"Суннатуллоҳ" ва "Бир бор экан, бир йўқ экан…"
Бир бор экан, бир йўқ экан… бўри бақовул экан, тулки ясовул экан…
Ҳамма нарса «бор-йўқ»дан ташкил топган, математика ва алгоритм тилида айтганда 0 ва 1 дан, мантиқ тилида айтганда тўғри ва нотўғридан. Бошланиш дегани айни замонда якун дегани, якун эса бошланиш дегани. Биз ҳам биологик мавжудот сифатида бор ва йўқдан ташкил топганмиз, чунки квант оламига ўтганимизда суперпозиция деган ҳолатнинг гувоҳи бўламиз. Суперпозиция ҳолатида зарра кузатувчининг диққати қай тарафга қаратилса, ўша тарафда пайдо бўлади, яъни зарра айни вақтда ҳам бор, ҳам йўқ. Ўнг тарафда турган заррага чап тарафга қараганимизда у ерда турганини кўрамиз, буни алгоритмда 0 ва 1 шаклида ифода этсак бўлади. Зарранинг мана шу бор-йўқ ҳолати ҳар қандай модданинг ўзагини ташкил этади. Бу дегани ҳар қандай атомости унсурлардан ташкил топган нарса бор-йўқдан пайдо бўлади.
Энди коинот ҳақида гапирадиган бўлсак, коинот борлиқ бўлгани сабабли, унинг йўқлик тарафи ҳам мавжуд бўлиши шарт. Коинот бугун бор, маълум вақт ўтгач йўқ бўлишини барчамиз биламиз. Масаланинг қизиқ томони шундаки, айни мантиққа таянадиган бўлсак, йўқлик ҳам ўз навбатида борлиққа айланишга мажбур. Бунинг тўғри ва мантиқий исботи коинотнинг йўқликдан пайдо бўлганлигидир.
Буюк портлаш натижасида пайдо бўлган коинотнинг вақти келиб яна йўқликка айланиши, кейин эса йўқликнинг яна коинотга айланиши бу жараённинг абадий давом этишини англатади. Қизиғи шундаки, бор ва йўқдан ташкил топган коинотнинг негизини ташкил этувчи зарраларнинг ўзлари ҳам суперпозиция, яъни зарранинг айни онда бор ва йўқ бўлиши ёки айни онда ҳамма жойда ва ҳеч қаерда эмаслиги ҳолатидадир. Атомости зарра секунднинг миллиард, балки ундан ҳам кичикроқ улушида бор ва йўқ бўлиб туради. Бу ҳолат Аллоҳ наздида коинотнинг худди атомости зарра каби ҳар лаҳзада бордан йўқ ва йўқдан бор бўлиши демакдир.
Бор-йўқ ҳолатини система деб атайдиган бўлсак, бу система инсон мантиғига тўғридан-тўғри дахл этгани учун инсон мантиғининг ҳам асосини ташкил этади ва рақамли дастурлашда 0 ва 1 дан иборат бинар тизим деб аталади. Инсон мантиғининг асосини ташкил этган алгоритмик бор-йўқ системаси тафаккур жараёнида тўғри–нотўғри шаклини олади. Бинобарин, маълумотлар ё тўғри, ё нотўғри бўлади, рақамли тизимда эса 0 ёки 1 сифатида таҳлил қилинади. Масалан, биз бирор нарсани эшитганимизда, бу маълумотнинг тўғри ёки нотўғрилигини баҳолаймиз ва натижада ё қабул қиламиз, ёки рад этамиз. Бутун мураккаб мантиқий тафаккур жараёни ана шу энг элементар, лекин универсал бўлган бор-йўқ системасига бўйсунади.
Шу ўринда бир қизиқарли мисол келтириш мумкин. Она тилимизда «бир бор экан, бир йўқ экан» деган ибора бор. Ҳар бир эртакнинг нима учун айнан шу сўзлар билан бошланишини ўйлаб кўрганмисиз? Менинг фикримча, бу қадим донишмандлар томонидан тилга жойлаштирилган, борлиқни англаш учун калит вазифасини ўтовчи рамзий маълумотдир.
Иймоннинг асоси бўлган «ла илаҳа иллаллоҳ» ҳам икки қисмдан иборат: йўқ — инкор, бор — тасдиқ. Ла илаҳа — илоҳ йўқ, иллаллоҳ — Аллоҳ бор. Бор-йўқ системаси материянинг ўзаги бўлгани учун инсон ва ҳар қандай жонзот мантиғининг ҳам энг фундаментал асосини ташкил этади. Бошқача айтганда, ҳақиқий реалликни англаш бор-йўқ системасини идрок эта билиш билан чамбарчас боғлиқ. Агар шу системани англай олсак, борлиқ ва йўқлик ўртасидаги абадий ҳаракатни ҳис қилишимиз ва ҳақиқатнинг ўзига — Ҳақиқатуллоҳга бир назар ташлашимиз мумкин бўлади.
Мана шу борлиқ ва йўқликнинг абадий бирлик ҳолати Аллоҳнинг ҳаёт берувчи Муҳйи ва ҳаёт олувчи Мумит исмларининг тажаллийсидир. Борлиқ-йўқлик ҳолатининг бирлигига, мужассамлигига ва муштараклигига ваҳдоният дейилади. Биз сўз юритган бор-йўқ системасидан бошқа система бўлиши мантиқан мумкин эмаслиги аҳадият билан боғлиқ. Чунки бор-йўқ системаси йўқликни ҳам, бор бўлиш эҳтимоли мавжуд ҳар қандай нарсани ҳам қамраб олади. Агар ундан ташқари яна қандайдир система бор деб тасаввур қилинса ҳам, у мавжуд бўлгани учун барибир бор-йўқ системасига дахлдор бўлиб қолади. Бу ҳолат Ал-Аҳад исмининг тажаллийсидир.
Аммо ҳамма нарса шу ерда тугамайди. Аллоҳ Арши Аълони ҳам яратган. Арши Аъло — борлиқ ва йўқлик системасини қамраб турувчи муҳит бўлиб, ўзи борлиқ ва йўқлик ҳолатларидан муназзаҳдир. Аксинча, бор-йўқ системасининг ўрнатилишини таъминлаган муҳитдир. Шу сабабли Арши Аъло ҳақида гап кетганда инсон идроки, мантиғи ва ҳатто тасаввури ҳам ожиз қолади. Аллоҳ эса ана шу инсон ақли ҳеч қачон тўла англаб етолмайдиган Арши Аълога истиъво қилган Зотдир.
Мана сизга муаззам, мукаммал, хатолардан холи, Аллоҳ қўйган қонунлар асосида бенуқсон ишлаб турадиган система — яъни Суннатуллоҳ.
Comments
Post a Comment