Қадимги Мисрда Ўлимдан кейинги ҳаёт ва Охират ишончи
Қадимги мисрликлар ўлимни ниҳоя, якун деб эмас, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга айланиш, ўтиш деб тушунган. Улар инсонга фақат қандай яшашни эмас, қандай ўлишни ҳам ўргатишга ҳаракат қилган. Яъни қандай қилиб онгни моддий дунёга қайта боғлаб қўймасдан, юқорироқ поғоналарига кўтариш мумкинлигини тушунтирган. Бу қарашларга кўра, ўлимдан кейин реинкарнация - яна шу дунёга қайтиб келиш тасодиф эмас, балки инсоннинг онг ҳолатига боғлиқ жараёндир.
Мана шу ғоялар рамзий тарзда Анубис образида ифода этилган. Унинг қўлидаги тарози машҳур “Ўликлар китоби”да тасвирланган. Бу китоб — Миср цивилизациясининг ўлим, қайта туғилиш ва ўлимдан кейин онгни қандай тайёрлаш ҳақидаги энг муҳим матнларидан биридир. Қадимги мисрликлар учун бу масала ҳаётнинг марказида турган. Улар инсон ўз онгини жисмоний реалликдан ножисмоний, лекин ҳис этиладиган бошқа бир ҳолатга ўтишга тайёрлаб бориши шарт, деб ишонган.
Ўлимни тушуниш учун биринчи навбатда “юқорида қандай бўлса, қуйида ҳам шундай” деган қоидани англаш лозим. Биз ҳар кеча ўламиз, десак муболаға бўлмайди. Уйқу пайтида онг моддий танадаги фаолиятдан чекиниб, ақлнинг ички оламларига тортилади. Тун — қоронғуликдир ва онг ўз ичига йўналади. Кун чиққан сари, қуёш нурлари кучайганда, мия тўлқинлари фаоллашади, тана яна ҳаракатга келади ва онг ташқи дунёда намоён бўла бошлайди. Демак, тун — ички дунё, уйқу ёки кичик ўлим, кун эса — ҳаёт, ташқи дунёдир. Ўлим эса шунчаки уйқунинг каттароқ кўринишидир. Биз онгимизнинг ички қаватларига кириб борамиз. Аммо бу ўтиш маълум тайёргарликни талаб қилади.
Оламни, ўлимдан кейин нима бўлишини тушуниш учун шуни билиш керакки, ҳаёт — ақлий жараёндир, онг эса мия эмас. Мия — бу фақат онг жисмоний тана деб аталадиган технология орқали ишлаши учун берилган жисмоний “компьютер”. Ҳозир кўзинг билан кўраётган нарсаларинг — мия томонидан яратилган симуляциядир. Ёруғлик тўлқинлари кўзга кириб, миянинг орқа қисмида жойлашган кўриш маркази орқали “реаллик” деб аталадиган тасвир ҳосил қилади. Демак, реаллик сендан ташқарида эмас, у тана томонидан яратиладиган симуляциядир. Беш ҳис — тегиш, таъм билиш, ҳидлаш, эшитиш ва кўриш — буларнинг барчаси мияга узатилаётган электр сигналларидир. Мия эса бу сигналларни ҳис сифатида талқин қилади. Шунинг учун ҳозир сен бошдан кечираётган барча тажрибалар тана ва асаб тизими томонидан яратилган симуляциядир. Лекин сен ўша симуляциянинг ичидаги кузатувчисан.
Ўлим пайтида тана деб аталадиган электр тизими ишлашдан тўхтайди. Демак, биз ҳеч қаерга “кетмаймиз”, шунчаки симуляция ўчади ва биз ўзимизнинг бир қаватимизни ечамиз. Кўпчилик одамлар ўлимда танада чиқиб кетамиз деб ўйлайди, лекин аслида биз ўзимиздан бир ўлчамни ажратиб қўямиз, бир пардани кўтарамиз. Шу парданинг ортида жисмоний реаллик эмас, балки тасаввур дунёси — астрал олам туради. Бу тушинча Исломдаги "Барзах" тушинчасига мос келади.
Жисмоний ўлим пайтида онг миядан чекинади, аммо идрок йўқолиб кетмайди. Қисқа муддат инсон чуқур уйқуга ўхшаш тинч ҳолатни бошдан кечириши мумкин. Кейин эса, жисмоний ва эфир тана тўлиқ ажралгач, онг астрал оламда фаолият юрита бошлайди. Қадимгилар бу ҳолатни “карма лока” деб аташган. Карма лока — Барзахнинг бир қисми бўлиб, истаклар, ҳиссиётлар ва тасаввурлар маконидир.
Астрал олам — бу тасаввур олами. Инсон хоҳишлари, орзулари ва ички экранда пайдо бўладиган манзаралар шу ерда мавжуд. Масалан, сен бир стулни кўз олдингга келтирсанг, ақлингда кўраётган ўша тасвир — жонланган фикрдир. Бу фикр астрал оламда мавжуд бўлади. Жисмоний дунёнинг астрал нусхаси бор. Худди болалигингдаги уйингни эслаб, ҳозир ҳам унинг хоналарини ақлингда айланиб чиқа олганингдек, инсониятнинг жамоавий хотиралари бирлашиб, умумий астрал дунёни ҳосил қилади. Бу пастки астрал поғона бўлиб, Ер юзининг фикрлардан иборат нусхасидир.
Карма лока — мукофот ёки жазо жойи эмас. У инсоннинг ҳиссий ҳолатига мос келадиган онг ҳолатидир. Инсон қандай фикрлар, қандай қўрқувлар, қандай ишончлар билан яшаган бўлса, ўша ҳолат астрал оламга ҳам ўтади. Худди туш каби: тушингда сен ўз қўрқувларингни, ишончларингни кўрасан. Ўлимдан кейин ҳам инсон ўз онгига мос муҳитга киради. Ким Исо алайҳиссаломга ишонса, шу образлар намоён бўлади. Ким Буддага ишонса, ўша образлар пайдо бўлади. Реаллик — бу онг даражасидир.
Карма локада истаклар аста-секин сўнади. Жисмоний тана йўқлиги сабаб, хоҳишлар қондирилмайди ва вақт ўтиб, улар ўз-ўзидан йўқолади. Қанчалик инсон ҳаётда покроқ, материал, ўткинчи нарсаларга камроқ боғланган бўлса, бу жараён шунчалик енгил ва қисқа бўлади. Қанча кўп шаҳват, ҳирс, ҳасад, қўрқув бўлса, уларни мувозанатга келтириш шунчалик кўпроқ вақт олади. Охир-оқибат, охирги шахсий истак ҳам йўқолгач, астрал тана парчаланади ва онг руҳоний танага айланиб, Маънолар оламига чекинади.
Маънолар олами — бу насронийлар “жаннат” деб атаган ҳолатдир. Бу пок ақл, пок фикр, ижод ва нур оламидир. Деваник олам — инсоннинг энг юксак фикрлари, муҳаббатлари ва орзулари асосида қурилган, субъектив, лекин жуда реал оламдир.
Анубис образи ҳақиқий маънода учрашадиган худо эмас. У — ўлим жараёнининг рамзи бўлиб, юракни пар каби енгил қилишни ўргатади. Юрак — онгнинг ҳиссий воситасидир. Агар инсон ўлим пайтида қарамликлар, шаҳватлар, моддий боғланишлар билан тўла бўлса, унинг юраги оғир бўлади. Бу оғирлик астрал оламда намоён бўлади ва мувозанатга келишни қийинлаштиради.
Бу, дунёдан бутунлай воз кечиш керак дегани эмас. Инсон ҳам руҳий, ҳам моддий мавжудот. Моддий неъматларга эга бўлиш мумкин. Лекин юракни уларга боғлаб қўймаслик керак. Чунки жон ўлимдан кейин фақат ички нарсаларни — билим, англаш, руҳий алоқани олиб ўта олади. Шунинг учун жисмоний ҳаётдаёқ фикр ва ҳиссиётларни тарбиялаш, боғланишларни ечиш муҳим. Ана шунда тарози мувозанатга келади, руҳ озод бўлади ва паст поғоналардан юқорига кўтарилади.
Жаннат ва дўзах тушунчалари ҳам шу ерда пайдо бўлади. Астрал оламда қоронғу ҳолатлар ҳам бор. Агар инсон зулм, қотиллик, ёвуз истаклар билан яшаган бўлса, ўша тебранишга мос муҳитга киради. Шунинг учун Анубиснинг таълими оддий: истакларни енгил қил, қалбни покла, руҳни юксак нарсаларга боғла. Агар моддий истаклар устун бўлса, инсон яна моддий дунёга қайтишни истайди. Шу боис ҳақиқий ўзгариш ҳозир, жисмоний ҳаётда амалга оширилиши керак.
Comments
Post a Comment