Нафс Тарбияси Ҳақида

Инсонлар ўзларини мантиқий мавжудот деб ўйлашни яхши кўрадилар, лекин амалда уларни ҳаракатга келтирадиган нарса — ҳис-туйғу. Қорин очса, ҳаракат қилади. Шаҳват қўзғалса, ҳаракат қилади. Қўрқув туғилса, қочади ёки ҳужум қилади. Эмоция — ҳаракатнинг муҳаррики. Фикр эса кўпинча аллақачон қабул қилинган ички қарорга изоҳ беради. Одам аввало ҳис қилади, кейин ўша ҳисни оқлаш учун фикр тузади.

Кўпчилик инсонлар ҳаёти нафснинг асосий истаклари атрофида айланади: жинсий қониқиш, роҳат, мақом, эътибор, эго. Уларнинг бутун реаллиги шу импулсларни қондириш орқали шаклланади. Улар эркин деб ўйлайди, лекин аслида ички ҳайвоний дастурлар бошқарувида яшайдилар. Шунинг учун уларнинг қарорлари онгли эмас, реактивдир.

Лекин инсон фақат ҳайвон эмас. Унда юқори қават — акл ва руҳга яқин идрок мавжуд. Масала нафсни йўқ қилишда эмас, балки уни эгаллашда. Ҳайвонни инкор қилиш эмас, уни жиловлаш керак. Агар инсон ўз импулсларини кузата олса, уларга дарҳол бўйсунмаса, у оралиқ яратади — ҳис билан амал ўртасида масофа. Ана шу масофада онгли танлов пайдо бўлади.

Ҳайвоний истаклар устидан туриш — уларни босиш эмас, балки уларни бошқариш. Қадимги ҳикматларда от ва суворий мисоли бекор келтирилмаган: от кучли, лекин йўналишсиз; суворий эса йўлни билади. Агар от бошқарса — инсон тушади. Агар суворий бошқарса — манзилга етади. Нафс — қувват; акл — йўналиш.

Қачонки инсон паст импулсларни жиловласа, энергия йўқолмайди — йўналиши ўзгаради. Шаҳват ва роҳат ортидан қувиш ўрнини мақсад, ижод, маъно излаш эгаллайди. Қуйи эҳтиёжлар тинчланганда, юқори истаклар уйғонади. Ижодкорлик шаҳват ўрнини босади. Мақсад импулс ўрнини босади. Инсон реактив мавжудотдан онгли яратувчига айланади.

Ҳис-туйғу барибир ҳаракат муҳаррики бўлиб қолади. Лекин у ҳайвоний эмас, руҳий қаватга кўтарилганда, инсоннинг бутун реаллиги ўзгаради. Паст истаклар ҳукмрон бўлганда — инсон истеъмолчи. Юқори истаклар уйғонганда — инсон яратувчи.

Comments

Popular posts from this blog

АЛЛОҲНИНГ АЛ-ЛАТИФ ИСМИ ВА МАЪНОСИ

Инсон онгидаги туб инқилоб ҳақида

ҲАҚИҚИЙ ТАВҲИД ВА ЯГОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИ