АЛЛОҲНИНГ АЛ-МУАХХИР ИСМИ ВА МАЪНОСИ
المُؤَخِّر
Аллоҳ Ўзини Ал-Муаххир — кимни, нимани хоҳласа кейинроққа қўювчи, вақти келгунга қадар сақлаб турувчи Зот сифатида танитади. Бу исм кечиктиришни ноҳақлик ёки эътиборсизлик деб эмас, балки илоҳий тартиб ва ҳикмат доирасидаги қарор сифатида англатади. Ортда қолиш йўқотиш эмас, балки ҳали ўз вақти келмаган ҳолат экани шу исм орқали тушинилади.
Ал-Муаххир исми Ал-Муқаддим исми билан жуфт ҳисобланади. Олдинга чиқиш ва орқада қолиш бир-бирига қарши қўйилмайди, чунки, иккаласи ҳам ягона жараённинг турли босқичларидир. Қачон олдинга ўтиш, қачон кутиш кераклигини инсон ўз хоҳиши билан эмас, илоҳий ўлчов билан англайди. Шу жиҳатдан бу исм шошилишни ҳам, ўзини орқада қолган деб баҳолашни ҳам бартараф этади.
Ал-Муаххир сўзи أ-خ-ر (ҳамза–хо–ро) илдизидан келиб чиққан бўлиб, луғавий жиҳатдан “кейинга сурмоқ”, “ортда қолдирмоқ” маъноларини қамраб олади. Бу илдиз фақат вақтда кечикишни эмас, балки аҳамият, мартаба ёки жараёндаги кейинги ўринни ҳам билдиради. Аллоҳга нисбатан эса Ал-Муаххир — ҳар бир нарсани сабр билан ўз вақтигача сақлаб, тартибга солувчи Зот эканини кўрсатади.
Ал-Муаххир исмини англаш сабрни мустаҳкамлайди. Ҳар бир имконият дарҳол очилиши шарт эмаслиги равшан бўлади. Кейинроқ очилиш баъзан йўқотиш эмас, балки тайёргарлик, тозаланиш ёки ҳимоя экани англашилади. Шошқалоқлик, сабрсизлик келтириб чиқарадиган безовталикдан, натижани зўрлаб олиш истагидан сақлайди.
Ал-Муаххир билан яшаш кутишга маъно беради. Кутиш ҳаракатдан тўхташ эмас, балки тўғри фурсатни пойлаш экани ойдинлашади. Шу орқали қарорлар шошма-шошарлик билан эмас, меъёр ва вазминлик билан қабул қилинади. Бу ҳолат ҳаётдаги узилишларни ички беқарорликка айлантирмасдан ўтказишга ёрдам беради.
Бу исм таққослаш, қиёс қилиш одатини сусайтиради. Бошқалар олдинга чиққан пайтларда ўзини орқада қолган деб ҳисоблаш туйғусини йўқотади. Чунки ҳар бир йўлнинг ўз вақти борлиги, кейинроққа қолдириш ҳам ҳикмат доирасида экани ойдинлашади. Шу билан ички хотиржамлик сақланади ва ҳаракатлар ўз маромида давом этади.
Эй Ал-Муаххир, Сен ҳар бир нарсанинг ўз ўрни ва вақти-соатини билгувчисан. Бизларни шошқалоқликдан асра, кутаётган нарсаларимизда сабр ва таманний қилаётган нарсалармизда қаноат бер. Биз учун хайрсиз бўлган амалларни кечиктир, биздан узоқлаштир ва хайрли нарсаларни тезлаштир, яқинлаштир. Нафсларини энг охирги ўринга қўйгувчи солиҳ бандаларингдан айла.
Comments
Post a Comment