АЛЛОҲНИНГ АЛ-МЎМИН ИСМИ ВА МАЪНОСИ


Ал-Мўмин - Иймон ва Хавфсизлик Бахш Этувчи, Энг Ишончли 

Аллоҳ таоло Ўзини Ал-МўминИймон манбаи, хавфсизлик бахш этувчи ва Энг ишончли Зот деб Қуръонда бир марта атаган. У тинчлик, хотиржамлик ва иймон неъматларини ато этади. Ал-Мўмин қўрқувни кетказади, Ўзининг ягона Илоҳ эканини тасдиқлайди ва энг ишончли Зотдир.

Иймон ва Хавфсизлик Ато Этувчи Зот

Мўмин сўзи араб тилидаги ҳамза–мим–нун (أ م ن) илдизидан келиб чиққан бўлиб, у бир нечта асосий маъноларни ўз ичига олади.
Биринчи маъно — хавфсиз бўлиш, қўрқувдан холи бўлиш.
Иккинчи маъно — тинчланиш ва хотиржамлик.
Учинчи маъно — ҳимоя қилиш ва асраш.
Тўртинчи маъно — ишончли бўлиш.
Бешинчи маъно — иймон келтириш.

Бу илдиз Қуръонда 879 марта, 17 хил сарфий шаклда келган. Улардан айримлари:
аминтум — «ўзингизни хавфсиз ҳис қилдингизми»,
ааману — «иймон келтирдилар»,
ал-амаанаат — «омонатлар»,
амийн — «ишончли»,
ал-иймон — «иймон»,
ал-мўминийн — «мўминлар».

Луғавий жиҳатдан мўмин тушунчаси учта асосий мафҳумни қамраб олади.
Биринчиси — иймон, яъни ҳақиқатни тасдиқлаш; унинг зидди — инкор этишдир. Ал-Мўмин Ўзининг ягона Илоҳ эканини тасдиқлайди. Аллоҳ таоло Ўзи бунга гувоҳлик беради:

«Аллоҳ Ўзидан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик берди».
(Қуръон, Оли Имрон 3:18)

Иккинчи мафҳум — аман, яъни хавфсизлик, хотиржамлик ва қўрқувдан халос бўлиш. Омонат сўзи ҳам шу илдиздан келиб чиққан. Ал-Мўмин — хавфсизлик ато этувчи, қўрқувни кетказувчи ва барча омонатларни энг мукаммал сақловчи Энг ишончли Зотдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«У — Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Подшоҳ, Пок, Саломатлик манбаи, Иймон бахш этувчи…»
(Қуръон, Ҳашр 59:23)

Аллоҳга иймон келтириб, шу иймонга мувофиқ амал қилганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳнинг хавфсизлигига эришадилар. Улар мусибат пайтида ҳам, Қиёмат даҳшатида ҳам қалб хотиржамлигини ҳис қиладилар.

«Албатта, “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деб айтган, сўнгра собит бўлганларга фаришталар нозил бўлиб: “Қўрқманг, ғам чекманг, сизга ваъда қилинган жаннат билан хурсанд бўлинг”, дейдилар».

(Қуръон, Фуссилат 41:30)

Бу исм билан қандай яшаш мумкин?

1. Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтир.

Иймон — Аллоҳга ишониш ва Унинг амрларига амал қилишдир. Шунда сен бу дунё ва охиратда Аллоҳнинг хавфсизлигига эришасан.

«Ким яхшилик билан келса, ундан яхшироқ мукофот олади ва ўша кунда улар қўрқувдан холи бўладилар».
(Қуръон, Намл 27:89)

2. Ал-Мўминнинг ваъдаларига ишон.

Жаннат аҳли шундай дейдилар:

«Бизга берган ваъдасини рўёбга чиқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин».
(Қуръон, Зумар 39:74)

Ал-Мўминнинг ҳар бир ваъдаси ҳақдир. Масалан, садақа молни камайтирмаслиги ҳақидаги ваъдасига ишон ва ўз ваъдалариңга ҳам вафо қил.

3. Қийин ҳолатларда Ал-Мўминдан хавфсизлик сўра.

Ал-Мўмин — хавфсизликнинг ягона манбаидир. Қандай оғир ҳолат бўлмасин, иймонни мустаҳкам тут ва Ал-Мўминдан қалб хотиржамлиги ва хавфсизликни сўра.

4. Омонатларга эътиборли бўл.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи айтганлар:

«Мўмин — қўли ва тилидан бошқалар хавфсиз бўлган кишидир».
«Мўмин — одамлар ўз қони ва молини ишониб топширадиган кишидир».
(Термизий)

Ғийбат билан бошқаларга озор бермаслик ҳам омонатдир. Пайғамбаримиз ал-Амин — ишончли деб аталганлар. Қарз олинган буюмлар, айтилган сирлар — буларнинг барчаси омонатдир. Инсоннинг танаси ҳам Аллоҳ берган омонатдир — уни тўғри йўлда ишлатиш лозим.

5. Хавфсизлик неъмати учун шукр қил.

Хавфсизлик ва тинчлик — улуғ неъмат. Аллоҳ таоло айтади:

«Ушбу уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар. У уларни очликдан қутқарди ва қўрқувдан хавфсиз қилди».
(Қуръон, Қурайш 106:3–4)

Агар Ал-Мўмин сенга хавфсиз яшаш ва меҳнат қилиш имконини берган бўлса, шукр қил ва бу неъматни болаларингга ҳам англат.

6. Ал-Мўминга дуо қил.

Ал-Мўминдан охирги нафасинггача иймонни мустаҳкам сақлашни ва мўминларга хос сифатлар билан безашни сўра. Қўрққанда Унга мурожаат қил, иймонинг заифлашганда Ундан куч сўра.

Пайғамбаримиз ўргатган дуолардан бири:

«Аллоҳим, айбларимни беркитгин ва қўрқувимни хотиржамликка айлантиргин».
(Ибн Можа, Абу Довуд)

Эй Аллоҳ, эй Ал-Мўмин!
Сен Иймон манбаи ва Хавфсизлик бахш этувчисан. Бизга кучли иймон ато эт, омонатларга риоя қилишни, ваъдаларга вафо этишни насиб эт ва бизни Ўз севган мўминларинг сифатлари билан безат. Бу дунё ва охиратда собитлик ва хавфсизлик ато эт.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ