Ҳақиқат мантиқ орқали эмас, Ақл билан идрок этилади
Инсон азалдан ҳақиқатни қидиради. У савол беради, излайди, ўқийди, таққослайди ва ниҳоят ўзича хулоса чиқаради. Аммо ҳақиқатни излаш билан уни ҳақиқий маънода идрок этиш ўртасида фарқ бор. Кўпчилик эшитади, камчилик англайди; кўпчилик эргашади, озчилик эса ҳақиқатнинг оғир юкини кўтара олади. Шу боис илоҳий таълимотлар ҳеч қачон оммавий идрок даражасида қабул қилинмаган, улар доимо синов, инкор ва ёлғизлик билан юзма-юз келган.
Мисол учун Исо алайҳиссалом каби пайғамбарларнинг таълимотларини ҳақиқий маънода идрок этганлар деярли бўлмаган, ҳатто унинг ўн икки ҳаворийси ҳам уларга берилган илоҳий илмларни тўлиқ англай олмаганалар. У зотга энг яқин бўлган талабаларидан бири, авлиё Шимъон Петр эса Исо алайҳиссаломни чормиҳга тортилишидан олдин уч марта инкор этади. Нуҳ алайҳиссаломга бармоқ билан санарли инсонларгина эргашган. Бу қонуният бугун ҳам ўзгармаган.
Бугун ер юзида миллиардлаб инсонлар турли динларга мансуб бўлиб, ўзларини иймон аҳли деб биладилар. Аммо уларнинг аксарияти жоҳил дин олимларига эргашиб, уларни билиб ёки билмасдан илоҳ даражасига кўтариб қўйган. Қолганлари эса ўз нафсидан бошқасига эргашмайди. Улар эргашган нарса Аллоҳнинг ҳақиқий вакиллари эмас, балки ўз хаёлларида қуриб олган бут ва санамлардир, яъни ўз фикрлари ва тушунчаларидир. Бу эса, аслида, шайтонларга эргашишдан бошқа нарса эмас.
Айнан шу сабабли бир-бири билан ихтилоф қилмайдиган, душманлик ва нафратдан холи жамоалар деярли мавжуд эмас. Бу ҳолат иблиснинг очиқ ғалабасидир.
Инсон кўпинча ҳақиқатга ақл билан эмас, мантиқ орқали етишаман деб ўйлайди ва мантиқни ақл деб тасаввур қилади. Ҳолбуки, у ақлнинг аслида қалбнинг идроки эканлигидан бехабар. Ақл — бутун борлиқни қамраб олган Аллоҳнинг Ал-Алийм ва Ал-Ҳакийм исмларининг нуридир. У фақат покланган инсон қалбида тажаллий этади ва шу орқали оламнинг ҳақиқати ва ҳикматини англаш мумкин бўлади.
Қалб кўзлари очилган инсонларнинг барчаси коинотга айни бир нуқтадан, айни бир кўз билан қарайди ва идрок этади. Покланган қалб куллий Ақлнинг коинотни қамраб турган электромагнетик сигналларини аниқ ўқийди ва уларни идрокка айлантиради, ҳақ ва ботилни ажратади, оламни унинг асл кўринишида кўра бошлайди. Шу пайтда инсон инсониятнинг деярли барчаси тирик мурдалардан, яъни руҳсиз, аммо жисман жонли маҳлуқлардан иборат эканини англаб етади.
Мана шу сабаблар туфайли Аллоҳнинг ҳузуридан илм билан келган зотлар доимо ёлғиз бўлиб келган. Инсонлардан иборат оломон уларга нафрат ва паст назар билан қарайди, сўзларини масхара қилади. Бу муборак зотларнинг инсонлар орасида ёрдамчилари ҳам, ҳимоячилари ҳам бўлмайди. Чунки инсон деган мавжудот учун унинг шахсий кундалик ҳаёти, турмуши ва маишати руҳоний масалалардан устун қўйилади. Натижада жамиятлар бугунги кунда кўриб турганимиздек, чуқур инқирозга юз тутади.
Comments
Post a Comment