Гуноҳ нима? Гуноҳнинг моҳияти — Нафсга зулм ҳақида мулоҳазалар


«Гуноҳ» форсча сўз бўлиб, «зарар», «зиён», «жазо талаб этилувчи жиноят» маъноларини билдиради. Қуръондаги ана шу маъноларни ўзида мужассам қилган тушунчалар тўплами туркий ва форсий тилларда «гуноҳ» сўзи билан ифода этилади.

Гуноҳнинг турлари, шакллари, даражалари ва шаръий жавобгарликлари ҳақида сон-саноқсиз манбаларда сон-саноқсиз маълумотлар мавжуд. Ушбу маърузада мен уларни қайтариб ўтирмайман, балки гуноҳнинг туб моҳиятига ўз йўналишимга асосланган ҳолда яхлитловчи ва умумлаштирувчи тушунтириш беришга ҳаракат қиламан. Ихчам ва соддароқ бўлиши учун гуноҳларни асосий икки синфга — маънавий гуноҳлар (ширк, кўз зиноси, кибр, ҳасад, ёлғон сўзлаш каби) ва жисмоний гуноҳларга (ҳаром луқма, ўғирлик, инсон ўлдириш, судхўрлик каби) бўлиб тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Кўпчиликка маълумки, инсон кўзининг нурни илғай олиш қобилияти 400 ва 700 нанометр орасида ҳисобланади. 1 нанометр метрнинг миллиарддан бир қисмига тенг. Инсон қулоғи эса фақатгина 20 герц ва 20 килогерц орасидаги товуш тўлқинларини илғай олади холос. Бу дегани инсон мавжуд бўлган сон-саноқсиз нур ва товуш тўлқинлари спектрининг ниҳоятда кичик қисминигина илғаш қобилиятига эга. Юксак технологик ускуналар билан кўпроқ тўлқинларни тасбит этиш мумкин, аммо бундай ускуналар ҳам мавжуд нур ва товуш спектрларининг барчасини илғай билиш қудратига эга эмас. Бу мисоллар билан айтмоқчи бўлганим — коинотда тасаввуримиздагидан анча юқори, биз илғай билиш имкониятига эга бўлмаган нур ва товуш частоталари, тўлқинлари мавжуд.

Ана шу мантиқни кимёвий элементлар жадвалига татбиқ этадиган бўлсак, водород атомидан бошлаб оганессон атомигача бўлган элементлар ҳам аслида фақатгина инсоннинг кузатиши, ҳис қилиши ва тажриба ўтказиши мумкин бўлган моддалардан иборат холос. Яъни борлиқда водород атомидан ҳам латифроқ, енгилроқ, фарқли тебранишларга эга зарралар мавжуд, аммо биз уларни илғаш салоҳиятига эга эмасмиз. Бу дегани, юқорида нур ва товушлар билан боғлиқ мисолдаги каби, модданинг зарраларини илғаш ва идрок этишда ҳам инсон сифатида тўсиқ ва чекловларга эгамиз. Яна қўшимча тарзда айтиш мумкинки, биз борлиқнинг фақатгина 5 фоизи ҳақида маълумотга эгамиз, аммо қолган 95 фоизи ҳануз англаб етилмаган қора модда ва қора энергиядан иборат. Яъни биз билган бутун билимлар борлиқнинг шу 5 фоизлик қисми ҳақидаги маълумотларга асосланади. Бу инсон билим даражасининг нақадар пастлигини ва борлиқнинг нақадар улкан сир ва синоатлар билан тўлалигини англатади.

Баъзи тингловчилар гуноҳ ҳақидаги ушбу маърузанинг юқорида берилган илмий маълумотлар билан қандай боғлиқлиги борлигини тушунмаётган бўлишлари табиий. Гап шундаки, коинот, яъни материя атом зарраларидан ташкил топгани каби, инсон ҳис-туйғулари, эҳтирослари, фикрлари ва ўй-ҳаёллари ҳам муайян фундаментал зарралардан ташкил топган, аммо бу зарралар водород атомидан ҳам илгарироқ келувчи, кимёвий элементлар жадвалига киритиш имкони бўлмаган латиф субстанциялардир. Ушбу фундаментал субстанциялар биз қора модда ва қора энергия деб номлаётган, нима эканини ҳануз тушуниб етмаган борлиқни ташкил этувчи субстанцияларга ўхшашдир. Демак, сув қандай қилиб водород ва кислород элементларидан ташкил топган бўлса, инсоннинг фикрлари, ҳислари ва ўй-ҳаёллари ҳам муайян латиф субстанциялардан ташкил топган.

Инсон танасининг органлари, шу жумладан мияси, маълум шартлар остида мавжуд ҳолатларга муайян реакция, таъсир кўрсатади. Ана шу биокимёвий реакция натижасида энергия оқими, латиф субстанция ёки зарралар юзага келтиради ва натижада севги, нафрат, ҳомушлик, бахтиёрлик, раҳмдиллик, ғараз каби турли ҳис-туйғуларни, фикр ва ўй-ҳаёлларни пайдо қилади. Бу туйғу ва фикрлар маълум вақтдан сўнг ўз таъсир кучини йўқотиши ва унутилиши мумкин, аммо асло йўқ бўлмайди. Уларнинг барчаси — ҳис-туйғу ва фикрларимиз латиф зарралардан иборат бўлгани сабабли инсоннинг нафсига юкланиб борилади. Масалан, бир эркак маҳрами бўлмаган аёл билан хаёлида зино қилса, ана шу хаёл латиф зарралардан ташкил топгани учун кўз зиноси қилган инсоннинг нафсига Кироман Котибийн томонидан юклаб қўйилади. Айни мисолни бошқа инсон ҳақида ёмон фикрлаш, кин, гина-кудурат сақлаш, ғийбат қилиш, асоссиз нафратланиш каби ҳолатларга ҳам келтиришимиз мумкин. Бу каби жирканч амаллар ҳеч шубҳасиз амал дафтарларимизга қайд этилиб, ҳисоб-китоб куни тарозининг гуноҳлар палласига қўйилади. Айни тарзда, севги-муҳаббат, меҳр-шафқат, мурувват, яхши ният ва дуолар тарозининг савоблар палласига қўйилади.

Маънавий гуноҳларнинг асосий буюртмачиси — Нафсдир. Чунки Нафс инсон вужудининг ҳужайраларидаги электромагнитик оқим натижасида вужудга келгани сабабли баданимиз учун лаззат талаб қилади: масалан, жинсий алоқа, маст қилувчи ичимликлар, наркотик моддалар, кибрга асосланган туйғулар — ҳасад, манфаатпарастлик, мансабпарастлик ва бошқалар. Шу тарзда Нафс ақлга босим ўтказади, ақл эса ўз навбатида мия фаолияти орқали биокимёвий реакциялар воситасида маънавий гуноҳларни рўёбга чиқарувчи латиф субстанцияларни пайдо қилади. Маънавий гуноҳларнинг хавфли жиҳати шундаки, улар негатив энергия оқими таъсирида ҳосил бўлгани учун инсон миясида маълум тармоқ пайдо этади ва негатив фикр ҳамда ҳис-туйғуларга кўникма ҳосил қила бошлайди. Гуноҳлар қанча кўп такрорлангани сари эса нафсни улардан поклаш мураккаблашиб бораверади. Охир-оқибат гуноҳлар билан тўлдирилган инсон нафси жинлардан бўлган шайтоний кучлар учун қулай муҳитга айланади ва натижада маънавий гуноҳларни такрорлайверган инсоннинг шайтонийлашиш жараёни бошланади. Бундай аҳволга тушишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Шу сабабли нафсимизни ҳар турли офатлардан, негатив фикрлар ва ҳис-туйғулардан холи, пок тутишимиз, нафс тарбияси билан шуғулланишимиз жуда муҳим. Тасаввуф илми бизга нафсни маънавий гуноҳлардан поклаш усулларини ўргатади.

Жисмоний гуноҳлар ҳақида қисқача сўз юритадиган бўлсак, бу гуноҳлар аввало инсон ва жамият соғлиғига зарар етказувчи феъл-амаллардир. Бирор киши, ташкилот, жамият ёки давлатга оид мол-мулкни талон-тарож этиш зарар етказилган томоннинг ҳаққига хиёнат саналади ва Аллоҳга ҳамда Унинг адолат тизимига қарши уруш очиш билан тенглаштирилади. Бир инсонни ноҳақ ўлдириш Аллоҳ берган жонга эгалик қилишга уриниш, ўзини илоҳлик даражасига кўтаришга ҳаракат сифатида баҳоланади ва Аллоҳнинг омонатига хиёнат ҳисобланади. Ҳаром таомлар эса инсон вужудига киргандан сўнг танамизнинг бир бўлагига ва вужудимизни ҳаракатга келтириб турувчи энергияга айлангани сабабли, ўздаги негатив таъсирга эга тебранишлари, вибрациялари орқали ҳужайраларимиздаги ДНКларга салбий таъсир ўтказади ва бутун танамиз учун зарарли мутация ҳамда бошқа турли ўзгаришларнинг юзага келиш эҳтимолини оширади. Доимий ҳаром луқма тановул қилувчиларнинг феъл-атвори ва маънавиятида салбий жиҳатлар пайдо бўла бошлайди. Бу ўз навбатида ақлга зарар беради, маънавий гуноҳларга эшик очади ва инсонда ғазаб, нафрат, ҳасад, инкорчилик, калтафаҳмлик ва шу каби кўплаб бошқа салбий ҳис-туйғуларга мойиллик уйғотади. Кўриб турганимиздек, маънавий ва жисмоний гуноҳлар аслида бир танганинг икки юзи бўлиб, бири бошқасига етаклайди.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ