АЛЛОҲНИНГ АР-РАЗЗОҚ ИСМИ ВА МАЪНОСИ


Аллоҳ — зоти ва сифатларида мутлақ ягона бўлган, ибодатга энг муносиб, Ундан ўзга илоҳ бўлиши ақлан ҳам, ҳақиқатда ҳам мумкин бўлмаган Яккаю Ягона Зотдир. «Аллоҳ» исми алоҳида бир сифатни эмас, балки У Зотнинг барча гўзал исмлари ва маъноларини ўзида жамлаган илоҳий ҳақиқатни англатади.

Инсон Аллоҳни тўғри англамаса, Унинг исмларини ҳам парчалаб қабул қилади. Зотий бирлик идрок этилмаган жойда фикр тарқоқ бўлади, тушунча чала қолади. Шунинг учун Аллоҳни таниш — аввало Унинг мутлақ ягона манба эканини англашдан бошланади.

Аллоҳ Ўзини Раззоқ деб атаган. «Ар-Раззоқ» сўзи Қуръонда турли шаклларда 123 марта зикр этилган. Бу тасодифий такрор эмас. Чунки инсон энг кўп қўрқадиган масала — ризқ масаласидир.

Раззоқ деганда ризқни яратувчи, унинг сабабларини вужудга келтирувчи ва ҳар бир махлуққа узлуксиз етказиб турувчи Зот тушунилади. У махлуқотларни уларнинг ҳажмига, шаклига ёки қудратига қараб эмас, мутлақ адолат билан ризқлантиради. Бу ризқ миннат билан ҳам, талаб билан ҳам берилмайди — у илоҳий қонун.

Ризқ фақат тирик мавжудотларнинг озуғи билан чекланиб қолмайди. Ризқ — мавжуд бўлиш имкони. Жонли бўладими ёки жонсиз — ҳар бир нарса ўз ўрнида турибди, ҳаракатда ёки барқарор ҳолатда мавжуд, демак у ризқ билан қўллаб-қувватланмоқда. Билингани ҳам, билинмагани ҳам шу таъминот тизими ичида.

Қуёшга назар ташлайлик. У ўз мавжудлигини водород орқали сақлайди ва ҳар бир сонияда тахминан 600 миллион тонна водород сарфлайди. Бу бир соатда триллионларча, бир кунда эса ўнлаб триллион тонна демакдир. Қуёш эса Сомон йўли галактикасининг юз миллиардлаб юлдузларидан фақат биттасидир.

Демак, галактикадаги ҳар бир юлдуз куну-тун ўз мавжудлигини сақлаб туриши учун улкан таъминотга муҳтож. Бу таъминот тасодифий эмас. Уни Ар-Раззоқ таъмин қилмоқда. Шу боис У айни пайтда ҳам Ал-Кабийр, ҳам Ал-Ғанийдир.

Юлдузлар каби улкан жисмларни ризқ билан таъминлаётган Ар-Раззоқ айни пайтда атом ичидаги электронларни ҳам ўз орбитасида мувозанат билан айлантириб туради. Катталик ва кичиклик Унинг ҳукмида фарқ қилмайди.

Маълум ва номаълум коинотда ҳеч бир жонли ёки жонсиз мавжудот Ар-Раззоқнинг карамидан четда қолмаган. Қуёшни таъмин этган Зот Ерни ҳам таъмин қилмоқда. Ерни таъмин этган Зот эса инсонни ризқсиз қолдирмайди.

Ар-Раззоққа ишончсизлик қилиб, мол йиғиш билан ўзингни хавфсиз деб ўйлама. Ал-Қодир бўлган Ар-Раззоқ наздида сен учун ҳам аниқ ўлчаб қўйилган ризқ бор. Уни на тезлатиб олиш мумкин, на ортиқча қилиб.

Сенинг улушинг ал-Адл тасарруфи билан ўз вақтида етиб келади. Сен ундан на бир қатра ортиқ оласан, на бир қатра кам.

Худ сураси 6 оятида шундай дейилади: "Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир." Аллоҳ ҳар бир жонли мавжудотнинг ризқи Ўз зиммасида эканини очиқ баён қилган. Бу ҳақиқатга шубҳа қилиш — иқтисодий эмас, иймоний муаммодир. 

Ҳар бир инсонга Ар-Раззоқнинг хос бандаси бўлиш, ҳалол меҳнат билан ризқни кенгайтириш ва заифларга ёрдам бериш насиб этсин. Садақанинг энг афзали — Ар-Раззоқ ризоси учун қилинган садақадир. Аллоҳ бизларни бойлик ва камбағаллик билан синов қилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам шукр ва сабр билан ўтишни насиб айласин. Ақл, инсоф, виждон ва иймон бобида ризқимизни зиёда қилсин.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ