АЛЛОҲНИНГ ДИНИ НИМА? ҲАҚИҚИЙ ИСЛОМНИНГ АСОСЛАРИ

Аллоҳнинг дини — мустаҳкам структурага эга бўлган система бўлиб, Аллоҳнинг руҳи юкланган раббоний-руҳоний Инсонга асосланади. Бундай инсон Аллоҳнинг ердаги суратидир. Башарият Аллоҳни ана шу элчи — илоҳий сурат воситасида танийди, эшитади, ахлоқланади ва амал қилади. Аллоҳ ўз суратида яратган зотлар ҳар бир давр ва замонда инсонларга Аллоҳни танитиш ва унинг илму-ҳикматларини ўргатиш, сиротул мустақиймдан оғиб кетмасликлари учун узлуксиз юбориб турилади.

Аллоҳнинг дини замоннинг Имоми тафсир қилиб изоҳлаб берган Қуръон, Инжил ва Таврот муштараклигига асосланади. Бу уч китобда келган қиссалар бир-бирини изоҳлайди ва тўлдиради. Қуръон, Инжил ва Тавротда нотўғри тафсир қилинган оятларнинг асл маъноларини очиб беради.

Аллоҳнинг дини инсонни аввал шариат қонунлари билан тарбиялайди ва сўнгра камолотга эришган нафсни эркинликка чиқаради. Натижада инсоннинг иродаси Аллоҳнинг иродаси билан уйғунлашади. Инсон Аллоҳнинг ердаги ўринбосари унвонига эга бўлади.

Комил нафсга эришган инсон Олий Мақом соҳиблари Аълийин тасарруфидаги Иллийин саҳифаларига ёзилади (Сура 83:18–20) ва Аллоҳ инъом этган шахсий оламини — жаннатини ўз истак-ҳохишларига биноан тузиш, уни хоҳлаганидек тасарруф этиш ҳаққига эга бўлади.

Аллоҳнинг динини диндорлар ва дин олимлари эмас, ҳар бир даврнинг ўз Имоми, яъни Одам алайҳиссалом каби муқаддас руҳ билан қувватланган зот — Аллоҳнинг ваколатли элчиси тамсил этади, чунки ана шундай зот Аллоҳнинг илмини ва исмларини ўзида очиққа чиқаради. Фақат ана шу зот Аллоҳнинг вакили сифатида инсонларга Аллоҳни танитади ва унинг ҳукмларини етказади. Муқаддас руҳни ўзида зуҳур этган зотнинг айтган сўзи Аллоҳнинг сўзи саналади, унинг иродаси Аллоҳнинг иродаси ҳисобланади. Шу сабабли барча инсонлар Аллоҳнинг руҳи юкланган инсонга итоат қилиш орқали ҳақиқий динни яшайди ва амал қилади.

Аллоҳнинг руҳи юкланган илк инсон Одам алайҳиссалом эди. Одам халифаликни/имомликни ўз ўғли Ҳобил, кейин эса Шис алайҳиссаломларга қолдирган, улар эса, ўз навбатида Идрис ва Нуҳ алайҳиссаломларни имомликка тайинлаганлар. Ана шу зайлда узилмас занжир сифатида давом этган халифалик ёки даврнинг имомлиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламгача, ундан сўнг 12 Имом ва эндиликда 12 Маҳдийгача давом этиб келмоқда. 

Ўзида Аллоҳнинг руҳи мужассам бўлган зотлар ўзларидан олдин келган Набий ва Расулларни тасдиқлашган ва ўзларидан кейин келадиган даврнинг имомларини тўғридан-тўғри ёки башорат ва хабар йўли билан ҳужжатларда ёзма шаклда ёзиб қолдиришган. 12 Имом ва Маҳдийларнинг илк учталиги — Муҳаммад, Аҳмад ва Абдуллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам тарафидан ҳадис манбаларига биноан башорат қилиниб номлари билан васиятномада зикр қилинган.

ТАВРОТНИНГ «ҚОНУНЛАР» КИТОБИ 29-БОБИДА ҚУЙИДАГИ ОЯТЛАРНИ ЎҚИЙМИЗ:

  1. Эгамиз Исроил халқи билан Синай тоғида қилган Аҳдидан ташқари, Мусога Моъобда Исроил халқи билан Аҳд қилишни амр этган эди.

  2. Мусо бутун Исроил халқини йиғиб, ўша Аҳд шартларини уларга қуйидагича тушунтирди: Эгамиз Мисрда фиръавнни, унинг аъёнларини, бутун юртини кўз олдингизда нималар қилганини кўрдингизлар.

  3. Оғир синовларнинг, даҳшатли аломату мўъжизаларнинг гувоҳи бўлдингизлар.

  4. Лекин шу пайтгача Эгамиз сизларга англайдиган онг, кўрадиган кўз, эшитадиган қулоқ бермади.

  5. У сизларни қирқ йил саҳрода олиб юрди. Шу даврда кийимингиз эскирмади, оёғингиздаги чоригингиз тўзимади.

  6. Нон емадингиз, шароб, ўткир ичимлик ичмадингиз. Буларнинг ҳаммасини У Эгангиз Худо эканлигини билишингиз учун қилди.

ҚОНУНЛАР 31

  1. Мусо бутун Исроил халқига юқоридаги сўзларни айтиб бўлгандан кейин,

  2. шундай деди: — Ҳозир 120 ёшдаман, мен сизларни жангларга бошлаб бора олмайман. Эгамиз менга: «Сен Иорданнинг нариги томонига ўтмайсан», деб айтган.

  3. Сизлар Эгангиз Худонинг бошчилигида Иорданнинг нариги томонига ўтасизлар. Эгамиз у ерда яшайдиган халқларни йўқ қилади. Сизлар уларнинг юртига эгалик қиласизлар. Эгамизнинг ваъдасига кўра, Ёшуа сизларнинг йўлбошчингиз бўлади.

ҚОНУНЛАР 34

  1. Мусо ўлимидан олдин Ёшуага қўлини қўйиб, уни йўлбошчи қилиб тайинлаган эди. Нун ўғли Ёшуа ни Худо ҳикмат руҳи билан тўлдирди. Исроил халқи Ёшуага бўйсунди, Эгамиз Мусога буюрганларнинг ҳаммасини улар қилди.

Юқорида ўқилган оятларга мувофиқ, Мусо алайҳиссалом ўлими олдидан Ёшуа алайҳиссаломни ўзидан кейинги халифа, давр имоми қилиб тайинлади ва Ёшуага қўлини қўйиб Исроил халқига унга бўйсунишга амр қилди. Исроил халқи бу амрга итоат этди.

Энди Исо алайҳиссалом ўзининг ворисини тайинлаган оятларни ўқиш учун Инжилга мурожаат қиламиз. Ундан олдин Исо алайҳиссаломнинг ҳаворийлардан бўлган Шимоън ҳақида қисқача маълумот бериб ўтаман. Шимоън исмли яҳудий йигит Исо алайҳиссаломнинг ҳаворийларидан бири бўлгандан сўнг Исо алайҳиссалом унга Бутрус, яъни Петрос, ёки рус тилида Петр лақабини беради. Бу сўзнинг маъноси қоя дегани. Ҳозирги Иорданиядаги қойалар ичига қурилган шаҳар, яъни Петра шаҳри ҳам «қоя» маъносини билдиради. Демак, Петр улкан харсангтош, йирик қоя демакдир.

ИНЖИЛНИНГ МАТТО КИТОБИ 16-БОБИДА ШУНДАЙ ДЕЙИЛАДИ:

МАТТО 16

  1. Исо Шимоън Бутрусга (яъни авлиё Пётрга) деди: — Сен бахтлисан, эй Юнус ўғли Шимоън! Ахир, бу сирни сенга инсон эмас, балки осмондаги Отам очиб берган.

  2. Бутрус, сенга шуни айтай: сенинг исминг қоя-ку! Мана шу қоя устига Мен Ўзимнинг жамоатимни қураман. Ҳатто ўлим шоҳлиги ҳам жамоатимга бас кела олмайди.

  3. Осмон Шоҳлиги калитларини Мен сенга бераман. Ер юзида сен нимани таъқиқласанг, осмонда ҳам таъқиқланади. Ер юзида сен нимага ижозат берсанг, осмонда ҳам ижозат берилади.

Юқоридаги оятлардан маълум бўладики, авлиё Петр Аллоҳнинг иродасини ифода этади, Аллоҳнинг ердаги айтган сўзи ва кесган қиличи бўлади. Исо алайҳиссалом ўзидан кейин даврнинг имоми сифатида авлиё Петрни танлайди ва уни барча мўминларнинг йўлбошчиси эканини эълон қилади. Исо алайҳиссалом таълимотни кейинчалик авлиё Петр давом эттиради. Шу сабабли Исо авлиё Пётрга ўз таълимотнинг пойдеворини ташкил этувчи «қоя» лақабини беради. Худди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ҳазрат Алига Абу Туроб, Сайфуллоҳ ва Асадуллоҳ каби лақабларни бергани каби.

Суннийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ўзидан кейин халифа тайин этиб қолдирмади, шу сабабли саҳобалар ўзлари ўз халифаларини сайлаб олаверадилар деган асоссиз фикр билан асрларча яшаб келдилар. Аммо бу Одамдан бери узилмас занжир сифатида келаётган анъана, яъни суннатуллоҳга зид бўлган гапдир. Ер юзида ҳеч бир давр бўлмаганки, Аллоҳнинг руҳи юкланган бир зот инсонларга имом қилиб қўйилган бўлмасин. Агар исломий манбаларга чуқурроқ қараладиган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ўзидан сўнг аниқ ва қатъий шаклда ўринбосар - халифа тайин этганини кўришимиз мумкин.

Ан-Насоийнинг «Ас-Сунан ал-Кубро» ҳадислар тўпламида қуйидаги ҳадис келган бўлиб, унга «Хумм» ваъзи ҳам дейилади. Бу ваъз Пайғамбаримизнинг вафотларидан 3–4 ой аввал нутқ қилинган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам бизга нутқ сўзлаш учун ўринларидан турдилар. Аллоҳ таолога ҳамд айтди ва Уни эслатди, сўнг: «Мен мўминнинг устидан унинг ўзидан кўра кўпроқ ҳукмронлигимни билмайсизми?» деди. Улар: «Ҳа, биз гувоҳлик берамизки, сен мўминнинг устидан ўзидан кўра ҳукмронроқсан», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Алининг қўлларини тутиб: «Мен кимнинг валийси — ҳукмдори бўлсам, Али ҳам унинг валийси — ҳукмдоридир», дедилар. Ан-Насоий, «Ас-Сунан ал-Кубро», 5-жилд, 131-бет, 8469-ҳадис.

Агар эътибор берган бўлсангиз, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг ҳазрат Али ни ҳокимият вориси этиб тайинлаши ҳодисаси Исо алайҳиссаломнинг авлиё Пётрни имом этиб тайинлашига ва айниқса Тавротда Мусо алайҳиссаломнинг Ёшуа алайҳиссаломни ўзидан кейин ҳукмдор этиб тайинлаши билан жуда ҳам ўхшаш. Ҳар икки Пайғамбар, яъни Мусо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар ўзларининг вафотларидан бир муддат олдин оммани тўплаб, уларга нутқ ирода қиладилар. Ҳар икки ҳолатда ҳам ўз умматларидан валиаҳд тайинлаш маросимига гувоҳ бўлишларини талаб қиладилар ва ҳар икки воқеада ҳам пайғамбарлар қўлларини ўз ўринбосарларига теккизган ҳолда, мўминларга ҳам уларга итоат этишларини амр қиладилар. Бу ўхшашлик ва ҳодисаларнинг такрорига тасодиф деювчилар олам тасодифан пайдо бўлиб қолди деювчилар билан бир хил мантиқ соҳибидирлар.

Абу Mуслимдан келган 2408-ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Макка ва Мадина ўртасида жойлашган «Хумм» номли кўлмак ёнида бизга нутқ сўзлаш учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, эслатди, сўнг: «Эй одамлар! Аллоҳ томонидан чақириладиган ва мен бу чақирувга жавоб берадиган вақт яқинлашиб қолганга ўхшайди (яъни ўлим соати). Мен сизга иккита қимматбаҳо нарсани қолдираман. Улардан биринчиси Аллоҳнинг китобидир, унда нур ва ҳидоят бор... Иккинчиси эса менинг аҳли байтимдир. Аллоҳ номи билан сизларга Аҳли Байтим ҳақида эслатаман. Аллоҳ номи билан сизларга Аҳли Байтим ҳақида эслатаман. Аллоҳ номи билан сизларга Аҳли Байтим ҳақида эслатаман.»

Бу ерда Аҳли Байтдан мурод Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн алайҳиссаломлардир. Бунинг исботи «Муснад» сараланган ҳадислар тўпламида Имом Термизийдан келган қуйидаги ҳадисга таянади:


3733. Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайннинг қўлидан тутдилар ва шундай дедилар: «Ким мени севса, бу икки болани, буларнинг оталарини ва онасини севса, Қиёмат куни юксак даражаларда мен билан бирга бўладилар».
(Муснад: 543) Имом Термизий: Бу ҳадис ҳасан ғариб.

3731. Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Алига: «Менга нисбатан сен Мусога нисбатан Ҳорун кабисан, фақат мендан кейин Пайғамбар йўқдир», дедилар. Яъни Ҳоруннинг Мусо алайҳиссаломга ҳам биродарлиги, ҳам ўринбосарлиги назарда тутилади.

(Бухорий, «Маноқиб», 27; Муслим, «Фазоил», 17) Имом Термизий: Бу ҳадис ҳасан саҳиҳ.

Мен халифалик мавзусида аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди, яъни инсонлар ўзлари халифаларини сайлов орқали тайинлаб олса бўлади деган ақидаларини чиритадиган яна кўплаб ҳужжат ва далиллар келтиришим мумкин, аммо қалбида заррача эҳсон, холислик ва виждони бор одам учун юқорида берилган маълумотлар етиб ортиб туради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам шубҳасиз ўзидан сўнг ўринбосар тайинлаб қолдирди, чунки бу пайғамбарларнинг Одам алайҳиссаломдан бери узилмай келаётган анъанасидир. 

Бу анъанага ҳам Қуръонда, ҳам Тавротда, ҳам Инжилда очиқ-ойдин далиллар мавжуд. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам асло бу анъанага қарши иш тутмаган, ҳатто ҳазрат Али нинг халифалик тайинини ёзма ҳолда ҳам қолдирганлар, шу жумладан кейинги келадиган 11 имомнинг исмларини ҳам. Вафотларидан бир неча кун олдин мўминларни адашиб кетмасликларини таъминлайдиган ҳужжатни ёзиб қолдириш учун қалам ва дафтар сўраганларида саҳобаларидан бири «бизга фақат Қуръон етади» дея қаршилик қилиб жанжал чиқаришга ҳаракат қилган бўлмасин, Пайғамбаримиз бир муддат сўнг хос яқинлари даврасида бу ҳужжатни ёзиб қолдирганлар. Бу ҳужжат фақат шиа манбаларда келадиган ҳадисларда сақланиб қолган.

Аллоҳнинг дини ҳар он яшамоқда, нафас олмоқда. Дин ҳар бир даврда тирикдир, жонийдир, чунки Дин — орамизда яшаётган, Аллоҳнинг руҳи билан қувватланган Инсондир. Бугун Аллоҳнинг Дини одамзод яратилгандан бери Аллоҳ ва инсонлар ўртасида тузилган шартнома ёки Аҳдлашувлар орқали содда ва оддийликдан мукаммаллик сари босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Бу аҳдлашувлар бизнинг асримизгача 6 босқични босиб ўтди. Улардан биринчиси Аллоҳ ва Одам алайҳиссалом ўртасида тузилган аҳдлашув эди.

Тоҳо сурасининг 115-оятида шундай дейилади: «Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик». Аллоҳ Одам алайҳиссаломга фақат биргина амр берган: бу таъқиқланган дарахтдан емаслик эди, эвазига у ва жуфти жаннатдан истаганларича тасарруф этиш ҳаққига эга қилинган эди. Дарахт илк аҳдлашувнинг рамзига айланади. Кейинчалик Одам алайҳиссалом ва жуфти Иблиснинг васвасасига, тузоғига илиниб, таъқиқланган дарахтдан едилар ва жаннатдан ҳайдалдилар.

Одам алайҳиссалом жаннатдан ҳайдалгандан сўнг унинг узоқ йиллик тавба-тазарруси қабул қилинади. Аллоҳ Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтига ўзларидан кўпайишликка амр қилади, ер юзидаги мева ва сабзавотлар ҳалол қилинади, яъни улардан тановул қилишга ижозат берилади. Одамзод кўпайиб, ер юзи бўйлаб тарқалгандан сўнг улар орасида Қобил орқали тарқалган, асли Иблиснинг уруғидан бўлган инсонлар амалдаги Одам алайҳиссалом қурган жамиятга ва тузумга қарши ўз тузумларини барпо қиладилар ва ер юзи бўйлаб Одам алайҳиссаломнинг уруғидан бўлган инсонларни ўлдириш, уларга зулм қилиш ва уларнинг қонини тўкиш авж олади.

Натижада, Аллоҳ одамзод орасидан Нуҳ алайҳиссалом ва унга итоат қилган бир неча инсонни танлаб олиб, қолган бутун инсонларни буюк тўфон билан сувга ғарқ қилади. Шу шаклда Одам алайҳиссалом, унинг фарзандлари ва Аллоҳ ўртасида тузилган аҳдлашув бузилади ва бекор қилинади. Натижада Нуҳ алайҳиссалом, унинг зурриётлари ва Аллоҳ ўртасида аҳдлашув тузилади. Бу Аллоҳ ва инсоният ўртасидаги иккинчи аҳдлашув эди. Мазкур шартномага биноан инсонлар кўпайишликка ва ер юзида ҳеч бир жонлини ўлдирмасликка амр қилинади. Қотиллик учун илк бор жазо тайин қилинади. Ҳайвонларни фақат Аллоҳга қурбон келтириш мақсадида сўйишлари ва гўштидан тановул қилишларига руҳсат берилади, яъни қурбонлик гўшти ҳалол қилинади. Бу аҳдноманинг рамзи янги давр, униб-ўсиш, кўпайиш, тинчлик ва софликни ифода этувчи Камалак ҳисобланади.

Нуҳ алайҳиссалом билан тузилган аҳдлашув қадимий Вавилон ҳукмдори бўлган Намруднинг Аллоҳнинг руҳи билан қувватлантирилган Иброҳим алайҳиссаломни ўлдиришга қасд қилишидан сўнг бузилади. Намруд Қобил орқали тарқалган Иблиснинг уруғидан бўлиб, шайтонларга ва оловга сиғинар эди. Чунки оловга сиғиниш Қобилдан қолган анъана, сохта дин бўлиб, Ҳобилнинг қурбонлиги чақмоқ уриши орқали Аллоҳ тарафидан қабул қилинганини кўрган Қобил, ўзи олов ёқиб, уни илоҳ қабул қилиб оловга сиғина бошлайди. 

Бу анъанани унинг зурриёди бўлган Намруд давом эттиради ва шу сабабли Иброҳим алайҳиссаломни ўзининг илоҳларига қурбонлик сифатида оловга ташлайди. Аммо Аллоҳнинг амри билан олов бу қурбонликни қабул қилмайди, натижада Иброҳим алайҳиссаломга ҳеч бир зарар етмайди. Бу воқеадан сўнг Аллоҳ Намрудни жазолайди, Вавилонни яксон қилади, унинг халқини бири-бирини тушунмайдиган тилларда гапирадиган қилиб қўяди. Шундан сўнг, Аллоҳ Иброҳим алайҳиссалом билан аҳдлашув тузади. Бу Аллоҳ ва одамзод орасида имзоланган 3-аҳдлашув эди. Мазкур аҳдлашувга биноан Иброҳим алайҳиссаломга, унинг зурриётларига ва Иброҳим алайҳиссаломнинг динига эргашган эркакларга жинсий олаларининг терисининг учки қисмини кесиш, бугун суннат дейилгувчи амал фарз қилинади. Мана шу йўл билан муслима аёллар ўзлари тўшакка ётаётган эркакнинг Одам алайҳиссаломнинг зурриёди ёки Қобил орқали тарқалган Иблиснинг зурриёти эканлигини билишлари мумкин бўлади.

Иброҳим алайҳиссалом билан тузилган шартномани Исҳоқ, ундан сўнг Яъқуб, яъни Исроил, ундан сўнг Юсуф алайҳиссаломлар мерос қилиб олдилар ва амал қилдилар. Юсуф алайҳиссаломнинг вафотидан сўнг Миср подшоҳининг аъёнлари Юсуф алайҳиссалом ўрнатиб кетган диний қонун-қоидаларини буза бошладилар, кўпхудолик, ширк авж олди. Бани Исроил эса бу ишларга қаршилик қилмади, аксинча ўзлари ҳам ширк ботқоғига ботишди, Иброҳим алайҳиссаломнинг динини тарк этишди. Натижада Аллоҳнинг Иброҳим алайҳиссалом ва унинг зурриётлари билан тузган аҳдлашуви бузилди ва Аллоҳ Бани Исроилни Миср подшоҳларига 400 йил мобайнида қул бўлишга маҳкум қилди.

Бани Исроилга берилган жазо муддати тугагандан сўнг, Аллоҳ улар орасидан Мусо алайҳиссаломни танлаб олди ва у билан аҳдлашув тузди. Мусо алайҳиссалом, унинг уммати ва Аллоҳ ўртасида тузилган аҳдлашув Моъида сурасининг 12-оятида қуйидагича келади: «Батаҳқиқ, Аллоҳ Бани Исроилдан Аҳднома олди. Улардан ўн иккитасини нақиб қилиб юбордик. Ва Аллоҳ: “Албатта, Мен сизлар биланман. Агар намозни қоим қилсангиз, закотни берсангиз, Пайғамбарларимга иймон келтирсангиз, уларни қўлласангиз ва Аллоҳга яхши қарз берсангиз, албатта, сизнинг хатоларингизни кечираман ҳамда сизни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритаман. Бас, бундан кейин ҳам сиздан ким куфр келтирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўладир”, деди». Бу Аллоҳ ва одамзод ўртасидаги 4-аҳдлашув бўлиб, унинг рамзи Шаббот куни ва ачитқисиз нон ҳисобланади. 

Мусо алайҳиссаломнинг давригача бармоқ билан санарли шариат қонунларининг сони Мусо алайҳиссалом пайғамбарлиги замонида 300 тадан ошиб кетади. Бани Исроил ўзларига жуда кўп нарсани ҳаром қилиб олганлари сабабли Аллоҳ бу ҳаромларни шариат қонунига айлантиради ва уларни ўзлари чиқариб олган таъқиқларга, ҳаром ва ҳалолларга амал қилишларини мажбурий қилиб қўяди. Бундан ташқари, Мусо алайҳиссалом Шанба кунини Аллоҳга атайди ва бу кунда ҳар қандай дунёвий ишлардан тийилиб, бутун вақтни охират учун керакли амалларга сарфлашни мажбурий қилиб қўяди, Иброҳим алайҳиссаломнинг чақалоқларни суннат қилиш амалини ҳам Бани Исроил учун фарз қилиб белгилайди. Қизиққанлар учун маълумот: Мусо алайҳиссалом билан тузилган Аҳднома Тавротнинг «Чиқиш» китоби 19 ва 20-бобларида кенг ва батафсил ёритиб берилган.

Сулаймон алайҳиссалом даврига келиб Бани Исроил фаровонликнинг юқори чўққиларига чиқади ва айни дамда чўкиш бошланади. Сулаймон алайҳиссаломнинг турли халқ ва элатларга оид бўлган беҳисоб хотинлари ва жориялари, улар орасидаги ҳасад, мавқе учун кураш, ўз қавмларининг худоларига сиғиниш каби ўнлаб салбий таъсирлар подшоҳликни ичидан емиради ва Сулаймон алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Бани Исроилнинг бир қисми яна кўпхудоликка қайтади. Қолган қисми эса Аллоҳ илм ва ҳикмат берган зотларга ҳасад қилиш дардига мубтало бўлиб Аллоҳнинг руҳи билан қувватлантирилган зотларни инкор қилишни одат қилиб оладилар. Улар ўта шариатчи инсонларга айланиб, тасаввуфдан, руҳоният ва маънавиятдан буткул узоқлашиб кетадилар. 

Натижада виждонсиз, самимиятсиз, қалб кўзлари кўр, қалб қулоқлари эшитмайдиган қилиб қўйилади, яъни қалбларига муҳр урилади. Улар Аллоҳнинг элчилари бўлган кўп зотларни, жумладан Закариё ва Яҳё алайҳиссаломларнинг ўлимларига сабаб бўлишади. Тавротнинг оятларини ўз манфаатлари учун ўзгартириб тафсир қиладилар, баъзан сўзларни ўзгартирдилар. Бу Моъида сурасининг 13-оятида шундай ифода этилади: «Аҳдларини бузганлари учун уларни лаънатладик ва қалбларини қаттиқ қилдик. Улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирдилар. Ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Уларнинг озгиналаридан бошқаларидан мудом хиёнат кўрасан. Бас, уларни афв эт ва айбларини ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севар».

Натижада Аллоҳ Исо алайҳиссалом билан янги аҳдлашувни тузади. Бу Аллоҳ ва инсонлар орасидаги 5-аҳдлашув эди. Бу аҳдлашувга биноан Исо алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг баъзи шариат қонунларини қолдирди, баъзиларини ўзгартирди. Хусусан, кўпхотинлилик таъқиқланди ва эр-хотиннинг ажрашиши ман қилинди, ҳалол ва ҳаром тушунчалари асл тўғри бўлган маънода талқин этилди. 

Исо алайҳиссалом Бани Исроил кутаётган Масиҳ, яъни подшоҳ эканини, ер юзига Аллоҳнинг руҳоний ҳокимиятини ўрнатиш учун юборилганини ва ўзида Аллоҳнинг руҳи мужассам эканлигини айтди. Аммо Исо алайҳиссаломнинг айтаётган баъзи сўзлари, келиб чиқиши, туғилган жойи каби айрим маълумотлар яҳудийларнинг ҳадис китобларида ва Тавротнинг тафсир қисмларида ёзилган маълумотларга тўғри келмаганлиги, яҳудийларнинг хаёлидаги, тасаввуридаги зотга мос келмаганлиги сабабли ҳамда Исо алайҳиссаломнинг мўъжиза ва илмига ҳасад туфайли яҳудий муллалар тарафидан инкор этилди. Яҳудий олимлари Исо алайҳиссаломга қарши фитна тайёрлашди ва уни чормиҳга қоқиб ўлдиришга ҳаракат қилишди. 

Шу тарзда яҳудийлар Аллоҳга, унинг элчиси Исо алайҳиссаломга ва Мусо алайҳиссаломларга хиёнат қилишди. Натижада Аллоҳнинг ғазабига учрашди ва Аллоҳ яҳудийларнинг устидан раҳматини абадул-абад кўтарди. Исо алайҳиссалом, насронийлар ва Аллоҳ орасидаги аҳдлашув Моъида сурасининг 14-оятида келтирилади: «Ва, “Биз насоролармиз”, деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Биз улар орасида адоват ва ёмон кўришни қиёмат кунигача қўзғатдик. Аллоҳ, албатта, уларга қилмишлари ҳақида хабар берадир». Шу тарзда, Исо алайҳиссалом билан тузилган аҳднома бекор қилинди.

Пайғамбарлик ва нубувват Исо алайҳиссаломнинг башоратига биноан Исмоил алайҳиссаломнинг авлоди бўлмиш Аҳмад, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга ўтди. 

Аллоҳ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ҳамда унинг уммати орасида аҳдлашув тузилди. Бу Аллоҳ ва одамзод орасидаги 6-аҳдлашув эди. Мазкур аҳдлашув Моъида сурасининг 7-оятида мусулмонларга хитобан шундай ифода этилади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва: “Эшитдик ва итоат қилдик”, деган пайтингизда сизлар билан боғлаган аҳд-паймонини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ дилларни эгаллаган (сирларни) билгувчидир».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам аввалги аҳдномаларда мавжуд қонунларнинг айримларини олди, баъзиларига ўзгартириш киритди ва баъзиларини ман этди. Масалан, аввалги шариатларда ҳалол бўлган шароб шайтоннинг амали деб эълон қилинди, чўчқа гўшти ҳаром қилинди, 4 тагача кўпхотинликка руҳсат берилди. Ахлоқий нормалар тузилди, ижтимоий, иқтисодий ҳаёт тўлиқ янги қоидалар билан бошқарила бошланди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам нафаќат инсониятга, балки бутун коинотга пайғамбар қилиб юборилганлиги, яъни нафаќат инсонларга, балки жинлар каби инсон бўлмаган онгли махлуқларга ҳам элчи қилиб юборилгани маълум қилинди. Нажм сурасига биноан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Қодири Мутлаққа камон ёйи қадар яқинлашди, Аллоҳни ҳам руҳи, ҳам нафси, ҳам баданининг кўзлари билан кўрган ягона Одам зурриёди бўлди. Натижада Аллоҳ билан махлуқотни ажратиб турувчи парданинг то ўзига айланди ва инсон эришиши мумкин бўлган комилликнинг чўққисини забт этди, Аллоҳнинг ҳузурида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг кимлиги эриб кетти ва у Раҳмоннинг соясига, иродасига ҳамда сўзига айланди.

Пайғамбаримизнинг сўнгги кунларида унинг иродасига қарши бош кўтарган саҳобалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам берган амрдан четга чиқиб, ҳазрат Алининг халифалигини ичларидаги ҳасад ва мушриклик даврларидан қолган салбий одатлари туфайли қабул қилмадилар, саҳобалар орасида ҳокимият учун можаро бошланди. Пайғамбаримизнинг вафотларидан сўнг ўз ораларида келишиб ҳазрат Абу Бакрни халифа қилиб сайлашди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг васияти ерда қолгани ва ўзига нисбатан қилинган адолатсизликдан ранжиган Али алайҳиссалом маълум муддат янги сайланма халифага байъат беришдан бош тортди, сўнг, дин ва умматнинг равнақи учун сайланма халифага байъат берди.

Кейинчалик Усмоннинг вафотидан сўнг мўминлар келиб Али алайҳиссаломга байъат бердилар ва қонуний халифалик даври бошланди. Аммо Муовия ибн Абу Суфён, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Ойша бинт Абу Бакр каби қатор шахслар Али алайҳиссаломга ҳусуматлари юзасидан ички низо келтириб чиқардилар ва ҳокимиятни тортиб олиш ҳаракатини қилдилар. Бир муддат сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг қонуний вориси, ҳақиқий халифа Али алайҳиссалом шаҳид қилинди. Унинг ўрнига Пайғамбар Васиятномасига асосан халифа ҳазрат Ҳасан келди, аммо Муовия ибн Абу Суфён найранг йўли билан тахтни ўз қўлига киритди, ўлимидан олдин тахтни қайтариб беришга ваъда берди, аммо кейинчалик ҳокимиятни ўғли Язидга топшириб кетди. Язид эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг севикли набиралари бўлмиш ҳазрат Ҳусайн алайҳиссаломни шаҳид қилди. Ҳасан алайҳиссалом заҳарланди. 

Умавийлардан сўнг тахтга келган Аббосий султонлари ҳазрат Ҳасан ва Ҳусайнларнинг зурриётлари бўлмиш асл халифа ва имомларнинг барчасини ё ханжар билан, ё заҳар билан ўлдирдилар. Минг афуски буларнинг барчаси ҳақиқатан содир бўлган воқеалар бўлиб, тарихий манбаларда зикр этилган. Подшоҳларнинг амридаги сохта дин олимлари аҳли сунна вал жамоа деган гуруҳнинг йўлбошчи ва раҳнамоларига айландилар. Шу тариқа Пайғамбар ўз васиятида умматнинг имомлари сифатида тайинлаб кетган авлодларининг раҳнамолигини инкор этувчилар Исломий илдизлардан узоқлашиб кеттилар. Бугун мусулмонлар орасида золим ҳукмдорларга садоқат руҳида тарбия қилинган, етиштирилган олимлар, имом ва муллалар кўпчиликни ташкил қилади. Улар Умавийлар ва Аббосийларнинг энг муваффақиятли проекти ҳисобланади. Улар диннинг моҳиятини бузиб уни тижорат воситасига айлантиришди, халқни золимларнинг амрига бўйсунувчи иродасиз, қўрқоқ шахсларга айлантиришга хизмат қилишди, ҳозир ҳам хизмат қилишмоқда.

Уларнинг дарду ҳаёли Иблиснинг бошқарув тизимларидан бўлган хонлик, подшоҳлик, султонлик ва демократияни мақташ, мансабдорларга тилёғламалик қилиш орқали нафсларини қондиришдан иборат. Улар учун дин таҳорат қоидалари ва Қуръонни тажвид билан ўқиш каби амалардан иборат. Юқорида келтирилган воқелик ва сабаблар туфайли Аллоҳ арабларни, умуман мусулмонларни бугунги кун барчамиз кўриб турган пароканда аҳволга маҳкум этди, улардан ўз раҳматини кўтарди. Мусулмонлар ва Аллоҳ ўртасида тузилган аҳдлашув бузилди ва бекор қилинди.

Шу зайлда ҳазрат Алининг авлодларидан бўлмиш Имом Ҳасан ал-Аскарийнинг ўғли, 12-чи Имом Муҳаммад ал-Маҳдийнинг бизнинг давримизда зуҳур этиши билан унга иймон келтирган мўминлар ва Аллоҳ ўртасида сўнгги 7-аҳдлашув даври бошланди. Бу башорат ва хабарлар диний манбаларимиз бўлмиш юзлаб ҳадисларда ўз ифодаси ва тасдиғини топган. Бу ҳужжат ва далилларга кўра, Имом ал-Маҳдий ер юзида тавҳидга асосланган адолатли давлат қуриш, қашшоқликни, зулмни, урушларни, касалликларни йўқотиш, сайёрамиздаги барча бойликларни одамлар орасида адолат билан тақсимлаб бериш, инсонларнинг умрини юзлаб йилларга узайтириш узайтириш билан вазифалантирилган зот бўлиб, бу вазифа кетма-кет келадиган Имом ал-Маҳдийнинг 12 элчиси, яъни маҳдийлар воситасида амалга оширилади. 

Айни пайтда биз Имом ал-Маҳдий жўнатган иккинчи маҳдийнинг давридамиз. Имом Муҳаммад ал-Маҳдийнинг ўзлари келажакда 12 маҳдий бўлиб келади ва Исо алайҳиссалом билан бирга илоҳий-раббоний халифалик — ер юзида Аллоҳнинг подшоҳлигини қуришни ниҳоясига етказадилар. Шу тарзда инсоният яна Одам алайҳиссалом чиқариб юборилган жаннатга қайтарилади.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

t.me/s/Mahdiyansorlari 

ИМОМ МАҲДИЙ Таълимотлари - YouTube

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ