Пайғамбарлар ва Расуллар ғайбни биладими?
Аллоҳ ўзи истаган бандаларига, Пайғамбарлар ва Расулларга ғайб илмлари берилгани диний манбаларда очиқ ифода этилган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳига келажак ҳақидаги билим руҳий машқ орқали эмас, балки илоҳий ваҳий орқали берилган. Қуръонда Исро ва Меърож воқеаларида у зотнинг мақоми инсон ва фаришталардан юқори қилиб кўрсатилади. «Бандасини бир кечада Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога олиб борган Зот покдир…» (Исро, 17:1) оятида “банда” сўзи ишлатилиши, кейин эса Сидратул Мунтаҳогача кўтарилиши («У (Муҳаммад) уни (Жаброилни) Сидратул Мунтаҳо ёнида иккинчи бор кўрди» Нажм, 53:13–14), фаришталар ўта олмайдиган ҳудудга кириши, у зотга берилган идрок ва шаҳодатнинг бутун махлуқот ичида энг олий эканини англатади. Шу сабаб пайғамбарнинг билиши башорат ёки тахмин эмас, балки Аллоҳ билдирган аниқ илм доирасида бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи уммат ичида бўладиган фитналар ҳақида олдиндан хабар берган. "У Аллоҳ ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни ўз ғайбидан хабардор қилмас. Илло, Ўзи рози бўлган Элчи мустасно. Албатта, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатиб юрувчи қўйиб қўядир". (Жин Сураси, 72:26–27). Зулмкор ҳукмдорлар, ҳақ билан ботилнинг аралашиб кетиши, катта ихтилофлар ҳақида айтган ҳадислар саҳиҳ манбаларда келади. Бу билим ҳам Аллоҳ томонидан билдирилган, пайғамбарнинг ўзидан чиққан эмас.
Аҳли Байт масаласида эса бу билим янада аниқроқ кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи набиралари Ҳасан ва Ҳусайн алайҳиссаломларнинг тақдирини билган. Ҳусайн алайҳиссаломнинг ноҳақ қон тўкилиб шаҳид бўлиши, бу воқеанинг катта фитна экани ҳақида у зотдан кўплаб ривоятлар келган (Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад; Табароний; Ҳоким, Мустадрак). Айрим манбаларда Карбало заминига ишора қилингани ҳам зикр қилинади. Шу сабабдан Расулуллоҳ инсонларни Аҳли Байтни ҳимоя қилиш ва севишга буюрган.
Ривоятларда келган васиятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ўзидан кейин бўладиган ўн икки имом ҳақида олдиндан хабар берган ва уларнинг исмларини зикр қилган. Бу васият тарихий жараёнда кейин ўйлаб топилган ғоя эмас, балки пайғамбар давридаёқ белгиланган илоҳий тартиб сифатида келади. Шу сабаб у зот Аҳли Байт ҳақида қайта-қайта огоҳлантирган, уларни уммат учун мезон ва имтиҳон сифатида кўрсатган. «Айт: мен сиздан бу (рисолат) учун яқинларимни севишдан бошқа ҳақ сўрамайман» (Шуро, 42:23)
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: "Айт: мен сиздан бу (рисолат) учун яқинларни севишдан бошқа ҳақ сўрамайман" оят нозил бўлганида, сўрадилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, муҳаббати бизга вожиб бўлган яқинлар ким?» У зот дедилар: "Али, Фотима ва уларнинг икки ўғли" (ал-Ҳоким ан-Найсабурий — ал-Мустадрак 3/172, Суютий - ад-Дурр ал-Мансур).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳининг аҳли байт учун кўп йиғлагани ҳам шу нуқта билан боғлиқ. Бу йиғи қўрқув ёки ноумидлик эмас, балки олдиндан кўрилган ҳақиқатга нисбатан дард эди. У зот фитнани олдиндан билган ва расуллик вазифаси ўлароқ инсонларни огоҳлантирган. Расулуллоҳга ғайб илми Ҳизр алайҳиссаломдан фарқли ўлароқ, тақдирни ўзгартириш, унга мудоҳала қилиш учун берилмаган, акси ҳолда бу дунё ҳаётининг синов ҳусусияти қолмаган ва маъно йўқолган бўлар эди.
Шу маънода, авлиёлар ўз тақдирини руҳий кашф орқали ҳис қилиши мумкин, пайғамбарлар эса Аллоҳ билдирган доирада келажак воқеаларни билади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи эса энг олий мақомда турган пайғамбар сифатида уммат тақдири, Аҳли Байтга тушадиган имтиҳонларни олдиндан билган. Карбало воқеаси ва ундан олдин айтилган огоҳлантиришлар айнан шу илоҳий билимнинг тарихда очиқ саҳнага чиққан кўринишидир.
Comments
Post a Comment