Онг ости нима ва уни сўзлар қандай ўзгартириш мумкин?

Инсон айтган ҳар бир сўз онг остига берилган аниқ буйруқдир. Сўзлар онг остига нимага ишонишни, нимани ҳақиқат сифатида қабул қилишни тавсия қилади. Гап шундаки, сўзнинг кучи унинг қандай эшитилишида ёки “сеҳрли” товушида эмас. Ҳар бир сўз муайян тебранишдир. Бу тебраниш тананинг ҳар бир ҳужайрасига таъсир қилади. Лекин сўзнинг асосий таъсири онгни қайта шакллантиришдир

Сўзлар инсон онгининг ички тартибини ўзгартиради ва онг ичидаги энергияни ҳаракатга келтиради. Инсон ҳаёти — унинг онгининг ташқи аксидир. Ички дунё - эътиқодлар ва қарашлар ташқи дунёни шакллантиради. Инсон реалликни қандай кўрса, ҳаётни ҳам шу кўриш орқали яшайди. Агар реалликни ўзгартирмоқчи бўлсанг, аввало онгни қайта шакллантиришинг керак, чунки ташқи дунёда мажбурлаб қилинган ўзгариш барқарор бўлмайди.

Ҳозир сенинг ҳаётингдаги ҳолат — ўтмишда ўйланган фикрларнинг йиғиндисидир. Бу ерда тасодиф йўқ. Инсон нимани кўп ўйласа, ўша томонга ҳаракат қилади ва охир-оқибат шу ҳолатга келиб қолади. Шунинг учун фикрни бошқара олган одам, ўзини ҳам бошқара олади. Сўзлар эса фикрни қайта шакллантиришнинг энг оддий, бироқ энг таъсирли воситасидир.

Қайта-қайта айтилган сўз онг остига ўтади. Онг ости эса нимaга эътибор беришини, нимани ўйлашини белгилайди. Бу фикр ҳиссиётга айланади. Ҳиссиёт эса ҳаракатга куч беради. Ҳаракат - инсонни ва унинг ҳаётини шакллантиради. Шу занжирни англаган одам учун “ўзгариш” ташқаридан эмас, ички ҳолатдан бошланади.

Шу сабабли, агар инсон бирор ҳолатни тўхтатмоқчи бўлса, у ҳолат билан тил орқали курашиши шарт эмас. Масалан, “мен бундан воз кечаман” деган сўзнинг ўзи онг остида ўша нарсани яна қайта жонлантиради. Чунки онг ости инкорни ажратмайди — у фақат асосий сўзни олади. Шунинг учун тўхтатмоқчи бўлган нарсани эмас, эга бўлмоқчи бўлган ҳолатни айтиш, тил билан ифода қилиш керак. Масалан, “мен интизомлиман”, “мен барқарорман”, “мен иродалиман”. Ана шу сўз онгни қайта тарбия қилади.

Бу ишни маълум вақт ёки махсус пайт билан чеклаш шарт эмас. Қачон имконият бўлса, такрорлаш кифоя. Овоз чиқариб, бўлмаса — ичида. Мақсад — онгни секин-аста янги ҳолатга мослаштириш. Сўзлар шу маънода кучли: улар эътиқод тизимини ўзгартиради. Эътиқод ўзгарса, феъл-атвор ҳам, ҳаёт ҳам ўзгаради.

Бу ерда яна бир муҳим нуқта бор. Сўзлар фақат фикрни эмас, ҳиссиётни ҳам уйғотади. Қайта-қайта айтилган сўз, зикр ва дуо ичингизда муайян ҳолатни пайдо қилади, чунки фикр, ҳиссиёт ва ҳаракат яратишнинг уч босқичи ҳисобланади. Ҳиссиёт — ҳаракатдаги энергия. Инсон бир ҳолатни аввал ҳис қила бошласа, унга мос ҳаёт ҳам аста-секин шакллана бошлайди. Бу “сеҳр” эмас. Бу — онгни қайта дастурлаш, тескари муҳандислик.

Агар инсон ичида тартиб бўлмаса, ҳиссиётлар бошқарилмаса, фикрлар тарқоқ бўлса, ташқи ҳаёт ҳам шу ҳолатни акс эттиради. Шунинг учун масала ташқи шароитни ўзгартиришда эмас, онгни қайта қуришдадир. Сўзлар эса бу вазифа учун энг самарали воситадир.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ