ҚУРЪОНДА КЎПХОТИНЛИЛИК: ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ МЕХАНИЗМИ


Қуръонда кўпхотинлилик мавзуси кўпинча тарихий ва ижтимоий контекстдан узиб олинган ҳолда ўқилади. Натижада у жинсий рухсат ёки шахсий хоҳиш масаласи сифатида талқин қилинади. Аслида эса Қуръон бу масалага мутлақо бошқа мантиқ билан ёндашади. Қуръонда кўпхотинлилик мустақил ҳукм ёки идеал оила модели сифатида эмас, балки муайян ижтимоий инқироз шароитида берилган шартли рухсат сифатида келади.

Нисо сурасининг 4:3 ояти аёллар сони билан эмас, етимлар масаласи билан бошланади: 

"Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг). Мана шу, жабр қилмаслигингизга яқинроқдир."(Нисо сураси, 3-оят).

Етимлар масаласи шарҳ эмас, балки шартдир. Оятнинг давоми айнан шу шартга боғланган. Демак, бу ердаги никоҳ ҳақида келган рухсат етимларга адолат билан узвий боғлиқ.

Қуръонда ٱلْيَتَـٰمَىٰ "ятама" атамаси фақат болаларни англатмайди. У беваларни, болали беваларни ва никоҳ ёшидаги ҳимоясиз қолган қизларни ҳам ўз ичига олади. Буни Нисо сурасининг 4:127 ояти очиқ тасдиқлайди:

"Сендан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Айт: улар ҳақида Аллоҳ сизга фатво беради. Китобда сизларга ўқилаётган нарсалар ҳам: аёллардан бўлган етимлар ҳақида — сиз уларга фарз қилинганини бермайсиз ва уларни никоҳламоқчи бўласиз; ҳамда заиф болалар ҳақида; ва етимларга адолат билан туришингиз ҳақида. Қандай яхшилик қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билувчидир."

Демак, يَتَـٰمَى ٱلنِّسَآءِ  (yatāmā an-nisā) лафзи сабабли гап фақат болалар ҳақида эмас, балки ижтимоий жиҳатдан заиф қолган қатлам ҳақида кетяпти. 

Нисо 4:3 оятида кўпхотинли никоҳга руҳсат жинсий эҳтиёжни қондириш воситаси сифатида келмаган, шахсий хоҳишни қонунийлаштириш мақсадида ҳам келмаган. У ижтимоий ҳимоя механизми сифатида тилга олинган. Бу оятда никоҳ орқали етим қизларнинг ҳаққи поймол қилинмаслиги, беваларнинг шарафи ва мол-мулки ҳимоя қилиниши, жамиятда заиф қатламга нисбатан зулмнинг олди олиниши кўзда тутилган.

Оятда келган “Агар адолат қилолмасангиз, битта” деган жумласидаги адолат ҳиссий ёки романтик тенгликни англатмайди. Чунки Қуръоннинг ўзи Нисо 4:129 оятида аёллар ўртасида мутлақ ҳиссий адолат мумкин эмаслигини айтади: 

"Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллаққа ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир" (Нисо 4:129).

Демак, 4:3 да талаб қилинаётган адолат беваларнинг, болали беваларнинг ва никоҳ ёшидаги ҳимоясиз қолган қизларнинг ҳақ-ҳуқуқи, таъминоти ва ҳимоясидир.

Усулга кўра, ҳукм ўз иллати билан боғлиқ бўлади. Иллат бор жойда ҳукм фаол, иллат йўқ жойда эса ҳукм муаллақ, амал қилиб бўлмайдиган ҳолатга ўтади. Нисо 4:3 да иллат очиқ айтилган. У етимлар ҳақида адолат қилолмаслик хавфидир.

Агар жамиятда етимлар давлат ёки жамоа томонидан ҳимояланса, бевалар иқтисодий кафолатга эга бўлса ва никоҳ орқали мол-мулкка зулм қилиш хавфи йўқ бўлса, унда оятдаги иллат мавжуд эмас. Демак, кўпхотинлилик рухсати ҳам фаол ҳолатда эмас, яъни ҳукм амал қилмайди. Бу ҳукмни бекор қилиш эмас, балки уни ўз иллатига қайтаришдир.

Бу мантиқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи амалиётида ҳам очиқ кўринади. Саҳиҳ манбаларда келишига кўра, Али ибн Абу Толиб Фотима тирик пайтида бошқа аёлга уйланмоқчи бўлганида, Расулуллоҳ бунга рози бўлмаган. У зот: “Мен рухсат бермайман”, деб уч марта такрорлаган ва фақат Фотимани талоқ қилган тақдирдагина бошқа никоҳ мумкинлигини айтган. Сабаб сифатида эса: “Фотима менинг бир бўлагимдир, уни озорлаган нарса мени озорлайди”, деган (Саҳиҳ Бухорий, Китоб ан-Никоҳ, ҳадис 5230; Саҳиҳ Муслим, Китоб Фада’ил ас-Саҳоба, ҳадис 2449).

Бу ҳадисда фиқҳий маънода “ҳаром қилинди” деган ҳукм йўқ, лекин амалий рухсат берилмаган. Бу эса кўпхотинлилик мутлақ ҳуқуқ эмаслигини, ҳатто шаръан мумкин бўлган ҳолат ҳам адолат ва озор сабаб рад этилиши мумкинлигини кўрсатади.

Шу билан Қуръон ва Суннат бир нуқтада учрашади: кўпхотинлилик эркакнинг шахсий хоҳиши учун берилган очиқ рухсат эмас. У муайян ижтимоий масъулият, адолат ва заиф қатлам манфаати билан қаттиқ боғланган шартли механизмдир.

Қуръонда кўпхотинлилик фарз қилинмаган, суннат сифатида тарғиб этилмаган ва асло идеал оила модели сифатида кўрсатилмаган. Мавзу оятлар ижтимоий инқироз шароитида етимлар ва ҳимоясиз аёллар ҳуқуқини сақлаш учун берилган шартли рухсатдир. Қуръон оятларининг марказида эркакларга жинсий ҳирсларини қондиришлари учун баҳона топиб бериш эмас, жамиятдаги етимлар ва қаровсиз қолган табақага ижтимоий адолат ва масъулият туради.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ