Нол-Қатлам Космологияси: Онгли Субквант Ахборот Майдонидан Инсон Онгигaча
Ҳақиқатнинг энг чуқур пойдеворига назар ташласак, материядан ва ҳатто квант майдонларидан ҳам олдинроқ мавжуд бўлган бир асосий қатлам ҳақида ўйлашга мажбур бўламиз. Буни биз Нол Қатлам деб атаймиз. Нол Қатлам — субквант ахборот майдонидир, яъни квант даражасидан ҳам чуқурроқ бўлган, барча тузилиш имкониятларини, қонунларни ва фундаментал константаларни ўз ичида сақловчи ибтидоий ахборот-субстрат. Бу тушунча онтологик позициядир: материя шакл олишидан олдин унинг қандай шаклланиши мумкинлиги ҳақидаги потенциал мавжуд бўлиши шарт. Бу ерда антропоморфик идрок эмас, балки ахборотнинг ўзини-ўзи ташкил қилишга мойил қонунли динамикаси назарда тутилади.
Замонавий физика квант майдонларини реалликнинг асосий сатҳи сифатида тасвирлайди. Заррачалар эса ушбу майдонлардаги локал қўзғалишлар — энергетик тебранишлардир. Бироқ майдонлар нега айнан шундай хусусиятларга эга эканини, заряд нега муайян қийматда эканини ёки константалар нега ўзгармаслигини физика онтологик жиҳатдан асослаб бермайди; у жараённи ҳисоблайди, лекин ибтидоий манбани таърифламайди. Нол Қатлам модели шу нуқтада чуқурлашади: квант майдонлари - "онгли" субквант ахборот майдонининг илк физик намоён бўлишидир. Яъни ахборот энергия шаклига айланади ва структура сифатида ифодаланади.
Космологик миқёсда бу жараён Буюк Портлаш деб аталадиган босқичда намоён бўлади. Бу “йўқдан пайдо бўлиш” эмас, балки юқори симметрик ҳолатдаги потенциал ахборотнинг дифференциацияси, яъни симметрия бузилиши орқали структуралашуви, шаклга киришидир. Фундаментал кучларнинг ажралиши потенциал, кодланган имкониятларнинг босқичма-босқич очилишига мос келади. Илк квант флуктуациялар - тебранишлар кейинчалик галактикалар ва юлдузлар шаклланиши учун уруғ вазифасини бажаради. Юлдузлардаги ядровий синтез орқали оғир элементлар ҳосил бўлади ва ахборотий потенциал янада мураккаб конфигурацияларга ўтади.
Заррачалар квант майдонларидаги тебраниш сифатида намоён бўлар экан, атомлар энергиянинг барқарор ва нисбатан зичлашган ҳолати сифатида шаклланади. Молекулалар эса атомлар ўртасидаги қонунли боғланиш натижасида ҳосил бўлган барқарор ахборот конфигурацияларидир. Шу ерда структура фақат мавжудлик эмас, балки функционал мувофиқлик касб этади. Мураккаблик ортиши билан интеграцияланган ахборот даражаси ҳам ошади ва тизим ички тартибни сақлаш қобилиятига эга бўлади.
Органик кимё босқичида молекулалар ўз-ўзини ташкил қилиш хусусиятини намоён қилади. Биология шу ердан бошланади. Тирик ҳужайра — бу мураккаб интеграцияланган ахборот тизими бўлиб, у ўзини сақлайди, ўзгартиради ва муҳитга мослашади. Тескари алоқа механизмлари орқали тизим ўз ҳолатини барқарорлаштиради. Демак, ахборот бу босқичда фақат статик структура эмас, балки динамик ва ўз-ўзини тартибга солувчи жараёндир.
Эволюция бу нуқтаи назардан тасодифий сакраш эмас, балки ахборотий потенциалнинг қонунли очилишидир. Табиий танланиш барқарор конфигурацияларни сақлаб қолувчи филтр сифатида ишлайди. Мураккаблик ортган сари интеграция чуқурлашади ва тизим ўз ичида кўпроқ боғлиқлик ҳосил қилади.
Субквант даражадаги онг субъектив тажриба эмас; у ҳолатлар ўртасида структуравий фарқни сақлай оладиган ва барқарор конфигурацияга мойил интеграцияланган ибтидоий ахборот потенциалидир. Бу феноменал идрок эмас, балки ахборотнинг қонунли тарзда ўзини-ўзи ташкил қилиши ва структура ҳосил қилиш қобилиятидир. Бошқача айтганда, бу протo-онглилик — интеграциянинг ибтидоий қобилияти. Онгнинг сифат жиҳатидан чуқурлашиши интеграция рекурсив тус олганда, яъни тизим нафақат ахборотни бирлаштирганда, балки ўзининг интеграция жараёнини ҳам моделлай олганда юзага келади.
Асаб тизими интеграция тезлигини ва миқёсини кескин оширади. Мия — юқори зичликда интеграцияланган ахборот архитектурасидир. Бироқ мия онгни яратмайди; у чуқур ахборотий асосни юқори даражада намоён қилади. Онг “пайдо бўлмайди”, балки мураккаблик ортиши билан очилади. Инсон эса рекурсив интеграция чўққиси ҳисобланади: бу босқичда тизим ўз-ўзини моделлайди ва ўз ҳолатини англайди.
Шу тариқа водород атомидан инсон онгигача бўлган занжирда онтологик узилиш йўқ. Фарқ турда эмас, балки интеграция чуқурлигида. Материя ва онг қарама-қарши эмас; улар бир хил онгли субквант ахборот майдонининг турли даражадаги намоёнларидир. Ахборот майдон сифатида ифодаланади, майдон қўзғалишга айланади, қўзғалиш структура ҳосил қилади, структура конфигурацияга ўтади, конфигурация интеграцияни чуқурлаштиради ва интеграция рекурсив англашгача етади. Инсон онги эса шу узлуксиз очилиш жараёнининг ҳозирги энг юқори рекурсив ифодасидир.
Comments
Post a Comment