Аллоҳни ёд этиш ва Унинг лутфига, нурига мушарраф бўлиш йўлида тавсия.
Аввало, сукут қилайлик ва Аллоҳ ҳақидаги барча фикрлар, тасаввурлар ва хаёлларни бир четга қўяйлик. Фақат Унинг абадий ва азалий қонунларини ҳамда виждонимизда акс этаётган интуитив ҳисларни қўлимиздан келганича бажаришни завқ, эҳтиёж ва зарурат сифатида ҳис қилайлик.
Руҳимизнинг қувватларини илоҳий тебранишларга мос ҳолга келтириб, саховат, севги, меҳр-шафқат ва яхшилик йўлида ҳаракат қилишга ўзимизни сафарбар этайлик. Ўзимизга қилинишига рози бўлмаган ҳеч қандай ёмонликни бошқаларга раво кўрмайлик ва ўзимизга қилинишига орзу қилган ҳар қандай яхшиликни — катта фидокорликлар эвазига бўлса ҳам — бошқаларга қилишдан бир лаҳза ҳам иккиланмайлик.
Ана шу тарзда амал қилавериш орқали виждон покланади, руҳ тозаланади ва инсон қалби бошқа ҳеч қандай йўл билан идрок этиб ёки тасаввур қилиб бўлмайдиган илоҳий тебранишларни энг юксак маънолари билан ҳис этиб ура бошлайди. Ана шу ҳислар билан инсон Аллоҳга яқинлашишга ва Уни ҳар жойда, ҳатто ўзининг ички моҳиятида ҳис этишга лойиқ ҳолатга кириш бахтига эришади.
Энг улуғ ибодат мана шу.
Аллоҳни ўз ичида ҳис этишнинг ягона йўли ҳам шудир. Бундан бошқа ҳар қандай ҳаракат, ҳар қандай маросим инсонни бу йўлга йўналтирувчи ибтидоий восита холос, аммо ҳеч қачон мақсад эмас.
Comments
Post a Comment