Зикр ва Тасбиҳ ҳақида. Зикр Тасбиҳга қандай айланади?


«Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбиҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбиҳини англамайсизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират Зотдир». Мазкур Исро сураси 44 оятининг маъноси борлиқда икки шаклда намоён бўлади: мавжудотнинг тасбиҳи ва инсоннинг бардавом зикри (тасбиҳ)

Мавжудотнинг тасбиҳи — борлиқнинг Аллоҳни поклаб ёд этиши, яъни Унинг амри доирасида белгилаб қўйилган йўналишда, орбитада ҳаракат этишини билдиради. Зарралар орасидаги тортишиш, атомларнинг айланиши, коинотнинг мезон билан ӯлчовли ҳаракат қилиши — буларнинг барчаси тасбиҳдир, чунки борлиқ ўз тартибини ўзгартирмайди. Осмон жисмларининг ҳам айланиши, орбиталарнинг барқарорлиги, галактикалардаги ҳаракат шакллари шундай тасбиҳдир. 

Зикр — иродали амал. Инсон Аллоҳни тилида ёки ҳаёлида ёд этади, унинг исмини, каломини айтади, кўнгил ва тил бир ҳолатга келади. Бу — ихтиёр билан амалга ошади. Зикр давомийлик касб этса, яъни юришда, туришда, ўтиришда, ётишда, ҳатто уйқу ҳолатида ҳам зикр узилмаса, зикр инсоннинг табиатига, феъл-атворига айланади. Бу ҳолатда инсон Аллоҳни эслашни тўхтатмaйди — чунки қалб мутмаинна ҳолатида Аллоҳга тўла мойил бўлиб қолади. Ана шунда зикр тасбиҳга айланади. Бу — иродадан бошланган зикр амалининг маънавий-руҳоний ҳолатга, яъни тасбиҳга айланишидир.

Демак, борлиқда ҳар бир нарса истаса ҳам, истамаса ҳам тасбиҳ ҳолатида. Шу сабабли, инсоннинг вужуди ҳам тасбиҳ айтади, аммо биз уни англаёлмаймиз. Агар инсоннинг қалби зикрни кӯпайтирса, зикр давомий ва узлуксиз ҳолга етса, вужуд том маънода, онгли ва шуурли шаклда тасбиҳ ҳолатига кирган бўлади. Унинг ҳаракатлари, барқарор ҳолати ва ички ларзаси — унинг бутун ҳолати тасбиҳга айланади. Бу ҳолат фаришталарнинг тасбиҳига ўхшайди: улар итоатлари билан тасбиҳ ҳолатида турганидек, инсон ҳам ҳолати билaн тасбиҳ этади.

Мана шу маънода, тасбиҳ — бу руҳоний ҳолатдир; бардавомлик, итоат ва узлуксиз эслашдир.

Инсон учун тасбиҳ ва зикрдан кӯзланилган асосий мурод - ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасида Аллоҳнинг руҳи бизни қамраб турганини ҳис қила олишдир. Бу ҳис ҳудди баъзида устингизда бировнинг нигоҳини сезиб, атрофга ӯгирилганингизда кимдир сизга қараб турганини кӯрган ҳолатингизга ӯхшайди.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ