Ал-Аср сураси тафсирига муқобил шарх. Замон, вақт, умр ва инсон ҳақида фалсафий фикрлар.

Муҳаққақки, вақт тушунчаси инсониятни қадим замонлардан бери ўйлантириб келаётган ва ҳанузгача фалсафий мунозара ва мушоҳадаларга сабаб бўлаётган мураккаб мавзулардан биридир. Мазкур маърузада вақт ҳақида ўзимнинг диний-фалсафий қарашларимни баён этишга ҳаракат қиламан. Маъруза Ал-Аср сурасининг маънолари атрофида жараён этади ва ушбу суранинг инсоният учун муҳим ботиний маънолари тўғрисида сўз юритади.

Ал-Аср сураси Қуръоннинг морфологик-лингвистик мўъжизаларидан биридир. Муқаддас китобимизда энг қисқа суралардан бири бўлмиш Ал-Аср, ўзининг морфологик хусусиятлари нуқтаи назаридан, инсон умрининг, бинобарин, унга берилган замоннинг қисқалигига ишорадир.

Аср билан қасам.
Албатта, инсон хусрондадир.
Иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар бундан мустасно.

Сура Аллоҳнинг Асрга, яъни замонга, вақтга қасами билан бошланади. Маълумки, Қуръон услубига биноан, агар оятлар бирор нарсага қасам билан бошланса, бу ўша нарсанинг ўта муҳимлиги ва аҳамиятини ифода этади. Айрим тафсир олимлари Аср сўзини Аср намози билан боғлайдилар, мен бу қарашнинг айрим асосларга эга эканлигини таъкидлаган ҳолда, бундай қараш Ал-Аср сурасининг ўта муҳим маъноларининг тажаллисига зиён беришини, Аср сўзининг тўғри маъноси аслида замон ёки вақт эканлигини билдириб ўтмоқчиман.

Вақт тушунчаси, унинг моҳияти ҳам тасаввуф, ҳам фалсафа, ҳам илм-фан намоёндалари орасида зиддиятли тортишув ва фикр фарқларига сабаб бўлиб келган. Ньютон каби олимлар вақтга коинотнинг фундаментал структурасининг бир парчаси нуқтаи назаридан қарашса, Эйнштейн каби олимлар вақт кузатувчининг ҳаракатланиш тезлигига боғлиқ бўлган нисбий жараён эканлигини таъкидлайдилар. Фалсафий жиҳатдан баъзи олимлар вақтнинг мутлақлигига ва реаллигига урғу беришса, бошқа олимлар вақтнинг абстракт тушунча эканлигига ва унинг аслида иллюзия эканлигини айтадилар.

Ислом таълимотида вақт ёки замон махлуқ, яъни яратилган нарса бўлиб, унинг бошланиши ва охири бор бўлган тушунча сифатида қаралади. Аслида, вақтга оддий таъриф берадиган бўлсак, у икки ёки ундан ортиқ ҳодисалар орасидаги ўзгаришнинг ўлчамидир ёки ўлчанадиган кесимидир. Яъни вақт атомлардан тортиб фазо объектларигача бўлган барча мавжудотларнинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш жараёнини ўлчашга бўлган уринишни ифодалайди. Бир гўдакнинг туғилиши, болалик, ўсмирлик, балоғат, қарилик ва ўлим босқичлари ва бу босқичларнинг ўлчови вақт деган тушунча билан ифодаланади. Бугунги илм-фанда вақт замон ва макон билан бирга уч ўлчамли оламимизнинг тўртинчи ўлчами сифатида қаралади. Бу эса вақт матерiyanинг ажралмас қисми бўлиб, вақтнинг бошланиши борлиқнинг бошланиши билан чамбарчас боғлиқ эканлигини англатади. Бинобарин, матерiyanинг интиҳоси вақтнинг ҳам интиҳоси демакдир.

Вақт тушунчаси инсон шуурида маълум вазият ва ҳолатлардан келиб чиқиб, турли тарзда тавсиф этилиши мумкин. Вақт тушунчаси ёш болалар ва балоғат ёшига етган кишилар онгида турлича ифода этилади. Бир болакай учун вақт секинлик билан ўтса, ёши катта инсон учун тез ўтаётгандек тасаввур ҳосил қилади. Бунинг сабаби эса ёш болаларнинг нисбатан кам ҳодисаларга гувоҳ бўлганлиги сабабли, уларнинг хотирасида кам маълумот мавжуд, шу сабабли улар бир ҳодисанинг бошқа ҳодисага нисбатан ўзгаришини камроқ илғайдилар. Аммо ёши ўтган инсон ҳаёти давомида гувоҳ бўлган ҳодиса ва жараёнларнинг нисбатан кўплиги туфайли воқеалар орасидаги ўзгаришларни кўпроқ илғайди, яъни хотирада кўпроқ маълумот тўпланган бўлади ва шу сабабли вақт тезроқ ўтаётгандек туюлади.

Бундан ташқари, инсоннинг вақтни идрок этиш қобилияти миядаги нейронларнинг биокимёвий фаолияти билан ҳам боғлиқ. Яъни вақтни идрок қилиш қобилияти мияда допамин ва серотонин каби моддалар билан ўзаро таъсирга киришиши орқали ифода этилади. Инсон завқ берувчи, кучли ҳис-ҳаяжон уйғотувчи машғулот билан банд бўлган пайтда вақт жуда тез ўтаётгандек ҳис қилинади, чунки бундай ҳолатларда нейронлар ўртасида ахборот алмашиш тезлиги ошади ва вақтни тўлиқ идрок этиш сусаяди. Аксинча, зерикарли машғулот жараёнида вақт жуда секин ўтаётгандек туюлади, чунки бундай пайтда нейрон фаоллиги пасайиб, вақт ҳисси кучаяди.

Юқорида айтиб ўтилганлардан сўнг, энди Ал-Аср сурасининг иккинчи оятига ўтиш мумкин:

Албатта, инсон хусрондадир.

Хусрон сўзининг энг мос таржимаси йўқотишдир. Инсон нима йўқотмоқда? Шубҳасиз, инсон вақтни йўқотмоқда. Ҳар ўтаётган лаҳза моддий оламдаги умримизнинг қисқараётганини англатади. Инсон умри тешик қопга ўхшайди, вақт эса шу қопқа солинган донлар кабидир. Қопдан донлар тўкилиб кетади. Инсон олдида икки йўл бор: қақраган саҳро ёки серунум дала. Саҳро — залолат йўли, серунум дала эса Аллоҳ инъом этган сиротул мустақимдир.

Инсон вақтни беҳаё ҳавас ва нафс истакларига сарф қилса, қиёмат куни бўш қўл билан келади. Шу сабаб инсон хусрондадир.

Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар бундан мустаснодир.

Сабр тушунчаси вақт билан чамбарчас боғлиқ. Сабр — шошқалоқликдан тийилиш, эҳтиросларга берилмаслик, нафс ҳужумларига қарши бардошдир. Сабр пассивлик эмас, балки онгли интизомдир. Сура вақт билан бошланиб, сабр билан тугаши — Қуръоннинг бадиий ва маънавий мукаммаллигини кўрсатади.

Вақтни идрок қилиш — ҳаётни идрок қилишдир. Ал-Аср сураси инсонни тўхтаб, нафас ростлашга, тафаккур қилишга ва ҳаёт йўлини қайта кўриб чиқишга чорлайди.

Инсон умри ўлим билан тугайди. Ўлим ҳақ. Инсон хусрондадир. Илло иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганларгина бундан мустаснодир.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ