АЛЛОҲНИНГ АЛ-КАРИМ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

 


Аллоҳ Ўзини Ал-Карим — Энг Сахий, Энг Ҳурматли, Энг Эҳсонкор Зот деб Қуръонда икки марта зикр қилади.
Ал-Карим комил саховат соҳиби бўлган Зотдир. У барча фазилат, яхшилик ва шарафнинг манбаидир. Ал-Карим бандаларига нисбатан муомаласида ҳам ўта сахийдир: кечиради, ваъдасини бажаради ва энг қимматли неъматларни узлуксиз ато этади.

Энг Сахий, Энг Ҳурматли ва Эҳсонкор Зот

Карим, Акрам ва Икром сўзлари коф–ро–мим илдизидан келиб чиққан бўлиб, икки асосий маънони англатади:

  1. сахий, берувчи ва эҳсонкор бўлиш;

  2. улуғ, ҳурматли, қадрли ва шарафли бўлиш.

Бу илдиз Қуръонда 47 марта, саккиз хил шаклда келган. Масалан:
الأكرم (“Энг Сахий”),
كريم (“улугʻ, шарафли”),
كرامًا (“ҳурматлилар”),
المكرمين (“икром қилинганлар”),
الإكرام (“икром, ҳурмат”).

Араб тилида карим сўзи фақат “сахий” деган маъно билангина чекланмайди; у кўп маъноларни ўз ичига олади. Карим — бағрикенг, меҳрибон, мулойим, сабрли, олижаноб, пок ва фойдали бўлиш демакдир. Қисқача айтганда, ҳар қандай мақтовга лойиқ сифат карим деб аталади.

Шунинг учун қимматбаҳо тош карим деб аталади, фойдали мактуб карим, гўзал хулқли ва кўркам инсон ҳам карим деб аталади.

Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الْإِنسَانُ مَا غَرَّكَ بِرَبِّكَ الْكَرِيمِ ۝ الَّذِي خَلَقَكَ فَسَوَّاكَ فَعَدَلَكَ ۝ فِي أَيِّ صُورَةٍ مَّا شَاءَ رَكَّبَكَ

Маъноси:
Эй инсон! Сени улуғ Роббинг — Карим Зот ҳақида нима алдаб қўйди? У сени яратди, тўғри қилиб қўйди ва мувозанатли қилди. Қайси шаклда хоҳласа, сени ўша шаклда таркиб қилди.
(Қуръон, 82:6–8)

Яна Аллоҳ таоло айтади:

اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ

Маъноси:
Ўқи! Роббинг эса Энг Сахийдир.
(Қуръон, 96:3)

Ал-Каримнинг бошқа Исмлар билан боғлиқлиги

Ал-Карим исми барча яхшилик, шараф ва фазилатни ўз ичига олгани учун Аллоҳнинг кўплаб гўзал Исмлари билан узвий боғлиқдир.

У Ал-Ваҳҳоб (Беҳисоб Берувчи) ва Ар-Раззоқ (Ризқ Берувчи) Исмлари билан боғлиқ; чунки Аллоҳ бандаларига улар лойиқ бўлмаган неъматларни ҳам иноят этади. Ал-Карим сени ҳеч мажбуриятсиз яратди. У бутун дунёни сен учун яратди. Аллоҳ таоло айтади:

هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا

Маъноси:
У сизлар учун ердаги барча нарсани яратган Зотдир.
(Қуръон, 2:29)

Қуръон — фақат қонунлар мажмуаси эмас, балки шифодир. Намозлар — фақат маросим эмас, балки улкан ажрлар хазинасидир. Таомлар — битта тур эмас, балки турли таъм, шакл ва ҳидлардир. Бунинг барчаси — Ал-Каримнинг саховатидир.

Ал-Карим Ал-Афув (Кечирувчи) билан ҳам боғлиқ. Инсон гуноҳ қилади, унутади, аммо Аллоҳ унга сахийлик билан муомала қилади: гуноҳларни ёпади, сени тинч ҳаётда яшатади. Агар банда Унга қайтса, Аллоҳ нафақат гуноҳларни кечиради, балки уларни яхшиликларга айлантиради. У — Ат-Таввоб. Қандай сахий Робб!

Ал-Карим Аш-Шакур (Шукрни Қадрловчи) билан ҳам боғлиқ: инсон озгина ихлосли амал қилса ҳам, Аллоҳ уни улкан ажр билан мукофотлайди. Энг улуғ мисол — Жаннат: бу дунёдаги қисқа ибодатларга абадий неъмат!

Ал-Карим Ал-Ҳалим (Ўта Бардошли) билан ҳам боғлиқ: У берса — ўта сахийлик билан беради; осийлик қилинса ҳам — ўта ҳалимлик билан кечиради. Унинг кечириши ҳам каримонадир.

Ал-Карим Ал-Вадуд (Севувчи) билан ҳам боғлиқ. Аллоҳнинг илоҳий муҳаббатига лойиқ бўлиш — ўзига хос улкан саховатдир. Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَيَجْعَلُ لَهُمُ الرَّحْمَٰنُ وُدًّا

Маъноси:
Албатта, иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган зотларга Раҳмон муҳаббат бағишлайди.
(Қуръон, 19:96)

Ал-Каримнинг карам сифати ақлимиз етмайдиган даражада улуғдир.

Бу Исм билан қандай яшаш мумкин?

1. Ал-Каримга яқин бўлиш учун сахий бўлинг
Аллоҳнинг Исмлари икки турга бўлинади: фақат Унга хос бўлган Исмлар ва инсон ҳам улардан улуш олиши керак бўлган Исмлар. Ал-Карим иккинчи турга киради. Молингиз, вақтингиз, меҳрингиз ва сўзларингиз билан сахий бўлинг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи айтганлар:
«Сахий инсон Аллоҳга яқин, одамларга яқин, дўзахдан узоқдир. Бахил инсон эса Аллоҳдан узоқ, одамлардан узоқ, Жаннатдан узоқдир. Сахий жоҳил инсон бахил обиддан Аллоҳ наздида севимлироқдир».
(Термизий)

2. Қуръон ал-Карим билан яқин муносабат қуринг
Аллоҳнинг китоби карим, чунки у фойда, ҳидоят ва барака билан тўла. Ҳар куни ҳеч бўлмаганда битта оят ўқинг, уни тушунинг ва у хулқингиз, тафаккурингиз ва қалбингизни ўзгартиришини кузатинг.

3. Ислом рисолатини тарқатинг
Аллоҳ инсонни икром қилди ва мусулмон сифатида алоҳида шараф берди. Бу қадрни англаб, ақл ва қобилиятингизни уммат манфаати учун ишлатинг. Қуръон оятларини бошқаларга етказинг, бир ҳадис бўлса ҳам ўргатинг ва гўзал ахлоқ орқали Исломни намоён этинг.

4. Ал-Каримни ўрганинг

Аллоҳни, Унинг Исмлари ва сифатларини ўрганинг. Дунё ва шайтонга алданманг. Ал-Карим Ўзига итоат қилиб яшаганларни ҳеч қачон хор қилмайди. Дин билан яшаш “замонавий эмас” деган гапларга ишонманг. Бу дунёда кўп нарсага эга бўлиб, Аллоҳни инкор қилганлар охиратда улушга эга бўлмайдилар. Сиз У сабабли ва У учун яратилгансиз. Ақл ва қобилиятингизни Унинг ризосини топиш ва Унинг энг улуғ саховати — Жаннат учун сарфланг.

Эй Аллоҳ, эй Ал-Карим!
Сен Зотингда ҳам, муомалангда ҳам Энг Сахий ва Энг Ҳурматли Зотсан. Бизларни бошқаларга нисбатан сахий қил, гўзал ва олижаноб ахлоқ билан зийнатла, Китобингни тушуниш ва унга амал қилишни насиб эт. Исломнинг шарафли рисолатини тарқатишга ёрдам бер ва умматга йўқолган иззатни қайтар. Бизларни Сенинг неъматларинг учун доимо шукр қилувчилардан қил, эҳтиёжда фақат Сенга юзланадиганлардан қил ва ҳисоб-китобсиз Энг Юксак Жаннатга кирит. Омин.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ