у Аллоҳнинг яқинлигини рад этган бўлади.
Шунингдек, Аллоҳ Ал-Волийдир — ҳукм юритувчи, бошқарувчи, амр қилувчи Зотдир. Унинг ҳукмига шерик йўқ. Унинг амрига мухолифлик қилиш — Аллоҳга мухолифлик қилишдир. Кимки Аллоҳга имон келтирдим деса, аммо Унинг ҳукмини қабул қилмаса, у имонида ростгўй эмас. Чунки имоннинг мавжудлиги итоат билан исботланади, сўз билан эмас.
Аллоҳнинг валийлиги ва волийлиги бир бутундир. волийликка асосланмаган валийлик нафсга эргашиш, валийликка асосланмаган волийлик эса, шаклчилик ва мутаассиб шариатчилик ҳисобланади. Шу сабабли ҳақиқий тавҳид Аллоҳнинг яқинлиги ва ҳукмини бирга қабул қилишни талаб қилади.
Бу илоҳий тартиб ва бошқарув вилоят механизми орқали юзага келади. Вилоят — ҳидоятнинг инсонлар орасидаги тирик валийлар орқали давом этишидир. У ҳиссий боғланиш эмас, балки илоҳий амрнинг давомийлигидир. Кимки Аллоҳнинг валийлари - вилоятни рад этса, у Аллоҳнинг ҳидоятини рад этган бўлади.
Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳини Пайғамбар қилиб юборди. Уни одамларга ҳужжат қилди. У зот орқали ҳақ ва ботил ажратилди, йўл очилди, ҳукм қарор топди. Пайғамбарнинг вазифаси фақат хабар етказиш билан чекланмаган эди; у итоат қилинадиган валий ва волий эди. Кимки унга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади; кимки ундан юз ўгирса, Аллоҳдан юз ўгирган бўлади.
Валийлик тизими Ғадир Хуммда очиқ баён қилинди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи Али алайҳиссаломни мўминларнинг мавлоси, валийси деб эълон қилди. Бу тавҳиднинг муҳофазаси, ҳидоятнинг узилиб қолмаслиги ва Аллоҳнинг валийлигига асосланган илоҳий ҳокимиятнинг давом этиши учун қилинди. Шу билан вилоят Аллоҳдан Пайғамбарга, Пайғамбардан Али алайҳиссаломга ва унинг наслидан келадиган Имомларга узлуксиз боғланди.
Шу маънода ҳақиқий тавҳид инсонни Аллоҳ белгилаган ҳидоят ва ҳукм низоми билан ҳаракат қилиши лозимлигини билдиради Кимки вилоят механизмини инкор қилса, у Аллоҳнинг йўлига эмас, ўз нафсига эргашган бўлади. Кимки Аллоҳнинг ҳукмини қабул қилмаса, у ўз нафси ва шайтоннинг ҳукмига бўйсунган бўлади
Comments
Post a Comment